«Минг йилки, ложувард мавжлар сасида чағалайлар кирар йўқлаб тушимга…»

 

Наргиза АСАДОВА 1984 йил 27 январда Тошкент вилоятининг Қуйи Чирчиқ тумани Гул қишлоғида туғилган.

Тошкент давлат маданият институтини ҳамда Ўзбекистон Миллий университети қошидаги Олий адабиёт курсини тамомлаган.

“Ишқ остонаси”, “Юрагимнинг сарҳадлари”, “Настарин” номли китоблари чоп этилган.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси. 

Дарё

Минг йилки, ўзингга чорлайверасан,

Шовиллайсан бетин олиб хушимни.

Минг йилки, ложувард мавжлар сасида,

Чағалайлар кирар йўқлаб тушимга.

 

Англамоқ истайман, билмоқ истайман,

Минг оҳда тўлғаниб шивирла сиринг.

Майда ўзанларга тортмас хаёлим,

Ахир, юрагимга туташ манзилинг.

 

Бағрингда чайқалар кемадайин вақт,

Шамолга юз тутдинг асрлар оша.

Замонлар ўтса-да кокилинг тараб,

Сен мағрур малаксан, сен ҳамон ўша.

 

Заққум ютган эди кеча гирдоблар,

Йиғлаб қучар эди тарих бўйларинг.

Даҳшатмиди қонли “Жанги лой”ларда,

Ҳис этиш Темурнинг мағлуб ўйларин.

 

Кеча кечиб ўтди қирғоқларингдан,

Оқиб қанча захил ўтмишнинг зангги.

Ёнингда оғангдек туради Сайҳун,

Қилич қинга кирди, тинди жаранги.

 

Бугун кўзларингда мовийранг само,

Қуёшга кўзгусан ярақлар акси.

Оппоқ елканларда сузади орзу,

Мавжларингда авжи саболар рақси.

 

Дилгинамга кўчган азим тўлқинлар,

Нигоҳимда балққан, соғинч, зиёсан.

Яшаса-да қалбда сўнгсиз ҳайқириқ

Лек сен ҳамон сокин, Чирчиқ  дарёсан.

 

Гулдарахт

Ўтдан олиб сувга солдилар,

Ёнмоқ эди унинг қисмати.

Новдалари барқ урган эди,

Кураш эди асли тийнати.

 

Гуллаганди аллақачонлар,

Шамол тўкди тилакларини.

Айтишга-да улгиролмади,

Куз ҳақида эртакларини.

 

Юксалиб у кўкнинг тоқига,

Куйлар элтди ҳур япроқлари.

Кимга соя, кимга бошпана,

Дарахт эди ҳаёт чоғлари.

 

О, азалнинг кечмиши кемтик,

Чўқидилар бир кўзли зоғлар.

Қўрмадилар, кўролмадилар,

Гулдарахтни ҳаттоки боғлар.

 

Нур элаган офтоб биттадир,

Кўпдир аммо номсиз ўлкалар.

Бу очунга керак чамаси,

Тил-забонсиз соқов тўнкалар…

 

У куйлади токи ҳаётни,

Тирикликни, мовий самони.

Бир дарахтдек сева олди у,

Бужур юзли чиркин дунёни.

 

Кесишдилар, қўпоришдилар,

Ва боқдилар ёнишига жим.

Ё раб, энди куйган оғочдан 

Унган гулни кўрмасин ҳеч ким!

Гулниҳолни кўрмасин ҳеч ким!

 

Туш

Тонг қорайган юзлари шувут,

Тун ўзини тунда йўқотган.

Бефаришта энди бу ҳовли,

Кимдир унга зимдан ўқ отган.

Пеш айвондан қулаган устун,

Акам боғда ўтин ёради.

Зуваласи турмуш муштидан,

Уйда онам хамир қоради.

Қалдирғочнинг уйида чумчуқ,

Ин талашар бир уйда қушлар.

Синглим дейди – лабимда учуқ,

Ростга ўхшар кечаги тушлар.

Тун ўзини оқлар қошимда,

Юрагимни эзганда бир куй.

Нечун энди бунчалар ғариб,

Ҳиёнатни кўрмаган бу уй.

Жим ортидан боқиб йиғлайман,

Кетиб борар адашган одам.

Тушларимда дейман бу йўлдан

Она айтинг, қайтарми отам?..

Диққат! Агар сиз сайтда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб Ctrl+Enterтугмасини босинг.

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: