Қурилиш вазирлиги қошида техник меъёрлаш маркази ташкил этилди

Аввал хабар берганимиздек, Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги томонидан матбуот анжумани ўтказилди. Унда шаҳарсозлик соҳасида жорий этилган ва кейинги навбатда режага киритилган янгиланишлар юзасидан ахборот берилди.

Юртимизда қурилишлар сифати ва самарасини ошириш мақсадида вазирлик қошида яқинда Қурилишда техник меъёрлаш маркази фаолияти ташкил этилди. Унда жаҳон миқёсидаги илғор билим ва тажрибага эга мутахассислар фаолият олиб боришмоқда.

Марказнинг асосий вазифалари

  • қурилишда меъёрлаш тизимидаги ва инновацион технологияларни жорий қилишдаги муаммоларни ўрганиб бориш;
  • қурилиш соҳасидаги халқаро нормалар, қоидалар ва стандартларни ўрганиш ва таҳлил қилиш асосида миллий норматив ҳужжатларни улар билан уйғунлаштириш;
  • бинолар, иншоотлар ва уларнинг алоҳида элементларига бўлган хавфсизлик талабларини, шунингдек, бино ва иншоотларнинг энергия самарадорлигини ошириш бўйича чора-тадбирларни ишлаб чиқиш;
  • норматив, шу жумладан хорижий ҳужжатларларнинг илмий-техник кутубхонаси ва электрон базасини ташкил қилиш ва юритиш;
  • хорижий ва халқаро ташкилотлар, консультантлар ва мутахассислар билан ҳамкорлик қилиш ҳамда уларни миллий норматив ҳужжатлар базасини такомиллаштиришга жалб қилиш.

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида шаҳарсозлик фаолияти соҳасида техник жиҳатдан тартибга солишда миллий норматив ҳужжатлар билан бир вактда Британия, Хитой, АҚШ, Япония, Корея каби хорижий давлатларнинг норматив ҳужжатлари, қурилиш меъёрлари ва стандартлари ҳам ўрганилмоқда.

Қурилишдаги норма ва меъёрлар нима ўзи деган саволимизга Қурилишда техник меъёрлаш маркази Рустам Қўчқоров шундай жавоб берди:

– Бино қурилишида ҳар бир ўлчамнинг меъёрий параметрлари бор. Ҳар бир лойиҳа уларга риоя қилинган ҳолда амалга оширилиши керак. Ҳар қандай объект ёки бинода, масалан, коллеж ёки мактаб хоналарида бир фоиз ташқи ёруғлик бўлиши лозим. Бу ўқувчиларнинг соғлиги учун, уларнинг кўзи чарчамаслиги учун жуда муҳим. Бу шарт ўша коллеж биноси қурилишидаги техник норма ҳисобланади. Нормани таъминлашнинг қоидалари кўп. Бунинг ечимини қандай бажаришдан қатъи назар норма таъминланиши шарт. Яъни хонада иккита дераза бўладими, учтами ёки шифтдан ёруғлик тушиб турадими, қандай бўлса ҳам белгиланган меъёр таъминланиши керак.

Объектнинг иссиқлик сақлаши бўйича ҳам худди шундай стандартлар мавжуд. Фикрим шуки, маълум лойиҳани амалга оширишда айнан битта хомашёдан қилинишини белгиланмаслиги лозим. Бу кўпинча монополияга олиб келади. Масалан, деворнинг бир метр квадратидан белгиланган меъёрдан кўп иссиқлик ўтмаслиги меъёр бўлса, норма шунга боғликки, у деворни ғиштдан қиласизми, шлакоблок ёки бошқа хомашёми нормадан кўп иссиқлик йўқотмайдиган бўлиши керак.

Манзура БЕКЖОНОВА

Диққат! Агар сиз сайтда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб Ctrl+Enterтугмасини босинг.

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: