Япониялик олимларнинг тадқиқотларидан сўнг кечқурун уйқу пайтида чироқларнинг ёниқ туриши ҳалокатга олиб борувчи бир неча касалликларга сабаб бўлиши аниқланди. Ҳатто кўчаларни ёритувчи чироқлар ёруғида ёки ойдин кечалардаги Ойнинг нури остида ухлаш ҳам касалликка сабаб бўлиши мумкин экан.
Тадқиқотчилар ухлаш пайтида хонадаги чироқнинг ёниқ ҳолда туриши юрак касалликлари ва инсульт сабабли вафот этиш хавфининг ошишига сабаб бўлишини айтдилар.
Табибларнинг айтишича, киши ухлаётган хонага ой нурининг оз миқдорда тушиши ёки кўча чироқларнинг оз миқдорда хона ичини ёритиши зарарнинг юзага келишига сабаб бўлар экан.
Кечаси уйқу пайтидаги танага тушиб турган ёруғлик артерия томирларнинг қаттиқлашишига сабаб бўлар экан.
Тадқиқотчилар фикрича, кечаси ухлаётган кишининг қовоқларига ёруғлик тушиши танада мелатонин гармонининг ишлаб чиқарилиши камайишига боис бўлар экан. Маълумки, бу гармон уйқу гармони бўлиб, уйқунинг меъёрида давом этишига, уйқу пайтида қон босимининг пасайишига, қондаги глюкоза миқдорининг тушишига ва тана ҳароратининг бир меъёрда бўлишига хизмат қилади. Хона қоронғу бўлганда ушбу гармон ишлаб чиқарилишни бошлайди ва инсон мудроқни ҳис қилиб, уйқуга кетади. Хона ёруғ бўлганда, қуёш чиққанда гармоннинг ишлаб чиқарилиши тўхтайди.
Мелатонин гармонининг мунтазам меъёрида ишлаб чиқарилиши қаришнинг секинлашишига сабаб бўлади.
Тадқиқот раҳбари Кенжи Обаяши «Ёруғлик остида ухлаш билан артерия томирларининг қаттиқлашиши орасида очиқ-ойдин алоқа борлигини аниқладик. Ваҳоланки, томирларнинг қаттиқлашиши чекиш, семизлик, қон босимининг баландлиги ва қандли диабет сабабли юзага келадиган касалликдир» деган.
Шунингдек, Current Biology журнали уйқу пайтида тананинг ёруғликка тез-тез рўпара бўлиши саломатликка салбий таъсир этиши ҳақида эълон қилди.
Голландиялик бир гуруҳ тадқиқотчилар ҳам уйқу пайтида чироқларнинг ёниқ қолиши билан боғлиқ тадқиқот ўтказдилар. Улар бу тадқиқотда сичқонлардан фойдаландилар. Тадқиқотдан сўнг кечаси ухлаш пайтида ёниқ турган чироқлар бир неча касалликларга сабаб бўлишини аниқладилар.
Тадқиқотчилар тунда уйқу пайтида танага ёруғлик тушиб туриши саратон, иммун тизимининг заифлашиши, эрта қариш ва бошқа бир қанча касалликларга сабаб бўлишини айтди.
Демак, илмий ҳақиқат шуки, ухлаш пайтида чироқларни ўчириш лозим. Акс ҳолда танада турли касалликлар юзага келиши мумкин.
Олимлар бу ҳақиқатни яқинда аниқладилар. Унгача кишиларда ухлаш пайтида чироқларни ўчирмасликнинг мияга салбий таъсири йўқ деган тушунча мавжуд эди. Лекин замонавий илм бунинг тескарисини айтмоқда.