Сиз қандай тарбия усулини танлайсиз?

Тарбия ҳам қатъий қоидаларга асосланган фан, ўзига хос сир-асрорлардан иборат нафис санъат. Уни яхши ўзлаштирган ота-онагина бола тарбиясида адашмайди.

Севара ШАМСИЕВА, ўқитувчи

Болалар — бизнинг бахтимиз. Биз улар тимсолида келажакни кўрамиз, келгусида улар бахтли ва тўкис бўлишини, бизнинг хатоларимизни такрорламасликларини истаймиз. Лекин бундай бўлиши учун уларга тўғри тарбия бериш керак. Тарбияда бола қалбига йўл очувчи асосий “калит” бу меҳр ҳисобланади.

Ўз боласига меҳри бўлмаган одамда Ватан севгиси бўлиши мумкинми? Ривоят қилинишича, ҳазрати Умар (р.а.) бир одамни шаҳар ҳокими этиб тайинламоқчи бўлибди. Котиб фармонни ёзишга киришган онда бир гўдак кириб ҳазратнинг тиззаларига чиқиб, ўтириб олибди. Халифа болакайни ўпиб, эркалабди. Ҳокимликка тайинланаётган киши буни кўриб: — Бу гўдак ўз ўғлингизми? — деб сўрабди. — Йўқ, бу бир камбағалнинг фарзанди. Ота-онаси вафот этган. Болани ўз тарбиямга олганман, — дебди ҳазрат.

У киши халифанинг мулойим қалбли ва марҳаматли эканига ажабланиб, дебди: — Менинг ўнта фарзандим бор. Мен ўз болаларимни ҳам бундай эркалаб, ўпмайман. Болаларим мени кўришганда зириллаб туришади. Ота шундай бўлиши керак эмасми?

Халифа бу сўзларни эшитиб, ёзилган фармонни олиб йиртиб ташлабди-да дебди: — Бу одамни ҳоким этиб тайинлашни истамайман. Ўз фарзандларига тошкўнгил бўлган одам халққа қандай манфаат етказиши мумкин? Афсусларким, орамизда «бола отадан қўрқиб, зириллаб туриши керак», деган нотўғри қоидага риоя қилувчилар ҳам топилади.

тўрт усул

Дунёдаги етакчи педагог ва психологлар тарбиядаги тазйиқ, ўта ғамхўрлик, аралашмаслик ва ҳамкорлик усулларини ажратиб кўрсатишади. Уларнинг ҳар бири ўзига хос бўлиб, шахснинг шаклланишида муҳим ўрин эгаллайди.  Келинг, уларнинг ҳар бирини алоҳида кўриб чиқамиз.

Тазйиқ

Боланинг ҳаётини тўлиқ бошқариш тарбиянинг асосий масаласи эмас. Катталар томонидан қўполлик ва тазйиқ остида тарбияланган болалар ташаббускорлик ва мустақилликдан йироқ бўлишади. Бундай оилада тарбия кўрган болалар ўзларига паст баҳо беришади, тенгдошлари билан эркин мулоқот қила олмайдилар, одамови ва “ичимдагини топ” қабилидаги инсон бўлиб етишишади.

Ўта ғамхўрлик

Муносабатларнинг бундай усули болани ортиқча эътибор билан қамраб олиш, бирон хавф бўлмаса ҳам болани ўз “қаноти остидан” чиқармасликда кўринади. Бунинг оқибатида бола қийинчиликларни ўзи мустақил енгиб ўтиш ҳатто теран баҳолаш имкониятидан маҳрум бўлади.

Бундай тарбия усулининг оқибатини ҳам таҳмин қилиш қийин эмас. Бунда болада тобелик, боқимандалик, (инфантилизм), ўз кучига ишонмаслик каби хислатлар ривожланади.

Аралашмаслик

Бундай тарбия усулига амал қилувчи ота-оналар у боланинг мустақил бўлиб улғайишига ёрдам беради, деб ўйлашади. Бироқ ҳар доим ҳам бундай бўлиб чиқмайди. Ота ва онанинг бола ҳаётида иштирок этишни хоҳламаслиги ўта ғамхўр бўлиш усулидан ҳам кўпроқ муаммоларга гирифтор қилади. Бу боланинг ота-онага меҳрсиз бўлиб ўсиши, уларга бегоналик руҳида катта бўлишига етаклайди. Бундай оила фарзандлари улғайганда атрофдагилар, шу жумладан яқин кишилари билан муносабатларини яхшилашга қийналишади.

Ҳамкорлик

Сўнгги тадқиқотларнинг гувоҳлик беришича, ҳамкорлик тарбиядаги энг самарали усуллардан бири экан. Бу усулда оиланинг барча аъзолари бир мақсадга қаратилган вазифаларни бажариш йўлида бирлашади, ҳар бир ишда бир-бирини қўллаб-қувватлайди. Бундай оила шароитида тарбия кўрган бола келгусида мустақил, ҳозиржавоб, ўзига ишонадиган бўлиб етишади.

Бу усуллардан ўзига маъқулини танлаш ота-онанинг иши.

Диққат! Агар сиз сайтда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб Ctrl+Enterтугмасини босинг.

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: