Мазкур форум Ўзбекистон Республикаси туризмни ривожлантириш Давлат қўмитаси томонидан республикамизнинг чет эллардаги дипломатик ваколатхоналари кўмагида Ташқи ишлар вазирлиги, Дин ишлари бўйича давлат қўмитаси, Бухоро ва Самарқанд вилоятлари ҳокимиятлари ҳамкорлигида ташкил этилмоқда.
Тадбирдан кўзланган мақсад Зиёрат туризмини ривожлантиришда, халқаро ҳамкорликни кенгайтириш, бу соҳага тўғридан-тўғри инвестицияларни жалб қилиш, Ўзбекистонни дунёдаги энг катта зиёратчилик туризми марказларидан бири сифатида эътироф этиш ва сайёҳлик соҳасига ҳалол жаҳон стандартларини жорий қилишдир.
Ушбу форумда маҳаллий ва хорижий олимлар, диншунослар, туризм соҳаси мутахассислари иштирок этади. Тадбирнинг биринчи кунида оммавий ахборот воситалари вакиллари учун матбуот анжумани режалаштирилган. Меҳмонлар ва форум иштирокчилари учун Бухоро зиёратгоҳлари, Пешку туманидаги Ибн Сино музейи ва буюк олимнинг таваллуд топган машҳур Афшона қишлоғи учун саёҳатлар сафари режалаштирилган.
Форум доирасида хорижий экспертлар иштирокида мамлакатимиз туризм салоҳиятини ошириш, ислом маданиятини ривожлантиришда Ўзбекистон ҳудудидаги маданий-тарихий марказлар ролини ошириш мавзуларига бағишланган бир қатор тадбирлар режалаштирилган.