Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазирлиги коронавирусдан вафот этган фуқаро ҳақида маълумот берди.
Маълум бўлишича, Қашқадарё вилояти Ғузор туманида яшовчи 64 ёшли С.Ҳ. шу йилнинг 7 июнь куни Тошкент вилояти Янгийул туманига бориб, 12 июнь куни Тошкент-Қарши тезюрар (Афросиёб) поездида яшаш манзилига қайтган. Орадан уч кун ўтиб, яъни жорий йилнинг 15 июнь куни тана ҳарорати кўтарилган ва у узоқ вақт уй шароитида даволаниб келган.
Бемор (эркак киши) бундан аввал, охирги 5 йил давомида қандли диабетнинг оғир кечиши ташхиси билан диспансер назоратида туриб, даволаниб юрган.
29 июнь куни аҳволи оғирлашганлиги сабабли шифокорга кеч мурожаат қилгач, Ғузор туман тиббиёт бирлашмаси реанимацияга бўлимига икки томонлама ўткир пневмония оғир даражаси, юрак ва нафас етишмовчилиги ва қандли диабет оғир кечиши ташхиси билан ётқизилган.
Мутахассислар томонидан стандартлар асосида кўрсатилган реанимацион муолажаларига қарамасдан бемор ўткир юрак қон-томир ва нафас етишмовчилигидан вафот этди.
Айни пайтга қадар коронавирусдан вафот этганлар сони 27 нафарга етди.