Дунёда коронавирус сабабли вазият тобора кескинлашиб бормоқда. Инсониятнинг ярмидан кўпи уйда изоляцияда. Мамлакатимизда ҳам касалланганлар сони ортиб бораётгани ҳар биримиздан ўз саломатлигимизни асрашда янада кучли интизом, хушёрлик, масъулият талаб этади. Коронавирусдан ҳимояланишнинг энг асосий қоидалари — уйда қолиш, мулоқотдан чекланиш, шахсий гигиенага амал қилиш, ўта зарур ҳолларда кўчага чиққанда ниқоб тақиш, ҳеч ким билан қўл бериб кўришмаслик, қўлларни тез-тез ювишдир. Булар қатори коронавирус юқишининг олдини олиш бўйича бир қатор муқобил ёндашувлар ҳам мавжуд. Айниқса, бу жараёнда соғлом турмуш тарзи, тўғри овқатланиш, руҳий мувозанатни сақлаш ниҳоятда муҳим.
Халқ табобатида қандай ечим бор?
Айни кунда турли манбаларда коронавирусни юқтириб олмаслик учун саримсоқпиёз ейиш керак экан, лимон томоқдаги вирусни ўлдираркан, исириқ ҳаво томчи орқали юқувчи касалликларни бартараф этаркан, деган гаплар пайдо бўлмоқда. Хўш, бу фикрлар қай даражада тўғри, умуман, халқ табобатида вирусли инфекциялардан ҳимояланишда қандай тавсиялар берилади? Қуйида ушбу мавзуда бир қатор мутахассисларнинг фикр-мулоҳазалари билан танишамиз.
Шоҳида СУЛТОНОВА, биология фанлари номзоди:
— Буюк аждодимиз Абу Али ибн Сино юқумли касалликларни даволашда ошловчи ва антисептик ҳусусиятларга эга бўлган гиёҳлардан кенг фойдаланган. Хусусан, қадимдан қондаги вирус ва заҳарли хилтларни тозалашда парманчак томири ҳамда қалампирмунчоқ қайнатмаси ишлатилган. Қалампирмунчоқ ноёб ва қимматбаҳо ҳисобланиб, уни ҳар куни оғзига солиб юриш турли юқумли касалликлар ёки ёқимсиз хидлардан сақлаган. Қалампирмунчоқда кучли антисептик моддалар мавжудлиги сабабли вирусларни ўлдириш ҳусусиятига эга. Бу ўсимликдан узоқ сафарларда озуқалар айнимаслиги учун қўлланилган. У шамоллаш ва гриппда фойдали. Шу боис момоларимиз уни чойга 4-5 донадан солиб ичишган. Саримсоқпиёз, пиёз, занжабил, зирк, ўсма кабилардан ҳам халқ табобатида вирусларга қарши фойдаланилган.
Лимон иммунитетни кўтаради, унда тириштирувчи ва ошловчи моддаларнинг юқорилиги туфайли қондаги хилт ва вирусларни тозаловчи хусусиятга эга. Лимон ичак каналлари ва майда тўқималардаги хилтларни ҳайдайди, қон айланиш тизимини яхшилайди. Натижада иштаҳа очилади, овқат ҳазм қилиш тизими меъёрига тушиб иммунитет ошади. Занжабил ҳам худди шундай таъсир кўрсатади. У бундан ташқари қиздирувчи хусусияти ҳам эга. Биологик қувватни ошириб танани физиологик жиҳатдан фаоллаштиради. Ўсма таркибидаги антисептик моддалар вирусларни ўлдириш билан бирга иситмани даф қилади. Бундай хусусият хинада ҳам бор.
Қадимда юқумли касалликларнинг вируслардан ҳимояланиш учун антибактериал воситалар ҳисобланган исириқ, арча, бамбук ва қарағай шохларини тутатишган. Исириқ таркибида антисептик моддалар мавжуд. Шунингдек арча ва қарағай баргларида ҳам эфир мойининг кучлилиги ва улар ёқилганда заҳарни даф қилувчи моддалар пайдо бўлиши фанда ҳам аниқланган.
Бу воситалардан фойдаланиш бизга коронавирусдан ҳимояланишда қўшимча ёрдамчи бўлади, бироқ асосий ечим эмас. Сабаби, коронавирус энг кичик бактериядан ҳам юз маротаба кичик бўлиб, унинг ҳаво орқали тарқалиши ва юқиши хавфи катта.
“Эрталаб ўзимга исириқ солганман, саримсоқпиёз еганман, менга коронавирус юқмайди”, деб кўчага чиқиш нотўғри.
Коронавирусдан ҳимояланишдаги асосий қоида уйда қолиш. Шу билан бирга, антисептик хусусиятга эга маҳсулотларни кўпроқ истеъмол қилиш тавсия қилинади.
Умида ҲОЛИҚОВА, шифокор-реабилитолог:
–Коронавируснинг хавфи ҳали унга қарши вакцина яратилмагани ва уни даволовчи дорининг йўқлиги билан изоҳланади. Бироқ бу ваҳимага тушишга сабаб бўлмаслиги керак, ҳозирча вакцина ёки дори йўқдир, аммо ҳар бир инсоннинг табиий ҳимоя воситаси иммунитети бор.
Дунёда олиб борилган кузатувларда маълум бўлдики, коронавируснинг COVID-19 деб аталувчи янги тури юққанда аввало иммунитети паст одамларда оғир кечади. Юқори иммунитет вирусларга қарши курашиш қобилиятига эга. Шунинг учун ҳам коронавирусга чалинганларнинг аксарияти соғайиб кетмоқда.
Иммун тизими бактерия, вирус, замбуруғ, аллерген, токсин ва бошқа ёт омил ёки ҳужайралар билан самарали курашиши учун биз ҳам унга ёрдам беришимиз лозим. Нотўғри овқатланиш, стресс, камҳаракатлик, чекиш, ичиш, сурункали уйқу етишмовчилиги, антибиотикларни тартибсиз ичиш иммунитет пасайишига олиб келади. Иммунитетни дори истеъмол қилиш орқали ошириб бўлмайди. Бу инсоннинг ўзини асраш борасида тинимсиз меҳнат маҳсули.
Иммунитетни оширишдаги дастлабки қадам — соғлом овқатланишдир.
Ўзбекистон нотўғри овқатланганлик туфайли юқори ўлим даражаси рейтингида 1-ўринда туради. Бу ниҳоятда ачинарли ҳолат. Мамлакатимизда хамирли, шакарли, ёғли овқатлар кўп истеъмол қилиниши, эрталабки ошлар, нонни иссиқ ҳолда тановул қилишни хуш кўришимиз, кўчадан овқатланиш, тез тайёр бўлувчи овқатларнинг оммалашиши муаммоларни келтириб чиқармоқда. Бироқ бу масалага “Ўлдирса ҳам ош ўлдирсин”, деган маънода панжа ортидан қараб бўлмайди.
Аввало, рациондаги шакар, тўйинган ёғлар, ун маҳсулотлари, тузни чеклашимиз керак, фаст-фуд, консервантларга бой, дудланган озиқ-овқатлардан воз кечишимиз зарур. Уларнинг ўрнига мева-сабзовотлар, сут ва балиқ маҳсулотларини истеъмол қилиш мақсадга мувофиқ. Айниқса, А, С ва Е витаминларга бой мева ва сабзавотларнинг иммун тизимини яхши ишлашини таъминлашда аҳамияти катта. Бу витаминлар мевалардан апельсин, лимон, олма, киви, сабзавотлардан карам, пиёз, саримсоқпиёз, сабзи, қизил булғор қалампири, кўкатлардан петрушка, арпабодиён, наъматак мевалари ва занжабилда кўп. Ҳозирги шароитда профилактика мақсадида занжабил, саримсоқпиёздан фойдаланиш мумкин. Занжабилни тўғраб, лимон қўшиб дамланади. Иммунитетни кўтариш учун бу аралашма илиқ холда, таъбга кўра асал солиб кун давомида 3-4 марта ичилади. Саримсоқпиёз ва пиёз таркибидаги фитонцидлар микробларни ўлдириш хусусиятига эга. Хом ҳолда меъёрда истеъмол қилиш фойдали.
Шунингдек, стресс — организм хаддан ташқари руҳий зўриқиши иммун тизимига сусайтирувчи таъсир кўрсатади. Руҳий чарчоқ туфайли инсон миясидаги асаб ҳужайралари ўлиб боради, гормонал бузилишлар юзага келади. Организмни соғлом овқатланиш, жисмоний фаоллик ва тўлақонли уйқу билан комплекс қўллаб саломатликка эришиш мумкин. Бундай инсонлар вирусли касалликка чалинса-да, касалликни енгил ўтказади ва тез оёққа туради.
Ижобий ҳислар – вирусга қарши ҳимоя
Бугунги кунда фикрнинг моддийлиги, тана саломатлиги руҳ сиҳати билан чамбарчас боғлиқлиги кўп тилга олинмоқда. Ҳаттоки ҳеч қандай дори-дармонсиз руҳий мувозанатга эришиш орқали саломатликни тиклаш мумкин.
Буюк аждодимиз Абу Али ибн Синонинг “Ваҳиманинг ўзи ярим касаллик, хотиржамлик ярим соғлиқ”, деган гапларида айнан шу жиҳат назарда тутилган. Айни кунда коронавирус тарқалиш хавфининг олдини олиш мақсадида жорий этилган карантин шароитида ҳам биздан ваҳимага тушмаслик, хотиржамликни сақлаш талаб этилмоқда. Ҳатто вирус ёмон кайфиятдаги одамга тезроқ юқиши исботланган.
Елена ШАРАФУТДИНОВА, ментал генетика бўйича мутахассис:
–Агар сиз коронавирус пандемияси сабабли тушкунликка тушсангиз, билингки, унинг тарқалишига туртки беришингиз эҳтимоли юқори бўлади. Кўнглингиздан фақат яхши ҳисларга ўрин берсангиз, режадан ташқари таътилни уйингизда, оилангиз бағрида ҳурсандлик билан ўтказсангиз, унинг чекинишига ҳисса қўшасиз. Қандай қилиб, дейсизми?
Олимларнинг аниқлашича, бошқа вируслар сингари COVID-19 коронавирусининг ҳам электромагнит контури ёпиқ тузилишга эга, резонанс частотаси тахминан 5,5–14,5 Гц.га тенг бўлган паст вибрацияли организмда намоён бўлади. Юқори диапазонда эса мавжуд бўлишига қарамасдан нофаол, 25,5 Гц ва ундан юқори диапазонда у ҳалок бўлади. Буни халқона тушунтирсак, хафа ва тушкун одамнинг организми паст вибрацияли ҳисобланади ва унга вирус юқиш эҳтимоли ошади. Юқори вибрацияларда, яъни доим хуш кайфиятда юрувчи инсон учун инфекция хавфли эмас.
Вирус табиатда, яъни инсон танасидан ташқарида ҳам узоқ яшамайди. Сабаби Ернинг ўртача частота резонанси 27.4 Гц.ни ташқил этади. Бироқ частота пасайган ўринлар мавжуд. Бундай геопатоген ҳудудларга шифохона, қамоқхона каби “аураси ёмон” жойларни киритиш мумкин. Шунча ҳимоя воситаларига қарамасдан шифокорларнинг коронавирусни юқтириб олаётганига ҳам бундай ҳудудларда вируснинг яшовчанлиги, юқувчанлигини мисол қилиб келтириш мумкин.
Эътиборлиси, биз ўз вибрация майдонимизни назорат қилиш имконига эгамиз. Бу орқали ўзимизни вирусдан ҳимоя қилишимиз мумкин. Маълумки, салбий ҳиссиётлар паст диапазонни келтириб чиқаради. Масалан, негатив ҳиссиётлар таъсирида қуйидагича вибрация кўрсаткичлари ҳосил бўлади: қайғу — 0,1–2 Гц, қўрқув — 0,2–2,2 Гц, хафачилик — 0,6–3,3 Гц, ғазаб — 0,9–3,8 Гц, нафрат — 0,6–1,9 Гц, жаҳл — 0,9 Гц, қаҳр — 0,5 Гц, алам — 1,4 Гц, такаббурлик — 0,8 Гц, менсимаслик — 1,5 Гц, манманлик — 1,9 Гц.
Хайрли, эзгу ҳолат ва ижобий ҳиссиётлар эса юқори диапазондаги вибрацияни ҳосил қилади. Олижаноблик ва мурувват — 95 Гц, миннатдорлик — 45 Гц, кўнгил хотиржамлиги —140 Гц, меҳр ва дўстлик — 154 Гц, ҳамдардлик — 150 Гц, муҳаббат — 205 Гц ва ундан юқори шаклда намоён бўлади.
Биз онгу шууримиздан фақат яхши фикрларни ўтказиб, ёмон хаёлларни ҳайдаб, кўнглимизда фақат эзгу ҳисларга жой берсак, атрофга меҳр-муҳабат билан қараб, шукроналикни ҳис қилсак, ўз-ўзидан атрофимизда бизни турли вируслардан ҳимояловчи юқори диапазондаги вибрация ҳосил бўлади. Салбий ҳислар эса касалликка чалиниш эҳтимолини оширади. Шундай экан, асло тушкунликка тушманг!
Хулоса ўрнида айтиш лозимки, ўзимизнинг, қолаверса, яқинларимизнинг, бутун халқимизнинг соғлиғи — қўлимизда. Коронавирусни биз қатъий интизом, ишонч, тоза қўллар ва соф виждон билан енгиб ўтамиз.
Санобар ЖУМАНОВА