Хотира ва қадрлаш тушунчаси чуқур маънога эга. Ушбу кунда фашизмга қарши жангларда қатнашган, қолаверса Ватанини ҳимоя қилишда жонини фидо қилган, халқ орзу қилган эркинлик учун курашган миллий қаҳрамонларимиз руҳини шод этиб эслаш ҳам фарз ҳам қарздир.
9 май- Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан халқимизнинг эзгу фазилатлари янада ёрқин намоён бўлади. Иккинчи жаҳон уруши дашҳатларининг гувоҳи бўлган кишилар камайиб бормоқда. Ёшликнинг навқирон чоғларини уруш оловларида, жангоҳларда ўтказиб, бугунги тинч осойишта ҳаётимиз учун курашган инсонлар жасорати беқиёсдир. Фашизм устидан қозонилган ғалабага бу йил 76 йил тўлади. Ана шу воқеалар кечган оғир кунлар ёди бугун нафақат уруш қатнашчилари, балки, бутун авлодлар хотирасидан ҳамон ўчгани йўқ.
Иккинчи жаҳон уруши йилларида Ўзбекистондан бир ярим миллион йигит – қизлар қатнашган. Уларнинг беш юз мингга яқини урушдан қайтмаган. Бухоро вилоятидан 73688 нафар жангчи урушга иштирок этиб шулардан 30 минг нафари қайтмаган. Ғиждувон туманидан ҳам иккинчи жаҳон уруши фронтларида жанг қилиб юртимизга қайтганлардан 4 нафари ҳозир ҳаёт. Туман ҳокимлиги, маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлимининг кексалар ва фахрийларни қўллаб-қувватлаш бўлими томонидан улар ҳолидан хабар олиб турилади, моддий ва маънавий кўмак бериб турилмоқда.
Ғиждувон туманидан урушга кетган жангчилар орасида соктарилик Очилжон Ғайбуллаев иккинчи жаҳон урушида жасорат кўрсатган урушдан кейин оғир аҳволга келиб қолган юрт ободлиги, халқ фаровонлиги йўлида меҳнат қилган фахрийлардан эди. Очилжон Ғайбуллаевнинг ёшлиги Тарханон қишлоғида ўтган. Ўрта маълумот олгач, Бухоро Давлат Педагогика институтининг филалогия факультетига кириб, сиртдан ўқий бошлайди. Ўқишни тугатгач, мактабда дарс беради. Иккинчи жаҳон уруши бошлангач, Очилжон навқирон ёшида кўплар қатори фронтга жўнаб кетади. Беш йил давомида Калинин, Тихвин, Ленинград, Болтиқ бўйи республикалари, Беларуссия, Украина фронтлари йўналишидаги шиддатли жангларда иштирок этган. Оғир жангларда бир неча бор ярадор бўлган. Ватан учун шу йўлда жон берган сафдошларининг порлоқ хотираси ёди учун тезда оёққа туриб яна жангоҳга отланган. Ниҳоят урушдан ғалаба билан юртига қайтган. Урушда кўрсатган жасоратлари учун Очилжон Ғайбуллаев икки марта биринчи даражали “Улуғ Ватан уруши” ордени, иккинчи даражали “Улуғ Ватан уруши” ордени ва 16 та жанговар медаллар билан тақдирланган.
-Бир оиладан бобом, дадам ва яна уч амаким урушга кетган. Шулардан фақат бобом ва дадам омон қайтганлар. Қолган жигарлари жангларда ҳалок бўлишган. Урушнинг азоби, жароҳатларини бувим ва онамнинг мунгли кўзларида кўрганман. Урушнинг дашҳатларини бувимнинг жигарбандларидан айрилгандаги ҳайқириқларидан эшитганман, – дейди ота изидан бориб педагоглик касбини эгаллаган ва 35 йил давомида мактабда тарих ва ҳуқуқшунослик фанларидан дарс берган фахрий ўқитувчи – дадам Олимжон Ғайбуллаев.
Очилжон Ғайбуллаев урушдан қайтгач Соктаридаги С. Айний номли (ҳозирги 4-сонли мактабда) ўқитувчи, кейин директор, туман халқ таълими бўлимида услубшунос лавозимларида ишлаган. Тажрибали педагог 1952-1954 йилларда вилоятимизнинг партия ва совет ташкилотларида самарали меҳнат қилган. Тажрибали педагог қайси лавозимда ишламасин изланишдан, илм олишдан тўхтамади.
1954 йилда Тошкентда Олий партия мактабида бир йиллик курсда таҳсил олгач у Тожикистон компартияси Марказий комитети ихтиёрига юборилади. Ишчан партия ва совет ходими Тожикистон Давлат Унверситетнинг тарих факультетига сиртдан ўқишга кириб, уни мувоффақиятли тугатади. Диплом ишини “тожик ва ўзбек жангчиларининг Ленинград ва Сталинград йўналишларидаги иштироки” мавзусида ёзди. 1970 йилда ўқишни аспирантурада давом эттириб, 1975 йилда тарих фанлари номзоди илмий унвонига сазовор бўлди. 1969-1990 йилларида Душанбе Давлат педагогика институтда катта ўқитувчи бўлиб ишлади ва доцент унвонига эга бўлди. 1981 йилда докторлик диссертациясини муваффақиятли ҳимоя қилиб, тарих фанлари доктори илмий даражасини олган.
Юртбошимизнинг “Хотира ва қадрлаш куни” олдидан Иккинчи жаҳон уруши иштирокчиларини рағбатлантириш ҳақидаги Фармонига биноан Очилжон Ғайбуллаев Ленинград қамалида иштирок этгани ҳамда ғалабанинг 60 йиллиги муносабати билан Россия ҳукумати Санкт-Петербург шаҳридан бир хонали уй ажратган эди. Немис фашист босқинчлари устидан қозонилган Буюк ғаллаба муносабати билан Москва шаҳрининг бош майдонида бўлиб ўтадиган ҳарбий парадда ҳар йили иштирок этиб келган. Собиқ жангчи, моҳир педагог, жонкуяр мураббий 2009 йил 7 августда 87 ёшида вафот этган.
Бобом Очилжон Ғайбуллаев биз набираларига ўта меҳрибон эдилар. Мен ҳам бобом ва дадам Олимжон Ғайбуллаев каби улардан ўрнак олиб Бухоро Давлат унверситети тарих факультетига таҳсил олиб уларнинг касбини давом эттирмоқдаман. Мен олийгоҳда ўқиётган вақтда бобом унверситетга тез-тез ташриф буюриб баҳоларимни, ўқишимни суриштирар ва кўплаб бадиий ва илмий китоблар совға қилиб турар эдилар. У киши кўп вақт Тожикистонда фаолият олиб борган бўлсаларда туғилиб ўсган юрти Бухорони, ўз қишлоғини унутмас эдилар. Тез-тез келиб ўзлари ўқиган ва ишлаган мактабларида ўқувчилар даврасида бўлиб юзма-юз диллашишни хуш кўрардилар. Кекса қишлоқдошларимиз у кишини ҳамон ширин хотиралар билан ёдга олишади.
Ҳа, инсон азиз хотираси муқаддас. Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлган юртдошларимиз хотирасини ёд олиш, оловли жангоҳлардан омон қайтган, оғир кунларни сабр – бардош билан енган, машаққатли дақиқаларда ҳам ўзлигини йўқотмаган, иймони бутун юртдошларимизга ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш миллий қадриятга айланди. Бу ҳол ёшларни ватанпарварлик, меҳнатсеварлик, аждодларимизнинг энг яхши анаъналаридан фахрланиш, уларга муносиб ворислар бўлиш руҳида тарбиялашда катта аҳамиятга эга.
Кўплаб шогирдлар етиштирган Очилжон Ғайбуллаев 4 ўғил 2 қизнинг падари бузруквори, 23 наберанинг суюкли бобоси эди. Бобомнинг қўшни Тожикистон республикасидаги кўплаб шогирдлари , ғиждувонлик ҳамюртлари ва қишлоқдошлари ҳар қанча фахрланса арзийди.
Маъмура ҒАЙБУЛЛАЕВА, Бухоро вилояти Ғиждувон туманидаги
49-мактабнинг тарих фани ўқитувчиси.