Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги томонидан 27 июн – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари кунида ҳамкорликда бевосита мулоқот ташкил этилди. Унда журналист ва блогерлар, вазирлик масъуллари иштирок этди. Қурилиш вазирлиги мутахассислари соҳада бугун диққат марказида бўлиб турган долзарб мавзулар доирасида тақдимот қилишди.
Тадбирда айтиб щтилганидек, қурилиш соҳасида рақамлаштиришни тўлиқ жорий этишда Геоахборот тизими ҳам алоҳида аҳамиятга эгадир. Бу тизимга Ўзбекистон Республикасининг шаҳарсозлик генпланлари жойлаштирилади. Жорий йилнинг 1 июнида Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳрида синов тариқасида ишга туширилган “Шаффоф қурилиш” ахборот тизимига Геопортал ҳам интеграциялаштирилган. Эндиликда юртимизда иш бошламоқчи бўлган хорижий инвесторлар қаерда қандай қурилиш олиб боришлари мумкинлигини шу тизим орқали бемалол билиб олишади.
Ҳозирда вазирлик томонидан қурилиш назорати тўлиқ рақамлаштирмоқда. Бу билан аввало назорат инспекторларига қулайлик яратилади. Натижада назорат тизимли бўлгани сабаб иш сифатида ҳам яхшиланади. Ишнинг сифати ошиб, унга бўлган вақт сарфи ҳам анчагина камаяди. Шунингдек, жараён рақамлаштирилгандан сўнг вазирлик мутасаддиларининг инспекторлар фаолиятини тўлиқ назорат қилишига эришилади. Бу чора-тадбирлар коррупциянинг олди олиш ва жараёнларни шаффофлаштиришга ёрдам беради. Мазкур автоматлаштирилган тизим ўз навбатида тадбиркор пудратчилар фаолиятини ҳам бирмунча осонлаштиради. Ҳаммасидан афзал жиҳати ортиқча сарсонгарчилик ва қоғозбозликка барҳам берилади.
Вазирлик матбуот хизмати раҳбари Умида Бойзоқованинг маълум қилишича эндиликда вазирлик расмий сайтига қурилиш жараёни калкулятори жойлаштирилади. Бу нима дегани? Истаган киши, хоҳ юртдошларимиз ёки хорижий инвесторлар бўлсин, ундан бемалол фойдаланишлари мумкин. Дейлик, улар Ўзбекистонда бирор бир объект қурмоқчи. Бунинг учун ишни нимадан бошлаши керак, қандай жараёнлардан ўтилади ёки қайси ҳужжатлар талаб этилади, ҳаттоки сарфланадиган маблағ ва вақт ҳажми ҳам бу калькуляторда аниқ кўрсатилган бўлади.
Шунингдек, вазирлик қошида қурилиш соҳасида ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш Маркази ҳам ташкил этилди. Унга соҳани тўлиқ рақамлаштириш вазифаси юклатилган бўлиб, лойиҳа ва пудрат ташкилотлари рейтинги, танлов савдолари ва экспертиза жараёнларини электронлаштириш, қурилишда рақамлаштирилган назоратни амалга ошириш ишлари жадаллик билан олиб борилмоқда.
Манзура БЕКЖОНОВА