«Давлат мактабгача таълим муассасаларида қўшимча пуллик таълим-тарбия хизматлари кўрсатиш фаолиятини ташкил этиш тартиби тўғрисида»ги низом Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилди, деб хабар берди Адлия вазирлигининг «Ҳуқуқий ахборот» канали.
Низомга мувофиқ, мактабгача таълим муассасалари томонидан қуйидаги қўшимча пуллик хизматлар кўрсатилиши мумкин:
- дам олиш кунлари ва мактабгача таълим муассасасида иш куни якунлангандан кейин болани парваришлаш, унга қараб туриш, уни ўқитиш;
- ўқув дастурдан ташқари спорт-соғломлаштириш (каратэ, таэквондо, сузиш, шахмат, шашка, гимнастика, массаж ва бошқалар) тўгараклари, бадиий-эстетик (хор, рақс, тасвирий санъат ва ҳоказолар) тўгараклар, фанлар бўйича тўгараклар (чет тиллари, математика, ақлий арифметика, мантиқ, информатика ва бошқалар).
Мазкур ҳужжатга кўра, қўшимча хизматларнинг нархлар прейскуранти мактабгача таълим муассасаси раҳбари томонидан тасдиқланади.
Мактабгача таълим муассасасида ташкил этилган қўшимча хизмат кўрсатувчи гуруҳларга 3 ёшдан 7 ёшгача бўлган болалар қабул қилиниши мумкин.
Бунинг учун фарзанди қўшимча хизмат кўрсатувчи гуруҳларда тарбияланишини истаган ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар тегишли мактабгача таълим муассасасига ариза билан мурожаат қилади ҳамда улар ўртасида шартнома тузилади.
Қўшимча хизмат кўрсатувчи гуруҳларда болаларнинг сони 25 нафардан ортиқ бўлишига йўл қўйилмайди.