Тадбир ждоирасида Давлат солиқ қўмитаси томонидан солиқ ҳуқуқбузарлик ҳолатлари юзасидан жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини ўз вақтида кўриб чиқилишини таъминлаш ва ҳуқуқбузарликларни кескин қисқартириш мақсадида амалиётга жорий этилаётган самарадор интерактив лойиҳалар ҳақида кенг маълумот берилди.
Жумладан янги ишлаб чиқилган «Солиқ-ҳамкор» тизимида мурожаатларни қабул қилишнинг анъанавий шаклларидан ташқари Soliq hamkor” телеграм боти, Tekshiruv.soliq.uz сайти, “Soliq” мобил иловаси орқали хабар бериш имкониятлари яратилган.
Тизим доирасида ҳамкорлик қилиш ихтиёрий. Ҳамкор мазкур тизим орқали солиқ тўловчи, солиқ агенти ёки бошқа шахснинг Солиқ кодексида жавобгарлик белгиланган ҳаракати ёки ҳаракатсизлиги юзасидан давлат солиқ хизмати органини хабардор этиши мумкин.
«Солиқ-ҳамкор» тизимида «Харид чеки бермаслик», «Банк пластик картаси орқали тўлов қабул қилишни рад этиш», «Пластик картада тўлов қилинганда маҳсулотни қимматроқ сотиш» ва «Ноқонуний фаолият юритиш» каби тўрт йўналишда мурожаат йўллаш имкони мавжуд. Бунда ҳар бир мурожаатчи ўз хабари ҳолатини реал вақт режимида кузатиб бориши мумкин.
Тизимнинг яна бир афзаллиги шундаки, барча хабарлар Давлат солиқ қўмитаси томонидан алоҳида назоратга олинади. Юборилган маълумотлар қабул қилинганлиги, кўриб чиқиш жараёни ва якуний натижаси бўйича мурожаатчига SMS кўринишида ахборот тақдим этиб борилади.
Таъкидлаш керакки, “Soliq hamkor” ахборот тизими орқали келиб тушган хабарлар сайёр солиқ текшируви ўтказиш учун асос бўлади.
Давлат солиқ хизмати органларига “Soliq hamkor” ахборот тизими орқали келган мурожаатлар асосида жорий йил I чорагида 1 354 та солиқ текширувлари ўтказилди. Шундан 1 333 таси, яъни 98,5 фоизи харид чеки берилмаслиги юзасидан ўтказилган. Тўлов терминалидан фойдаланмаслик ҳолати бўйича 19 та, товар учун пластик карта орқали тўлов қилинганда нархнинг қимматлашиши ҳолати бўйича 2 та текширув ўтказилган.
Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, солиқ ҳуқуқбузарликларининг аксарияти харид чеки берилмаслик ҳолатлари билан боғлиқ. Давлат солиқ қўмитаси хуфиёна иқтисодиётга қарши курашишда жамоатчилик назоратини таъминлаш, хусусан истеъмолчиларни харид чекини талаб қилишга ундовчи ютуқли чек ўйинларини ўтказиб келмоқда.
Ютуқли ўйинда қандай иштирок этиш мумкин?
Аҳоли истеъмол маданиятини оширишда фаол жамоатчилик назорати ҳам муҳим албатта. Айни мақсадда Давлат солиқ қўмитаси томонидан 2020 йил июль ойида яширин иқтисодиётни қисқартиришга ўз ҳиссасини қўшаётган ижтимоий фаол фуқароларни рағбатлантиришни назарда тутувчи QR кодли чеклар асосидаги ютуқли чек ўйинларига старт берилган эди.
Натижада харид чеклари берилмаган жойларда харидорлар борган сари камайиб, чекларни талаб қиладиган ва қонуний ҳуқуқларини ҳимоя қиладиган фуқаролар эса кўпайиб бормоқда. Бир сўз билан айтганда, истеъмолчиларнинг янги авлоди тарбияланмоқда ва улар қаторида бизнес ҳам ўсиб бормоқда.
Ютуқли ўйинлар, шунингдек савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасидаги ҳисоб-китобларни тартибга солиш, тушумни кирим қилмасликка одатланганларни ҳалол йўлга қайтариб, қонунларни ҳурмат қилувчи корхоналар билан тенг шароитларда рақобатлашишга бошламоқда.
Ўйинда иштирок этиш учун:
- Soliq иловасини телефонингизга Play Market орқали юклаб оласиз.
- Харид қилганингизда сотувчидан онлайн НКМ ёки виртуал касса қурилмаларидан ўтган QR кодли чек беришни сўрайсиз.
- QR кодли чекни Солиқ мобил иловасининг «Чекни рўйхатга олиш» бўлими орқали сканерлаш ёки чекнинг 12 сондан иборат фискал белгисини 1077 рақамига юбориш лозим.
- Soliq иловасига чекни юборганда телефон рақамингиз қайд этилади. Шу сабабли чекингиз қабул қилиб олингани ҳақида сизга махсус рақам ёзилган СМС хабар келади.
- Телефонга келган СМСларни ва юборган чекларингизни сақлаб қўясиз.
- Ҳар ойнинг сўнгги пайшанбасида телевидение орқали Ютуқли чек ўйини ўйналади.
- Ҳар сафар 25 нафар иштирокчига ютуқ чиқади. Ютуқ чиққан чеклар ва мукофотлар ҳақида маълумот даракчининг навбатдаги сонида бериб борилади.
Ютуқли чек ўйинларининг дастлабки тўртта тиражи 2020 йил июль ойидан бошлаб фақат пойтахт истеъмолчилари ўртасида ўтказилди, аммо бешинчи ва олтинчи тиражларда мамлакатимизнинг барча ҳудудларидаги аҳоли иштирок этди.
Жами 10 та тиражда 220 дона соврин ўйналди. Жумладан 6 та нексия-3 ҳамда 4 дона Спарк автомобили. Ҳар бир ўйинда 5 дона пул мукофоти, 3 дона телевизор, 3 дона кондиционер, 3 дона газ плитаси, 3 дона уяли алоқа телефони, «Хумсон» санаторийсига 3 дона йўлланма, 4 дона велосипед ва Супер ютуқ – Chevrolet Spark автомобили ўйналмоқда.
Ютуқли ўйинлар ўтказилиш бошлангандан буён бугунги кунгача жами 10 та тираж ўтказилиб, уларда 200 га яқин омадли истеъмолчи қимматбаҳо совринлар, жумладан 6 та Nexia-3 ва 3 та Chevrolet Spark соҳиби бўлди.
QR-кодли чеклар автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчаси, дорихона, спиртли ичимликлар ва тамаки маҳсулотлари сотадиган, шунингдек йиллик обороти 100 млн. сўм ва ундан юқори бўлган йирик савдо, хизмат кўрсатиш нуқталарида берилиши лозим.
Журналистлар пресс-тур давомида давлат солиқ қўмитасининг замонавий рақамли технологиялар билан таъминланган Ахборот коммуникация-технологиялари департаменти билан танишди.
Пресс-турнинг иккинчи қисмида ОАВ вакиллари «Ўзбекистон» телеканалида тўғридан-тўғри эфирга узатилган ютуқли чек ўйинлари 4-тиражида иштирок этди.
Манзура БЕКЖОНОВА