Бугун 8 июнь куни “Турк ҳаво йўллари” авиакомпанияси Истанбулдан Фарғонага илк парвозини амалга оширди. Истанбулдан 165 нафар йўловчи билан Фарғона халқаро аэропортига келиб қўнган самолёт тантана билан кутиб олинди.
Фарғона халқаро аэропорти директори Тимур Халилов ва “Турк ҳаво йўллари”нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси бош директори Селим Қаҳриман самолёт трапи олдида рамзий лента қирқдилар.
Турк пилотлар ҳамда экипаж аъзолари нон ҳамда гуллар билан кутиб олинди.
Дунёдаги энг йирик авикомпаниялардан бири, жаҳоннинг 120 дан зиёд давлатларига, 300 ортиқ аэропортларга чартер ва мунтазам рейсларни амалга ошириб келаётган “Турк ҳаво йўллари” самолётлари ҳафтанинг сешанба ва жума кунлари Истанбул-Фарғона-Истанбул йўналишида қатновларни амалга оширади.
Эслатиб ўтамиз, “Ўзавиация” агентлиги томонидан 2021 йил 15 апрелда Туркия Республикасининг «Turkish Airlines» авиакомпаниясига Истанбул-Урганч-Истанбул ва Истанбул-Фарғона-Истанбул йўналишларида Ўзбекистон Республикасига мунтазам авиақатновларни амалга ошириш учун рухсатнома берилган.