Демак, мутахассиснинг фикрлари билан танишамиз:
«Бизнинг шифохонамиз COVID-19 билан зарарланган Нью-Йоркдаги барча беморларнинг тахминан 20 фоизини қабул қилади. Менинг вазифам беморларни сунъий ўпка вентиляцияси (ИВЛ) аппаратига жойлаш ва ўз вақтида уларни у ердан чиқаришдан иборат.
Менинг асосий мақсадим — беморни қўрқитиш эмас, балки ундаги қўрқувни камайтириш ва ўзига бўлган ишончини ошириш. Нутқим давомида озгина ҳиссиётга берилишим мумкин, аммо бу мен қўрқаётганимни эмас, аксинча, яқиндан бери қўрқмай қўйганимни англатади.
Касалхонамизда турли хил операциялар амалга оширилади, шу жумладан, юрак жарроҳлиги, органларни трансплантация қилиш. Бироқ ҳозир биз барчамиз деярли 100% COVID-19 билан касалланган беморларни даволаш билан бандмиз. Шахсан ўзим кун бўйи COVID билан зарарланган беморлар билан ишлайман. Биз ҳар куни вирус ҳақида янги нарсаларни ўрганамиз: кундан-кунга унинг қандай хусусиятларга эга эканлиги ҳақидаги маълумотларни билиб борамиз.
Ушбу вируснинг ўзига хослиги унинг инсон танасига таниш эмаслигидадир. Биз аниқ биладиган нарса, CОВИД-19га чалинган беморларнинг аксариятида турли хил интенсивликдаги учта аломат учрайди: иситма, йўтал ва томоқ оғриғи. Касаллик 5-6 кундан 14 кунгача давом этиши мумкин».
COVID-19ни қандай юқтириб олишади?
Бунинг катта қисми инфекцияланган одам ёки инкубация даврида бўлганлар билан узоқ муддатли алоқа туфайлидир. Инфекцияларнинг деярли 99,9 фоизи қўл билан кўришиш ва инфекцияланган қўл билан юз, кўз, бурун ёки оғизга тегиниш натижасида юзага келади. Ҳаво орқали ҳам инфекцияни юқтириш мумкин, аммо ҳозирги пайтда кузатишлар шуни кўрсатадики, ушбу усул билан сиз вирусни фақат инфекцияга учраган инсон билан яқин масофада, яъни 15-30 дақиқа давомида бирга бўлишингиз оқибатида юқади. Лекин, яна бир бор такрорлайман: зарарланишларнинг аксарияти аниқ жисмоний алоқа (қўл билан кўришиш) ва юз (ва бошқа аъзолар)га тегиш орқали содир бўлади.
Бу жуда муҳим вазият.
Бу бизга катта далда беради. Нима учун? «Чунки, биз вируснинг бизга қандай ўтиши мумкинлигини аниқ биламиз». Мен ҳар куни кўп миқдордаги COVID-19 касаллари бўлган шифохонада бўламан ва касал бўлмаслигимга аминман, чунки бу вирусни яъни давомий кетма-кетликни тушунаман, ўзимни қандай тутишни биламан.
Инфекцияни юқтирмаслик учун нима қилиш керак?
1. Энг асосийси, қўлларингизни назорат қилиш ва уларнинг тоза эканлигини доимo кузатиб бориш. Доимий равишда санитайзер(антисептик восита)дан фойдаланиш керак. Лифтга кириб, тугмачани босдингизми — санитайзер, қандайдир эшикни очдингизми — санитайзер. Агар санитайзерингиз бўлмаса, барча ҳаракатларни тирсак билан бажаринг. Ҳар сафар бошқа одамлар тегиши мумкин бўлган сиртларни дезинфекция қилиш керак.
2. Иккинчи муҳим нарса — қўлларингиз билан юзингизга тегмаслик, буни онгли равишда кузатиб бориш шарт. Биз ҳар доим ҳам юзимизга тегиб турамиз, ҳатто буни сезмаймиз. Статистикага кўра, одам ўзи англамаган ҳолда юзига кунига 90 марта тегади. COVID-19 касалига чалинган инсон билан билмаган ҳолда қўл билан саломлашдингиз ва кейин юзингизга қўл билан тегдингизми? Тамом! Сиз ҳам касал бўлдингиз!
Тиббий маданиятни қандай оширишимиз ва ўзимизни қандай қилиб тарбиялашимиз керак?
Бунинг усулларидан бири ниқоб тақишни бошлашдир. Гап шундаки, бу сизни инфекциядан ҳимоя қилади (кўп ҳолларда ҳаво орқали ҳам юқтириш мумкин), яъни юзингизга тегмасликни ўргатади. Бу ҳар қандай ниқоб бўлиши мумкин (шунчаки юзингизга шарф боғлаб қўйишингиз ҳам мумкин) — бу сизга машғулот ускунаси(тренажёр) сифатида ишлайди. Юзингизда ниқоб бўлса, шунчаки юзингизга тегишни тўхтатасиз.
Шунинг учун оддий маслаҳат: уйдан чиқаётганда, ниқоб тақинг.
Ушбу иккита жараён: қўлларингизни тоза тутиш ва юзингизга тегмасликни ўрганиш, ўзингизни ҳимоя қилишнинг ажойиб усуллари саналади.
Улар 99,9% ҳолларда самарали бўлади. Албатта, 0,01% беморлар ғалати тарзда вирусни юқтириб олишган ва биз бу қандай содир бўлганлигини ҳеч қачон билмаймиз, лекин ўзингизни ва яқинларингизни ҳимоя қилиш учун юқоридаги иккита нарсани амалда қўллаш кифоя.
3. Учинчидан — сизга респиратор керак эмас.Касалхонада бемор билан хонада бўлганимда респиратор кияман ва биз беморнинг йўталишига олиб келадиган махсус шилимшиқни олиб ташлаймиз. Қолган вақтларда мен оддий ниқоб тақаман. Гонконг ва Сингапурда ушбу қоидаларга риоя қилиш (беморлар билан одатий муносабатда бўлганда жарроҳлик ниқобини кийиш ва махсус даволаш жараёнларида респираторни кийиш) тиббий ходимлар орасида касалликка чалинишга олиб келмади. Ҳа, Нью-Йорк клиникаларининг тиббий ходимларидан кимдир касал бўлиб қолди, аммо бу ҳимоя воситаларининг йўқлиги билан боғлиқ. Терапевтлар 15 дақиқадан кўпроқ вақт давомида беморлар билан алоқа қилишган, тиббий намуна олишган ва ҳоказо. Ҳозир шифохонамизда тиббий ходимлар орасида бирорта ҳам касаллик юқтирганлар қайд этилмади. Оддий шароитларда: кўчада, дўконда ва бошқа масканларда респиратор керак эмас.
4. Тўртинчиси — ижтимоий масофа. Бир-бирингиздан 1,5-2 метр масофада туринг. Буни қилиш жуда қийин иш эмас. Оддий қоида, аммо жуда фойдали. Дорихонага ёки дўконга борганингизда, навбатда турган одамнинг орқасида туришингиз шарт эмас. Ундан бир неча қадам нарида туринг.
Атрофингиздаги оламдан қўрқманг
Агар сиз ушбу тўртта оддий қоидани тушуниб, тўғри қабул қилсангиз, қўрқув йўқолади. Ташқи дунёдан қўрқманг, қўшнингиздан қўрқманг. Назаримда, ушбу тўртта қоидани билиш эркинлик ҳиссини беради. Ахир, дўконларда, почта бўлимида, банкларда ва ҳоказоларда ишлаш учун қолган одамлар (улар касал бўлиш хавфи юқори бўлганлар тоифасида), душман сифатида қабул қилинади. Сиз юқтиришнинг ягона усули — ифлос қўлларингизни юзингизга тегизганингизда ёки касал одам билан узоқ вақт муносабатда бўлишда. Буни англаб етсангиз, кераксиз қўрқувни йўқ қилади, сизга улкан енгиллик беради. Дўконларда ишлайдиган ва уйингизга озиқ-овқат маҳсулотларини етказиб берадиган одамлар душман эмас, балки қаҳрамонлардир.
Агар касал бўлиб қолсангиз, нима қилиш керак?
Агар сизда иситма кузатилса, ўзингизни бошқа оила аъзолардан ажратинг. Оила аъзоларингизнинг барчаси уй шароитида тўртта қоидага амал қилишни бошлашлари керак. Иложи бўлса, беморни алоҳида хонага жойлаштиринг. Агар бемор ўз хонасидан чиқиши керак бўлса, масалан, овқатланиш учун. Аввал қўлларини ювиши ва ниқоб тақиши лозим. Кейин, овқатдан сўнг, у тегиб кетган барча юзалар дезинфекция қилиниши керак. Узоқ муддатли муносабатни ўрнатмаслик жуда муҳимдир.
Шунинг учун касал қариндошингиз билан бир квартирада бўлишдан қўрқманг — шунчаки мана шу оддий тавсияларга амал қилинг. Ушбу вазият бўйича иккита истисно мавжуд: агар сизнинг оилангизда кекса инсон ёки яқинда кимёвий терапия муолажаларини олган киши бўлса, у учун бемор билан алоқани мутлақо чеклаш зарур ва уни алоҳида хонага ажратиб қўйган яхшироқ. Аммо, агар бунинг имкони бўлмаса, унда бу одамнинг бемордан ҳоли бўлишини доимий кузатиб бориш керак.
Беморлар томонидан тез-тез бериладиган саволлар:
Касалхонага қачон бориш керак? Ягона жавоб — нафас олишда қийинчилик бўлса.
Биз нафас олиш билан боғлиқ муаммолар бўлмаганлиги сабабли шифохонамизга мурожаат қилиб келган кўплаб одамларга жавоб бериб юборамиз. Кўпинча, 3-4 кундан кейин улар ўзларини яхши ҳис қилишади. Нафас олишда қийинчиликка учраганларнинг кўпи стационарга юборилади ва 5-7 кундан кейин уйга қайтишади. COVID-19 бўйича мурожаат билан келганларнинг атиги 10%ида вирус аниқланади. 1-3% ҳолатда беморлар сунъий ўпка вентиляцияси (ИВЛ) аппаратига муҳтож. Сунъий вентиляцияга жойланганларнинг аксарияти 7-10 кун ичида тикланади.
Дезинфекциялаш воситалари ҳақида
COVID-19 ҳар қандай дезинфекциялаш воситаларидан ўлади. Бу учун кичик бир томчи дезинфекциялаш воситаси зарур.
Дўкондан олиб келинган маҳсулотларни дезинфекция қилиш керакми?
Агар сиз касаллар кўп бўлган шаҳарда яшасангиз, бу яхши фикр. Агар маҳсулот буюртма қилган бўлсангиз, етказиб берувчидан маҳсулотни эшикдан ташқарида қолдиришни сўрашингиз лозим. Кейин қўлқоп кийиб, уйга олиб кирасиз ва пакетларнинг сиртини дезинфекция қиласиз.
Касаллик қайси ёш тоифаларини қамраб олади?
Бизнинг касалхонамизга деярли барча ёш гуруҳлари келади: 23 ёш, 35 ёш, 45 ёш — ва уларнинг аксариятида сурункали касалликлар мутлақо йўқ. Пандемия бошланганда касаллик фақат кекса одамларга, шунингдек, жиддий касалликлар(диабет ёки саратон касаллиги)га чалинган одамларга таъсир қилади, деган нотўғри тушунча тарқалган эди, аммо бу ҳақиқат эмас. Сўнгги уч ҳафта давомида мен фақат COVID-19 бўлган беморлар билан ишладим ва барча ёш гуруҳларини кўрмоқдаман. Масалан, 35 ёшли беморлар кўп. Кекса ва бир оз катта бўлганлар учун жараён бироз қийинчилик туғдиради. Касаллик оғир кечаётган ёшлар ва касалликка бардошли кекса одамлар ҳам бор.
Ҳозир қандай тахминлар қилиш мумкин?
Эҳтимол, ижтимоий изоляция 3 ойдан 9 ойгача давом этади. Бу узоқ вақт. Аммо пандемиянинг тарқалишини бошдан кечирган барча йирик шаҳарларнинг тажрибаси шуни кўрсатадики, биринчи нарса коронавируснинг тарқалиш чизиғини чеклаш. Касалхоналар тўлиб кетмаслиги учун курашиш. Ўйлайманки, ўзини ўзи изоляция қилиш — бу сиз келгуси бир неча ой давомида яшашнинг бир усули сифатида қабул қилишингиз керак бўлган ҳодиса. Ўзингизни қандай тутиш қоидаларини билсангиз ваҳимага тушишга ҳеч қандай сабаб йўқ. Бу бир-бири билан ва ташқи дунё билан ўзаро муносабатларнинг янги усули. Асосийси, янги қоидаларга кўникиш. Қоидалар одат тусига кириши билан сизга қийин ва қўрқинчли кўринмайди.
Шерзод Нурматов таржимаси