“Ипак йўли дурдонаси” ХIV Тошкент халқаро кинофестивалига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди

13-18 сентябрь кунлари юртимизда “Ипак йўли дурдонаси” ХIV Тошкент халқаро кинофестивали бўлиб ўтади.

Кинематография агентлигида 13-18 сентябрь кунлари бўлиб ўтадиган “Ипак йўли дурдонаси” ХIV Тошкент халқаро кинофестивалига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди. Ташкилотчилар томонидан ОАВ вакилларига куз фаслининг орзиқиб кутилаётган маросими ҳақида барча тафсилотлар баён қилинди.

Тошкент кинофестивали дунёнинг 40 дан ортиқ давлатидан ташриф буюрадиган 500 га яқин актёр ва актрисалар, режиссёр ва операторлар, продюсер ва кинотанқидчилар, киношунослар, оммавий ахборот воситалари вакилларини кутиб олишга тайёр. Халқаро тадбир доирасида жаҳон продюсерларининг 150 та бадиий, ҳужжатли ва қисқа метражли фильмлари намойиш этилади. Уларнинг аксарияти бошқа халқаро кинофестиваль ва танловлар ғолиблари эканлиги фестивалнинг “Фестиваллар фестивали” мақомини исботлайди. Кинофестиваль кунларида кино ишлаб чиқариш, фильмлар намойиши, фильм яратиш жараёни билан боғлиқ 20 дан ортиқ кенг қамровли тадбирлар ўтказилади.

14 сентябрь куни “Киночилар уйи”да бўлиб ўтадиган ХIV Тошкент халқаро кинофестивалининг тантанали очилиш маросимини таниқли режиссёр Алексей Агранович олиб боради.

Қизил йўлакдан жаҳон кино юлдузлари, ШҲТга аъзо давлатлар ва кузатувчи мамлакатлар делегациялари, миллий кинолойиҳалар вакиллари, Бутунжаҳон кино кунлари делегатлари, Ўзбекистон Республикаси Кинематография агентлиги билан ҳамкорлик қилувчи киногуруҳлар ўтишади. Бу тадбирда дунёнинг 19 та таниқли кино мактаблари вакиллари, “Кино 5 кунда” танлови иштирокчилари ҳам қатнашишади.

Кинофестиваль юлдузлари: Такеши Китано, Арманд Ассанте, Бурак Ўзчевит, Нургул Ешилчай, Эда Эже, Сергей Безруков, Жонни Депп, Анил Капур, Тимур Бекмамбетов ва бошқалар. Кинофестиваль доирасида режиссёрлар, актёрлар ва замонамизнинг бошқа таниқли киноижодкорлари билан ижодий учрашувлар бўлиб ўтади.

Матбуот анжуманида хориждан ташриф буюрган кино юлдузларининг илк делегациялари табрик сўзларини изҳор этишди, улар яратилаётган имкониятлар учун Ўзбекистон ҳукуматига миннатдорлик билдиришди. Шунингдек, барча киноижодкорларга ушбу фестиваль ишида катта муваффақиятлар тилашди. Видео:

Диққат! Агар сиз сайтда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб Ctrl+Enterтугмасини босинг.

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: