Россиянинг Краснодар ўлкаси, Армавир шаҳрида ёлғиз қарияларга турмушга чиқиб, эрларига тегишли мулкни ўз номидан сотиб юборган товламачи аёлга нисбатан жиноят иши очилган. У Бу ҳақда MK хабар берди.
Аёлга макру хийлаларини амалга оширишга қизи ёрдам берган. Улар олдиндан режа тузиб, 2013 йилдан 2019 йилгача жиноий ҳаракатлар қилишган. Аёл ёлғиз қарияларни излаб топган ва уларга турмушга чиққан. Сўнг қизи ёрдамида уларнинг мулкини ўз номига расмийлаштирган. Эркакларнинг ўз ажали билан ўлгани ёки ўлдирилгани ҳозирча номаълум.
Шу тариқа Армавир, Краснодар ва Сочидаги эрларининг ер участкалари, турар-жой бинолари ва квартираларни ўзиники қилиб олган. Барча мол-мулк сотиб юборилган.
Зарарнинг умумий миқдори 21,7 миллион рублдан ошган. Аёл 12 эркакни алдаган бўлса, улардан 11 нафари вафот этган. Айбланувчига ўн йилгача озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланиши кутилмоқда.