Соғлиқни сақлаш вазирлиги шифокорлар саъй-ҳаракати билан 101 ёшли отахон коронавирусдан соғайгани ҳақида хабар берди.
«Шу йилнинг 20 апрель куни Зангиота 2-сон юқумли касалликлар шифохонасига 1920 йилда туғилган оққўрғонлик уруш ва меҳнат фахрийси, фуқаро Ф.Н. оғир аҳволда олиб келинди. Яқинлари билан ўтказилган суҳбатдан шу нарса аён бўлдики, беморда сўнги 4 кун давомида касаллик белгилари – йўтал, тана, айниқса оёқ-қўлларнинг қақшаб оғриши, тана ҳароратини фебрил даражагача ошиши, чарчоқ, ҳолсизлик, нафас олишнинг қийинлашуви, ҳансираш, юрак уриши тезлашиши, иштаҳасизлик белгилари кузатилиб, сўнги икки кунда бу белгилар янада кучайиб борган.
Беморда ўтказилган ПЗР тести натижалари мусбат чиққан, рентген текширувларида ўпканинг сурункали обструктив бронхоэктатик касаллиги, пневмосклероз ҳамда ўнг томонлама зотилжам аниқланган», дейилади хабарда.
Уйда беморнинг аҳволи оғирлашиб боргани сабабли Зангиота 2-сон юқумли касалликлар шифохонасига мурожаат қилган. Қабул бўлимида бемор МСКТ текширувидан ўтказилганда, ўпка тўқимасининг зарарланиши билан «икки томонлама вирус этиологияли интерстициал зотилжам» ташхиси қўйилиб, бемордан COVID-19 инфекциясига экспресс-тест олинган. Тест натижаси унда коронавирус инфекцияси билан зарарланиш борлигини тасдиқлаган. Шундан сўнг беморга зудлик билан даво чораларини кўриш мақсадида бўлимга ётқизилган.
Бўлимда беморнинг ёши улуғлиги инобатга олиниб, тезда биринчи ёрдам кўрсатилган ҳамда белгиланган халқаро стандартлар бўйича текширув ва даво муолажалари бошлаб юборилган.
«Беморнинг аҳволи оғир бўлишига қарамай, билимли, юқори малакали ҳамда ўз касбининг фидойилари бўлган шифокорларимизнинг саъй-ҳаракатлари, ўз вақтида ва тўғри ўтказилган текширув ва даво муолажалари аста-секин ўз натижасини кўрсатиб, отахоннинг аҳволи кундан кунга яхшиланиб борди. Даво муолажаларини мустаҳкамлаш мақсадида бир қатор тор соҳа мутахассислари – инфекционист, пульмонолог, кардиолог, неврологлар ҳам жалб қилинди.
Шундай қилиб, мамлакатимизда касалликка қарши тўғри даво муолажалари қўлланилаётгани, давлатимиз томонидан зарур дори воситалари, лаборатор ва тиббий текширув усукуналари билан тўлиқ таъминлангани ҳамда шифокорларимизнинг тўғри танланган тизимли муолажалари сабаб 101 ёшли бемор отахон коронавирусдан буткул соғайиб, ўз уйига рухсат берилди», дейилади хабарда.
Иккинчи жаҳон уруши фахрийси бўлган отахон шифокор ва ҳамшираларга миннаторчилигини билдирмоқда.
«1940 йил ўз аскарлик бурчимни адо этиш учун ҳарбий хизматга чақирилиб, 1945 йил Иккинчи жаҳон урушидан ғалаба билан қайтгандим. Урушдан сўнг кўп қийинчиликларни бошимдан ўтказдим. Шукрки, Яратган мана шундай гўзал кунларга етказди. Илоҳим, бугунги фаровон ҳаётимизга, юртимиздаги тинчликка ҳеч қачон кўз тегмасин. Мени меҳр ва эътибор билан даволаб, оёққа тургизган шифокор ва ҳамширалардан мингдан-минг миннатдорман. Барака топишсин!» дейди отахон.