Мана, оламга ўзгача файзу тароват, сокинлик улашиб, қалбларга ҳузур, ҳалимлик, хотиржамлик, руҳга қувват, шижоат бахш этувчи мусулмоний муборак Рамазон ойи ҳам охирлаб бормоқда. Бутун дунё мусулмон аҳли ушбу ойни муштоқ кутади, маҳзун кузатади. Зотан, ойлар сарвари бўлмиш Рамазон ўзида Оллоҳнинг раҳмати ва баракоти, фазилат ва гўзалликларни мужассамлаштирган. Буюк Яратувчи бандаси ўзи ва нафсини ислоҳ қилиши, ўзлигини англаб, комилликка юз тутиши учун моҳи Рамазонни туҳфа қилди, унинг мақсад-муддаоси, амал-ҳаракатини белгилаб берди. Уламолар “ушбу ойда бизни дуо ҳарорати ва зикр тафти эгаллайди ҳамда жисмимиз ва руҳимиз таскин топади”, дея эътироф этадилар.
Дарҳақиқат, Рамазон рўзаси шарофати билан руҳ, қалб ва тан нафсоний ҳаваслардан тийилади, тартибга келади. Инсоният диний амалларда собит туриб, ўзаро меҳр-оқибатли бўлишга, хайр-саховат улашишга, яхшиликлар қилишга интилади. Шунинг учун ҳам Рамазон бир сўз билан айтганда, “комиллик, тарбия ойи”дир.
Рамазон йилда бир келувчи улуғ мураббий ва азиз устоз эканлигини англаб етганлар бу вақтдан унумли фойдаланиб, ўзларини ва яқинларини тарбиялашга, комилликка интиладилар. Баъзилар ибодатларни фақат қуруқ ҳаракатлар билан адо қилади, унинг руҳий томонини, ахлоқий таъсирини ҳис этмайди. Аммо кимки рўза шахсда тарбиялайдиган гўзал ахлоқларни ва рамазонда етиштириш мумкин бўлган меваларни тафаккур қилса ва ўз ҳаётини шу мазмунга мослаштирса, шунга мувофиқ яшаса, маънавий комолотга юз тутади.
Рўза учун белгиланган тартиб ва тамойилларга амал қилиш орқали рўзадор Оллоҳ таоло уни ҳар ерда кузатиб туришини қалбан ҳис қилади ва бу ойда рад этилган амаллардан, гап-сўзлардан тийилади. Бу эса унинг шахсиятини тарбиялашга муносиб ҳисса қўшади. Манбалар таҳлили асосида Рамазон тарбиясини қуйидаги мезонларга ажратиш мумкин:
Руҳ тарбияси
Руҳ инсоннинг ҳаётий асоси, қувват манбаи. Шунинг учун инсон ўз умри давомида руҳий тарбияга мунтазам эҳтиёж сезади. Руҳан соғлом ва баркамол шахсгина ўз кўзлаган манзилларига эриша олади, комолот касб этади. Рамазон ойида тоат-ибодатни, зикр ва истиғфорни ҳар қачонгидан ҳам кучайтириш руҳ ва қалбни поклаб, юксалтиради. Рамазон ойидаги барча хайрли амаллар, рўза ва ибодатлар руҳий комилликка хизмат қилади.
Нафс тарбияси
Нафс дунёвий неъматлардан баҳрамандликка интилиш бўлиб, унинг салбий жиҳатлари, оқибатлари сероб. Шунинг учун нафс ҳамиша тарбияга муҳтож. Рамазон ойи нафсни тарбиялашда ниҳоятда муҳим ўрин тутади. Бинобарин, нафс тарбияси мўминнинг бирламчи вазифаси саналади. Ҳамма раҳмат ва неъматлар нафсни жиловлаш, унга ҳукмронлик қилиш ортидангина ёғилади. Нафсга эргашиш эса ёмонликларнинг пойдевори ҳисобланади. Тарбия илмининг барча уламолари жамики яхшиликларнинг асоси нафсни тарбия қилиш, ёмонликларнинг асоси эса унга тобе бўлишда эканлигини таъкидлаб келадилар. Нафсига эргашмай, уни тарбиялаган киши ютуққа, муваффақиятга етишади. Нафсга фақат гумроҳ, ғофил кимсаларгина эргашади ва руҳий-маънавий тубанлашиб, ҳалокатга юз тутади. Улуғ мутасаввуф Аҳмад Яссавий ҳам бежизга:
«Нафсинг сени охир дамда гадо қилғай,
Дин уйини ғорат қилиб, адо қилғай,
Ўлар вақтда имонингдан жудо қилғай,
Оқил эрсанг нафси баддин бўлгин безор,- дея уқтирмайди».
Инсон тирик экан, нафс унинг доимий ҳамроҳи, эҳтиёжи, талаби. Шу боисдан нафс тарбияси кундалик заруратдир. Киши ўз нафси билан ҳар куни, ҳар кеча шуғулланиши керак. Рамазон ойи ҳам нафсни жиловлаш, бўйсундириш учун энг қулай фурсат ва имкониятдир. Рўза тутган инсон доимо Оллоҳ таолонинг кузатувида эканлигини ҳис қилади ва ўзи ёлғиз қолганида ҳам рўзасини очишга журъат этмайди.
Ирода тарбияси
Рамазон рўзаси шахсни иродали қилиб тарбиялайди. Ирода қувватидан нафсга бўйсунилмайди, адолатсизлик қилинмайди, Оллоҳ розилиги йўлида рағбатлардан четлашилади. Тонг отгандан қуёш ботгунига қадар емоқ-ичмоқ ва нафсоний ҳаваслардан тийиладиган киши, заифлашмайдиган иродали, азми-қарори қатъий, қалби пок ва бақувват инсонга айланади. Чунки, у ҳеч кимнинг олдида заифлашмайди, барқарор ривожланади. Агар инсон рўза мактаби ахлоқларидан бўлган шу олиймақом хулқни шакллантира олса, икки дунёда ҳам азиз ва мукаррамлардан бўлади.
Сабр тарбияси
Сабр соҳибини юксакларга кўтарадиган, унга нусратни нақд қиладиган гўзал хулқлардандир. Ҳадиси шарифларда келишича, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Билингки, нусрат сабр биландир, кушойиш машаққат биландир ва албатта, ҳар бир қийинчилик билан бирга енгиллик бордир”, “Оллоҳ сабр қилувчилар билан биргадир”, “Ҳар бир сабр ортидан ажру мукофот бордир”, дея таълимот берадилар. Инсон ўз сабр-қаноати билан дунё машаққатларини енгиб ўтишга қодир. Рамазон рўзасида енгилтаклик ва бесабрлик тарбияланади; очликка сабр, ғазаб келганда тийилиш орқали инсоннинг сабри янада мутаҳкамаланди,
Хушфеъллик, хушмуомалалик тарбияси
Хушфеъллик, ширин муомала ҳар қандай муаммо-азиятга гўзал ечим беради, қалбларни туташтиради, яхшиликка ундайди. Шу боис Рамазон ойи инсониятни янада хушфеъл, хушмуомала, ширин сўзли бўлишга чақиради. Саҳиҳ ҳадиси шарифда шундай марҳамат қилинади: “Рўза қалқондир. Бирингиз рўза тутса жанжаллашмасин, бақир-чақир, фисқ-у фужур қилмасин. Агар уни бирортаси ҳақоратласа, мен рўзадорман, десин”. Ҳа, инсондаги қанчадан қанча хунук сўз, ҳақорат қилиш, тили ўткирлигига рўза бир сўз билан қатъий жавоб қайтаради.
Меҳр-саховат тарбияси
Рамазон инсонларни ўзаро меҳр-оқибатли бўлишга, кексалар ва беморлар, яқинлар ҳолидан хабар олишга, муҳтожларга хайр-саховат қилишга чақиради. Шу орқали шахсда меҳрибонлик, хокисорлик, бағрикенглик фазилатларини тарбиялайди. Қуръони каримда шундай марҳамат қилинади: “…Бирор нарсани (муҳтожларга холис) эҳсон қилсангиз, бас, (Аллоҳ) унинг ўрнини тўлдирур. У ризқлантирувчиларнинг яхшисидир” (“Саба” сураси, 39-оят). Бинобарин, карамли инсон ҳеч қачон зиён кўрмайди, мол хайр-эҳсон қилиш билан камаймайди, балки, савоб кўпаяди, рамазон баракотидан исломий шахсият тўкис бўлади. Комил инсон тарбиячиси бўлмиш Алишер Навоий ҳам саховатни улуғлаб, ҳиммат этагини тутган кишининг бу дунёда имтиёзлари баландлашади, улар бошқаларнинг иддаоларидан, азоб уқубатларидан холи бўлишади, дейди:
«Кишиким бийикракдурур ҳиммати,
Жаҳон аҳлидин камдурур меҳнати».
Рамазон ойининг инсон камолотини тарбияловчи шу каби бир қанча устувор жиҳатлари, тарбия мезонлари мавжуд. Бу мўъжизавий мўътабар ойнинг ҳар куни, ҳар туни, ҳар соати ғанимат, ҳар бир саҳарлик, ҳар бир ифторлик илоҳий неъматга бой. Ушбу муқаддас ой Олий Яратувчи ва унинг бандалари мулоқоти, яқинлиги ортиши учун бетакрор имконият, дуолар ижобат бўладиган илоҳий раҳматдир. Шундай экан, бу улуғ фурсатни қўлдан чиқармай, ўзлигимизни англашга, руҳий-маънавий камолотга интилиб, хайрли амалларда бардавом бўлишимиз зарур. Рамазоний тарбия кўникмаларини умримизнинг кейинги саҳифаларига ҳам татбиқ этиб боришимиз чин саодат калитидир.
Феруза АЗИМОВА, РМММ масъул ходими
Фойдаланилган манбалар:
- Б.Тўхлиев. Навоий ҳикматлари. –Т.: ТДПУ, 2016.
- А.Яссавий. Ҳикматлар. –Т.: Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриёти, 1991.
Ўхшаш хабарлар
-
Америкалик муҳандис Темурийлар даврини виртуал реалликда яратмоқчи
-
КИБЕР ЖИНОЯТЧИЛИК ҲУЖУМИДАН ЭҲТИЁТ БЎЛИНГ
-
МАДАНИЙ МЕРОС ҲАФТАЛИГИ ДОИРАСИДА ҚУРЪОН КУНИ БЎЛИБ ЎТДИ
-
Гендер тенгликни таъминлашда фуқаролик жамияти ролини кучайтириш лойиҳаси амалга оширилмоқда
-
Янги Ўзбекистон тараққиётининг ягона ва тўғри йўли