Россиянинг Сеченов университетида ажойиб шифокор Заали Отариевич Георгадзени сўнгги йўлга кузатиб қўйишди. Университет клиник шифохонасининг бош врачи ўринбосари, 67 ёшли доктор коронавирус туфайли вафот этди. Бу ҳақда MediaMetrics.ru хабар берди.
Касбига содиқ шифокор пандемия даврида уйда қолиши мумкин эди. Бироқ ўз постида туришни маъқул кўрди. Ушбу таниқли докторнинг шифокорлик тажрибаси ҳақида одамлар орасида афсоналар юради. Гўёки у беморларда бошқалар кўрмаган ва ҳис қилмаган нарсани осонликча илғай оларди. Мижозлари ва ҳамкасблари унга куннинг хоҳлаган пайтида қўнғироқ қилиб, безовта қилишар, маслаҳат сўрашар, аммо тажрибали шифокор ҳеч кимнинг қўнғироғини жавобсиз қолдирмасди.
Георгадзе инфекция тарқалган илк кунлардан фавқулодда нуқталарда фаолият олиб борди, деярли дам олишсиз ишлади, кўплаб оғир аҳволдаги беморларни коронавирус ҳамласидан қутқарди. Масалан Россия муфтиси ўринбосари Рафиқ Фаттахетдиновга ва бошқаларга вирусни енгишга ёрдам берган.
Таниқли шифокор билан видолашишга саноқли тиббиёт ходимларига рухсат берилди. Аммо улар орқали бутун шифохона аҳли гулдасталар бериб юборди.
Георгадзенинг турмуш ўртоғи ва қизи ҳам тиббиёт соҳасини танлаган. Шифокорлар оиласи ёрдам сўраган ҳеч бир инсоннинг илтимосини рад қилмасди. Кўрикка келганлардан маслаҳатини аямасди.
Шу тарзда доктор қандай қилиб вирус юқтирганини билмай қолди.
Иситмаси 38 даражага кўтарилган куни ҳамкасбларини огоҳлантирган ва уйда қолган. Ҳамма ундаги ҳолатда юқори нафас йўли инфекцияси деб ўйлашди. Кейин енгил пневмония аломатлари пайдо бўлди аммо унчалик хавфли эмасди. Шунинг учун диспансер шароитида даволанишга шошилмади. Унинг аҳволи бирдан ёмонлашади деб ҳеч ким ўйламаган.
Ўпкаси докторникидан баттар зарарланганлар тузалиб кетди, дейди ҳамкасблари. Уни бошқа корпусдаги жонлантириш бўлимига олиб кетишаётганда “бу йўл орқага қатмайди” деганини шогирдлари бир умрга эслаб қолишди. “Мен курашишдан жуда чарчадим. Гўёки ер билан осмон орасида муаллақман. Тезроқ ё у ёқли, ё бу ёқли бўлса эди…”
Ҳамкасблари мўъжиза юз беришини интиқлик билан кутишди. Аммо бундай ҳол юз бермади. 9 май куни фидойи докторнинг юраги уришдан тўхтади. Энди у ҳақда янги афсона пайдо бўлди.
Георгадзе билан бирга ишлаган шифокорлар ҳамон битта гапни такрорлашмоқда: “Ҳаммага ёрдам берди аммо ўзига ёрдам беролмади…”
Доктор Георгадзенинг исми коронавирус пандемиясида қурбон бўлган шифокорларнинг “Хотира рўйхатига” киритилди. Россиянинг бу рўйхатида кун сайин исмлар ортиб бормоқда.
Манзура Бекжонова тайёрлади