АҚШ президенти Дональд Трамп Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотини (ЖССТ) молиялаштиришни тўхтатиши ҳақида баёнот берди. Сабабини ташкилотнинг ўз вақтида коронавирус пандемиясини шаффофлик билан аниқламагани ва тўхтатмагани билан изоҳлади. Бу ҳақда bbc.com хабар бермоқда.
“Мен Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотини молиялаштиришни тўхтатаман, ҳозирча улар коронавирус тарқалишига эътиборсизлик қилгани ва ўз вақтида бутун дунёни саломатликка хавф туғилганидан огоҳлантирмагани учун жазога лойиқ. ЖССТ ўз масъулиятини бажармади“, — деди Трамп.
БМТни эса Хитой ҳақидаги уйдирмаларни тарқатиб, барчни чалғитганликда айблади.
Маълумки, АҚШ Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг йирик молиявий манбаси ҳисобланади. Биргина 2019 йилнинг ўзида АҚШ бу ташкилотга 400 млн доллар ажратган. Бу маблағ ЖССТнинг жами бюджетининг 15 фоизини ташкил қилади.
Трампнинг қарори халқаро ҳамжамиятни хавотирга солиши турган гап. Оқ уй қарорини БМТ Бош котиби Антониу Гутерреш ҳам танқид қилиб чиқди.
БМТ Бош котиби ҳозирда вирусга қарши курашаётган ЖССТ ва бошқа гуманитар йўналишдаги ташкилотларни молиявий таъминотини қисқартириш вақти эмаслигини, аксинча бирлашиб, COVID-19нинг фожеавий оқибатларидан сақланиш зарурлигини таъкидлади.
“Ҳозир Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ёки пандемияга қарши кураш олиб бораётган бошқа ҳар қандай инсонпарварлик фаолиятини кўрсатаётган ташкилотлар учун ажратилаётган маблағларни тўхтатиб қўйишнинг вақти эмас“, — дейилади Гутерреш эълон қилган баёнотда.
БМТ бош котибининг таъкидлашича, халқаро ҳамжамият пандемияни тўхтатиш ва йўқ қилиш устида биргаликда ҳамкорлик қилиши лозим.
Маълумки, ЖССТ дунёдаги барча мамлакатлар тўлаб борадиган бадал эвазига фаолият кўрсатиб келади. Аммо, АҚШ тўлаётган бадал бошқа мамлакатлариникидан кўп. Агар АҚШ ташкилотни молиялаштиришни тўхтатса, у фаолиятини давом эттира олмаслиги мумкин.