Медиацияда жаҳон тажрибаси

Ҳаёт ҳеч қачон бир текис кечмаган. Ҳамфикр, ҳаммаслак бўлиш, тушуниш ва кечиримлилик билан бирга зиддият, келишмовчилик, низо ва можаро ёнма-ён юради. Бу ҳаёт қонуни. Жамият ривожида ҳамма вақт ана шу можароли вазиятларда низолашувчи тарафларга имкон қадар тенг фойдали ечим топадиган холис музокарага эҳтиёж сезилган.

Бу музокара “медиация”, уни олиб борувчи  киши эса “медиатор” деб аталган. Медиация лотинча«mediare» сўзидан келиб чиқиб, “воситачи”, икки томонни келиштиришдан бошқа ҳеч қандай манфаатни кўзламайдиган ўртадаги одам тушунчасини изоҳлайди. Медиация тарихига мурожаат қиламиз.

Бундан уч минг йиллар муқаддам битилган зардуштийликнинг «Авесто» китобида можаро ва ихтилофларни тинч йўл билан ҳал қилиш  ҳақида махсус қоида назарда тутилган. Унга кўра, масалан, уй ҳайвонларига зарар етказган шахс жониворларнинг эгасига товон тўлаши шарт бўлган. Медиациядан  қадимги Греция ва Римда ҳам кенг фойдаланилган. Бу ҳақдаги қонун асосан савдо-сотиқ соҳасида кенг қўлланилган. Чунки римликлар савдо соҳасидаги юзага келган низоларни айнан “медиатор”, яъни “воситачи” орқали ҳал қилишга эришганлар.

Ислом ҳуқуқида ҳам ме­диация одамлар учун ғоят ке­ракли, муҳим ҳуқуқий технология си­фатида ўз ифодасини топган­.

Бурҳониддин Марғинонийнинг «Ҳидоя»си шарҳларида медиациянинг ўзига хос хусусиятлари очиб берилади. Аллома ўз китобида ҳакамлик қилишга ризолик билдирган шахс қозиларга хос барча фазилатлар эгаси бўлиши лозим, деб ҳисоблайди. Мабодо икки одам бировни ҳакамликка лойиқ кўриб, унинг чиқарган қароридан мамнунлик изҳор этган экан, бу қарор шак-шубҳасиз ҳақиқийдир.

XIX аср бошларида Россия империясида тижорат судларининг ҳисоботларида «медиатор» деган атама учрайди ҳамда савдо-сотиқ билан боғлиқ низоларни унинг иштирокида ҳал этиш фойдали экани айтилади. Бундан шундай хулоса қилиш мумкинки, ҳозирги медиаторларнинг иш усулига ўхшаб кетадиган усул ўша кезлари ҳам бўлган ва самара берган.

Жаҳон тажрибаси:

Медиация АҚШ, Австралия, Буюк Британияда, аста-секин бутун Европада қўлланилган. Медиациядан дастлаб оилавий низоларни ҳал этишда фойдаланиларди. Кейинчалик тижорат ва оммавий соҳадаги кўп тарафлар иштирок этадиган мураккаб ихтилофларгача бўлган, кенг доирадаги низоларни ҳал қилишда қўлланилди.

АҚШнинг бутун ҳуқуқ тизими низоларнинг аксариятини судга қадар ҳал этади. Бу мамлакатда иқтисодиёт, сиёсат, бизнес соҳасида биронта ҳам жиддий музокара жараёни медиаторсиз ўтмайди, медиация муаммоларини ёритувчи журналлар чоп этилади, баҳс-мунозарани ҳал этиш миллий институти, хусусий ва давлат медиация хизматлари мавжуд.

Германияда медиация одил судлов тизимига сингиб кетган. Хусусан, воситачилар бевосита судлар ҳузурида иш олиб бориб, потенциал судлашувлар сонини анчагина камайтирмоқда. Немисларнинг кўпгина ҳуқуқ мактабларида доимий медиация курслари ўқитилади.

Австрия қонунларида назарда тутилишича, юритилаётган суд иши муносабати билан ўтказилган медиация натижасида эришилган келишув суд томонидан эътироф этилиши мумкин, айни бир вақтда судловга қадар ўтказилувчи медиация натижаси сифатида суд орқали ҳимоя­га эҳтиёж бўлмайди.

Хитойда низоларнинг тахминан 30 фоизи судловдан ташқари тартибда ҳал этилади. Мазкур мамлакатда, шунингдек, Венгрия ва Жанубий Кореяда, агар тарафлар медиация доирасида келишувга эришган ва уни ҳакамлик судлари кўриб чиқиши учун назарда тутилган тартибда тасдиқлаган бўлса, бундай келишув ҳакамлик судининг қарори кучига эга бўлади ва ижро этилмоғи лозим.

Ўзбекистонда:

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн бешинчи ялпи мажлисида маъқулланган қонунлардан бири “Медиация тўғрисида”ги қонун эди. Қонуннинг мақсади ҳам низоларни тартибга солишнинг муқобил усулларини ривожлантириш учун ҳуқуқий шарт-шароитлар яратиш, Ўзбекистон Республикасининг суд тизимига тушадиган иш ҳажмини камайтиришдан иборат.

Ушбу қонун фуқаролик ҳуқуқий муносабатлардан, шу жумладан тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш пайтида, якка меҳнат ҳамда оилавий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низоларда қўлланилади.

Таъкидлаш лозимки, ушбу Қонуннинг амал қилиши медиацияда иштирок этмаётган учинчи шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига, жамоат манфаатларига дахл қиладиган ёки дахл қилиши мумкин бўлган низоларга нисбатан татбиқ этилмайди. Қонунга мувофиқ медиация махфийлик, ихтиёрийлик, тарафларнинг ҳамкорлиги ва тенг ҳуқуқлилиги, медиаторнинг мустақиллиги ва холислиги принциплари асосида амалга оширилиши назарда тутилган.

­­­­­­­­­­­Келиштирувчилик (медиация) институтини амалда қўллаётган пайтида келиштирувчи биринчи ўринда муаммони яхши ўрганиб чиққан, келишувчиларни психологик жиҳатдан ҳам яхши билиши керак. Шундагина у медиация жараёнида муваффақиятга эриша олади. Бу ерда медиаторнинг вазифаси ҳар икки томоннинг арзини, талаб ва эътирозларини ўрганиб чиқиб, чуқур таҳлил қилиш, «қўйди-чиқди», уруш-жанжал қилаётган томонларнинг ҳар иккаласини ҳам рози қилган ҳолда тинч йўл билан бир қарорга келишга кўндиришдан иборат. Бу ўзаро жанжалларнинг кучайиши, руҳий изтиробларнинг олдини олиб, муаммони тез фурсатда тинч йўл билан ҳал қилишга ёрдам беради.

Келиштирувчилик институти (медиация) фақатгина оилавий низолар эмас, бугунги кунда иқтисодий-молиявий жараёнлар, турли йўналишдаги ташқи ва халқаро зиддиятларда ҳам кенг қўлланилмоқда. Бу жаҳон тажрибасининг охирги ютуқларидир. Шундай экан, биз Ўзбекистон шароитида ҳам бу институтдан мумкин қадар кенг фойдалансак бўлади.

Рисолат МАДИЕВА

Диққат! Агар сиз сайтда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб Ctrl+Enterтугмасини босинг.

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: