Унда иштирок этган ОАВ вакилларига иқтисодий бизнес журналистикаси бўйича билим ва кўникмаларини ошириш ва иқтисодий тараққиёт мавзусини таҳлилий ёритиш бўйича кенг маълумот берилди.
Ушбу бизнес-журналистика мавзусидаги лойиҳа ўзбекистон журналистларни қайта тайёрлаш халқаро маркази ҳамда Ўзбекистондаги Халқаро ҳамкорлик бўйича Германия жамияти ваколатхонаси ҳамкорлигида ташкил этилди. Лойиҳанинг асосий мақсади ўзбекистонлик журналистларнинг бизнес журналистикаси доирасида билим ва салоҳиятини оширишга қаратилган.
Семинарда Тошкент шаҳри ва вилоятлардан келган 30 нафардан ортиқ журналист ва блогерлар иштирок этди.
–Қайси мавзуни олиб қарамайлик, унинг негизида иқтисодиёт ётади. Нархларнинг ошиши ёки тушиши, солиқ бўйича имтиёзлар, халқимиз фаровонлигини оширишга қаратилган ислоҳотлар… Буларнинг ҳаммаси иқтисодиётга бориб тақалади. Ушбу тренингни ташкил қилишдан асосий мақсадимиз ҳам шу. ОАВ ходимларининг тренингларда фаол иштирок этиб, иқтисодий билимларини ошириши ва ахборот-технологиялардан фойдаланиши материални статистика билан бойитиб, самардорлигини оширишда қўл келади, – дейди бизнес-журналистика бўйича тренер Анора Содиқова.
Бўлиб ўтган семинарда таниқли бизнес-тренер, Ўзбекистон савдо-саноат палатаси раиси Даврон Абдуваҳобов, медиа-тренерлар Хотам Абдураимов, Нозима Тошпўлатоваларнинг кенг қамровли ва фойдали маърузалари тингланди. Иштирокчилар амалий машғулотларда турли иловалар воситасида иқтисодиёт тармоқларидаги очиқ статистик маълумотлар ҳамда ҳужжатлардан фойдаланиш кўникмаларига эга бўлишди.