Ўзида Шарқона ғўзаллик, нафислик, қулайлик ва ҳашамни уйғунлантирган мазкур тўплам таниқли дизайнер Дилдора Касимова ҳамкорлигида яратилган.
— “B Jeans” бренди остида жинси кийим-кечаклари ишлаб чиқараётган Бухородаги “BCT Cluster” пахта-тўқимачилик кластери Ўзбекистонда мода саноатини ривожлантириш, маҳаллий дизайнерлар билан ҳамкорлик қилиш ва улар фаолиятини қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратиб келмоқда, — дейди “B Jeans” бренди бош директори Аҳмад Раҳматов. — “Dildora Kasimova” модалар уйи билан ҳамкорликда коллаборация қилиш, жинси матосидан ноанъанавий янги тўплам яратиш ғояси ана шундай ижодий мулоқотлар туфайли пайдо бўлди.
Истеъдодли дизайнер Дилдора Касимова янги тўплам устида ишлар экан, аввало, жинси матосининг экологик тоза пахта толаси асосида ишлаб чиқарилиши билан яқиндан танишиб, матонинг сифати, юмшоқлиги, ранг ва тусларининг товланиши, уларга ноёб ишлов бериш усулларини ўрганди. Бу эса ўзида миллийликни тараннум этган замонавий либослар коллекциясини яратишда муҳим омил бўлди.
— Мен яратган либосларни кийган киши ҳар томонлама қулайликни ҳис этиши ўта муҳим, — дейди тўплам муаллифи Дилдора Касимова. — Жинси матоси эса ўз хусусиятига кўра пишиқ ва фойдаланиш жуда қулай. Шу боис ушбу матолардан тикилган либосларни деярли ҳар куни киямиз. Бу эса бизга янги ечимларни излаб топишга ундади. Менимча, “B Jeans” бренди билан ҳамкорликда бунинг уддасидан чиқа олдик.
“B Jeans”нинг миллий ҳунармандчилик ва замонавий мода анъаналарини ўзида мужассам этган янги либослар коллекцияси мутахассислар томонидан юқори баҳоланмоқда. Бу эса жинси матоси учун мода саноати ва жаҳон подиумлари сари кенг йўл очилаётганидан нишонадир.