Тошкентда коронавирусли беморларни даволаётган вирусолог муҳим саволларга жавоб берди (интервью)

Ҳозир дунё мамлакатларини бир муаммо ўйлантиряпти – коронавирус (COVID-19) инфекциясига қарши қандай курашиш, вирус тарқалишини қандай тўхтатиш, жаҳон миқёсидаги пандемия оқибатларини қандай юмшатиш масаласи. Айни пайтда Ўзбекистонда ҳам карантин давом этмоқда. Аҳолимизда тиббиётга номаълум бўлган янги вирусли касаллик ҳақида саволлар жуда кўп. Шу муносабат билан Республика вирусология илмий-текшириш институти бош шифокори, тиббиёт фанлари доктори Муҳайё Асилова билан телефон орқали мулоқот қилдик. У manzur.uz cайти мухлисларининг коронавирус инфекцияси билан боғлиқ қатор саволларига жавоб берди.

–Бугунги кунда Ўзбекистондаги барча шифокорлар, айиқса вирусологлар замонамиз қаҳрамонлари ҳисобланасизлар. Шу пайтгача ўнлаб беморларни даволаб, соғлом ҳаётга қайтардингиз. Сиз шу жараёнда фаолият олиб бораётган шифокор сифатида бизга номаълум, ҳали ҳеч ким тушунмаётган янги касаллик ҳақида нималарни гапириб бера оласиз? Беморларда асосан қандай аломатлар кўзга ташланади? Амалиётда нималарни кузатяпсиз?

–Бизлардаги беморларда ич кетиши, бурун оқиши, тана ҳароратининг кўтарилиши, таъм сезмаслик, ҳид сезмаслик кўпроқ кузатиляпти. Коронавирус – Covid-19 кечиши бўйича турлича бўлади: енгил тури, ўрта оғир ва оғир тури мавжуд. Кўпчилик беморлар касалликнинг енгил турида клиник аломатлар яққол сезилмагани учун ўзининг касалланганлигига ишонмайди. “Таҳлил нотўғри чиқиб қолган, мен касал эмасман” дейди ва ўзига бепарволик қилиб, совуқ сув ичади, салқин ҳавода деразаларни ҳам очиб қўяди. Бунда касалликка бошқа инфекция қўшилиши оқибатида бемор аҳволининг оғирлашиши юзага келади. Унинг кўкрак қафасида оғирлик, ҳаво етишмаслиги, нафас сиқилиши каби белгилар пайдо бўлади. Булар пневмония белгиларидир.

Ҳозир бизнинг асосий вазифамиз – беморни эрта аниқлаб, тезкорлик билан шифохонага ётқизиш ва ўз вақтида даволаш. Шунда касаллик асоратсиз тез ўтиб кетади. Аммо айрим беморлар кеч келяпти. Шундайларда инфекция ўпкага ўтганини кузатишимиз мумкин.

Бизда 112 нафар бемор бор эди. Улар орасидан кеча соғайган 19 нафар кишини реабилитацияга кузатдик. Улар орасида ўзимизнинг ҳамшираларимиз ҳам бор. Улардан бири ҳамроқ касалликлари бўлгани учун касалликни оғирроқ ўтказди.

Кимнинг организмида сурункали хасталиклар бўлса, ортиқча вазни кўпроқ бўлиб, астма, гипертония, қандли диабет каби хасталиклари, юракда, ўпкада қанақадир муаммолари бўлса ёки олдин ҳам бир неча марта пневмония ўтказган беморларда коронавирус касаллиги оғирроқ ўтади.

–Бизда ҳозирги кунда ўпкани вентиляция қилиш ускунлари етарлими? Республика вирусология илмий-текшириш институтида нечтаси бор?

–Бугунги кунда ўпкани вентиляция қилиш ускуналари беморларимизга бемалол  етиб турибди. Шифохонамизнинг жонлантириш бўлими 8 киши учун мўлжалланган бўлса, бизда ҳозир 12 та аппарат бор. Айни айтда 6 нафар бемор шу аппаратга уланган. Беморларда нафас етишмовчилиги бошланганда уларни вентиляцион ускунага улаб, сунъий нафасга ўтказамиз, бир неча кун давомида улар кузатувда бўлишади. Беморнинг нафас олиши изга тушиб кетиши билан аппаратдан бўшатамиз.

–Коронавирус билан касалланган беморларнинг парҳезида бирон чекловлар бўладими йўқми?

–Йўқ, овқатланишда чекловлар йўқ. Аксинча бу касаллик иммунитет билан боғлиқ бўлгани учун беморлар яхши овқатланиши керак. Биз калорияси яхши бўлган бақувват овқатланишни, ҳўл мевалар, сабзавотлар, витаминга бой таомларни истеъмол қилишни маслаҳат берамиз.

–Инфекциянинг тиббиёт ходимларига юқиш ҳолатлари ҳам кузатиляпти. Коронавирусдан сақланиш бўйича шифокор ва ҳамшираларга қандай маслаҳатлар берасиз?

–Тиббиёт ходимларини вирусдан сақловчи махсус жамланмаси бор. Бу махсус комбинезон, қўлқоп, бошга ва юзга кийиладиган ниқоб, кўзойнак ва бошқалар. Уларни кийиш ва ечишда ҳам қатъий талаблар мавжуд. Масалан ечаётганда ходим қўлини юзига, сочига теккизмаслиги керак. Айниқса қўлини эҳтиётлаши шарт. Ечиб бўлгандан кейин қўлини яхшилаб совун ва бошқа махсус эритмалар билан ювиб, кейин ўзининг кийимларини кийиши мумкин. Махсус кийим қисмларини ҳаммасини босқичма босқич тартиби билан ечиш лозим. Шу талабларни бажарса вирусдан ҳимояланган бўлади.

–Махсус кийимларчи, улар ҳам дезинфекция қилинадими?

–Ҳамма махсус кийимлар бир марта ишлатилади. Улар бир марта кийилгандан кейин ташлаб юборилади. Кейинги сафар ишга чиққанда янги махсус кийим кийилади.

–Чет эл тиббиётини ҳам кузатиб боряпмиз. Хабарларда беморларни кўз қизаришидан билиб олиш мумкин дейишяпти. Шу ростми?

–Албатта, ҳамма вирусларда, оддий гриппда, аденовирус, ротавирусларда ҳам, коронавирусда ҳам айрим беморларда кўз шиллиқ қаватларининг қизариши, бурун оқиши, бутун танасида ҳолсизлик, баданнинг қақшаб оғриши кузатилади.

–Тузалгандан кейин ҳам қандайдир асоратлари қолиши мумкинми?

–Агар касаллик ўз вақтида аниқланиб, яхши даволанса ҳеч қанақа асоратга сабаб бўлмайди. Коронавируснинг асосий асорати – ўпка тўқималарининг фиброзга учраши. Касалликнинг жуда оғир формаларида, бемор узоқ ётса, ҳар бир қийналиб олинган нафас учун ўпкада фиброзлар (чадиқ) пайдо бўлиши мумкин. Қон айланишида ҳам баъзи муаммолар юзага келади. Албатта, касалликни бу даражага олиб бориш мумкинмас. Бундай асоратлар хасталикнинг жуда ҳам оғир туридан чиққан беморларда кузатилиши мумкин.

–Коронавирусдан сақланиш бўйича юртдошларимизга қандай тавсиялар берасиз?

–Асосийси шуки, биринчидан уйда ўтиришсин. Бизлар ҳам мана, бир ойдан бери, яъни 15 мартдан буён ишдамиз. Жудаям илтимос қилардим, иложи борича уйдан чиқишмасин. Биз ҳам уйимизга борайлик! Ҳаммаси одамларнинг ўзига боғлиқ, агарда айтилган гапларни қилиб, ўз вақтида қўлларини тозалаб ювиб туришса, бу вирусдан, албатта қутуламиз.

Манзура БЕКЖОНОВА суҳбатлашди

Диққат! Агар сиз сайтда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб Ctrl+Enterтугмасини босинг.

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: