Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазири Шерзод Ҳидоятовнинг Татаристон пойтахти Қозонга қилган ташрифининг навбатдаги манзили Алабугадаги “КЭР” Холдинг бўлди. Делегация аъзолари АЖ фаолияти билан яқиндан танишиб, уларнинг илғор тажрибасини ўрганишди. Бу ҳақда вазирлик матбуот котиби хабар берди.
Мазкур корхона томонидан иссиқлик таъминоти йўналишида 2018 йилда марказий қозонхонадаги 2 та КВГМ-30-150 ва КВГМ-10-150 маркадаги қозонларнинг монтаж ишлари амалга оширилган бўлиб, бундан ташқари мазкур лойиҳа доирасида жами 48 км пенополиуретандан тайёрланган полимер изоляцияли ва ҳимоя қобиғига ўралган, каналсиз ётқизиш имконини берувчи қувурлар ётқизилган ҳамда 115 та индивидуал иссиқлик пунктларини ўрнатилган. Бундан ташқари тармоқ насосларини алмаштириш, қозонхона эхтиёжи учун алоҳида қудуқ қазиш ишлари амалга оширилган. Натижада иссиқлик таъминоти корхонасининг йиллик иссиқлик энергиясини ишлаб чиқариш қуввати 20 фоизга, иссиқлик тармоқларидаги йўқотишлари 2 баробарга ва сув сарфи 6,5 баробарга камайишига эришилган. Ушбу лойиҳани амалга ошириш учун 318,9 млн рубл маблағ сарфланган.
Делегация аъзолари эътиборини тортган яна бир муҳим жиҳат бу, мазкур корхонанинг когенерацион газ турбинаси технологиясини ўрнатиш лойиҳаларини ҳам амалга ошириш орқали ижобий кўрсаткичларга эришгани бўлди. Хусусан, корхонанинг сўнги лойиҳаларидан бири бу лойиҳа қуввати 20 МВт электр-энергияси ва 28 Гкал/соат иссиқлик энергиясини бўлган когенерацион газ турбинаси технологиясини жорий қилиш бўлган.
Шу ўринда қайд этиш лозим, мазкур йўналишда юртимизда ҳам бир қанча йирик лойиҳаларни амалга ошириш кўзда тутилган. Хусусан, Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги билан биргаликда иссиқлик манбаларининг иситиш ускуналарини когенерацион газ турбинаси технологиясини жорий этган ҳолда реконструкция қилишни, шунингдек, магистрал ва тақсимловчи иссиқлик тармоқларини алмаштиришни назарда тутувчи ҳисоб-китоб қиймати 780,4 млн АҚШ доллари бўлган «Бухоро, Фарғона, Қувасой, Нукус ва Урганч шаҳарларида марказий қозонхоналарни модернизация ва реконструкция қилиш» лойиҳасини амалга ошириш режалаштирилган.
Амалий мулоқот сўнгида Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазири “КЭР” Холдинг экспертларини Ўзбекистонга таклиф қилди. Шу тариқа мазкур йўналишдаги икки томонлама самарали ҳамкорлик ишларини янги босқичда давом эттиришга келишиб олинди.
Маълумот ўрнида:
“КЭР” Холдинг ҳамкор компанияларнинг ресурсларини ягона муҳандислик мажмуасида бирлаштиради. Яъни унинг фаолият йўналишларига муҳандислик, лойиҳалаштириш, қурилиш ва монтаж, сервис хизматлари ва эксплуатация, модернизация ва таъмирлаш, иссиқлик ва электр ишлаб чиқариш, ускуналар ва эҳтиёт қисмлари ишлаб чиқариш ҳамда етказиб бериш кабилар киради.
Шунингдек, “КЭР” Холдинг 3 лойиҳалаштириш институтлари ҳамда 4000 нафар ходимга эга. Сўнгги 3 йил ичида ўртача 14 миллиард рубль маблағ айланмасига эга 700 та лойиҳани амалга оширган. Ишлаб чиқариш ҳудуди 50,000 кв м.дан иборат корхона 400 та махсус ускуна ва техникаларга эга.
Аҳамиятлиси, “КЭР” Холдинг 4 МВт дан 40,5 МВт гача қувватга эга бўлган Модул-блокли қозонхоналар қуриш, монтаж қилиш ва фойдаланишга топшириш бўйича юксак салоҳият ва катта тажрибага эга бўлган йирик корхона ҳисобланади.