Тошкент вилояти Ангрен шаҳрида уйсиз ҳайвонларни ушлаш хизмати ходимлари бошпанасиз жониворларни уриб, қийнаб, ўлдиришаётганлиги тўғрисида фуқароларимиздан “Меҳр ва Оқибат” ҳайвонларни ҳимоя қилиш жамиятига ариза келиб тушган. Бундай хизматларни халқ ўз тилида «отловка» деб атайди ва уни одамлар уйсиз ҳайвонлар учун бошпана деб ўйлайди. Аслида эса бир қафасда қолган жониворлар сув ва емишсизликдан бир-бирларини ғажишгача боришмоқда.
Мурожаатда айтилишича, болалар боғчаси яқинида жойлашган майдонча ҳудудида мушук ва кучуклар бешафқатларча, темир буюмлар билан бўғиб ўлдирилган. Энг ачинарлиси, ушбу ҳодисага ёш, бегуноҳ болалар гувоҳ бўлишган. Бугун шу каби шафқатсизликларни кўриб бети қотаётган болалар келажакда жониворларга қандай муносабатда бўлади?
Суратда тасвирланган уйсиз ҳайвонларни сақлаш жойи деворларидаги қон отиб ўлдирилган бошпанасиз жониворларники. Сўнг, уларнинг жасадлари полиетилен қопга солинади ва яшил «Дамас» машинасининг юкхонасига жойланиб, чиқинди полигонларидаги “Ҳайвонлар қабристони”га олиб кетилади.
Бу борада экожурналист Наргис Қосимова ўзининг ekolog.uz сайтида қуйидагича фикр билдиради:
“Ҳайвонларга шафқатсиз муносабатда бўлишнинг ижтимоий хавфлилиги, ҳайвонларни вояга етмаган шахслар кўз ўнгида қўпол ва асосланмаган равишда йўқ қилиш ёки уларга шикаст етказишдан, ҳайвонларга нисбатан муносабатда бўлишнинг умумэътироф этилган инсонпарварлик принципларини қўпол бузишдан иборат. Жиноят, қоидага кўра, воқеа шоҳидлари ва ҳайвонларнинг эгаларига аҳлоқий, руҳий зиён етказади.
Эгасиз жониворларнинг сонини назорат қилиш уларни ўлдириш орқали эмас, аксинча стериллаш, уларга ветеринария паспортини бериш, бошпаналар қуриш асосида амалга оширилиши зарур. Бу фаолият албатта давлат томонидан назорат қилиниши ва қўллаб-қувватланиши керак.”
Ўзбекистон Республикаси “Маъмурий жавобгарлик тўғрисида”ги Кодексининг 111-моддасига биноан, ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлиш, уларнинг ўлимига ёхуд майиб бўлишига сабабчи бўлиш, жониворларни қийнаш — базавий ҳисоблаш миқдорининг бир бараваридан уч бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса, — базавий ҳисоблаш миқдорининг уч бараваридан беш бараваригача миқдорда жарима солишга ёки ўн беш суткагача маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади.
Бугун афсуски, турли қонунлар қабул қилиниб, жазо турлари кучайтирилган бўлсада, орамизда жониворларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлаётганлар ҳамон учраб турибди.