Ҳамкасбим, Муҳаммаджон Валиев “ЎзА”да эълон қилинган “Жазо сиёсатидаги енгилликлар янги жиноятлар учун йўл очяпти(ми?)” сарлавҳали мақоласида ғоят ўринли, долзарб масалани қўтарди.
Ҳақиқатан ҳам, мамлакатимизда жавобгарлик ва жазодан озод қилиш асослари соддалаштирилди, айрим турдаги жиноятлар бўйича санкциялар енгиллаштирилди, жавобгарликдан озод этишга қаратилган рағбатлантирувчи нормалар жорий этилди.
Минг афсус, М.Валиев таъкидлаганидек, жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинган ва жазо енгилроғи билан алмаштирилган шахслар тузалиш йўлига ўтмасдан, содир этган жиноятидан тегишли хулоса чиқармасдан жиноят йўлига қайтмоқда.
Муқаддам судланган шахслар содир этган жиноятлар 2021 йилда 9724тани, 2022 йилда эса 11635тани ташкил қилган (19,6% ўсиш). Муддатидан илгари шартли озод қилинган шахслар содир этган жиноятлар 2021 йилда 168тани ташкил этган, ўтган йили 9,5%га ошиб, 184тага етган.
Хулоса шуки, судлар томонидан қўлланилаётган жазолар ахлоқ тузалиши учун етарли бўлмаяпти. Бунинг устига, муддатидан илгари шартли озод қилиш ҳолатлари янги жиноятларни содир этиш учун йўл очмоқда.
Жамиятимизда одамлар онгида “ҳечқиси йўқ, бир неча йилда чиқиб келади” деган тушунча мустаҳкамланиб бораётгани кишини хавотирга солади.
Халқаро тажрибада, хусусан, Европа давлатларида жазодан шартли равишда озод қилишда маҳкум содир этган жиноятлар оғирлик даражасидан қатъи назар, тайинланган жазо муддатининг маълум бир қисми (мас., учдан икки қисми) ўталганидан сўнггина у шартли озод қилинади.
Мисол учун, Испанияда 10 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси қўлланилган шахс жазонинг 7,5 йилини ўтаганидан кейингина озодликка чиқарилиши мумкин. Ўзбекистонда эса бу муддат 5 йилни ташкил этмоқда.
Ҳамкасбимнинг фикрига қўшилган ҳолда, жазони енгилроғи билан алмаштириш ва жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилиш учун талабларни ошириш мақсадга мувофиқ деб ўйлайман.
Айниқса, жамиятимиз чуқур хавотирига сабаб бўлаётган педофилия, қасддан одам ўлдириш ва шу каби оғир жиноятлар кўпайиб бораётган бир пайтда муддатидан илгари шартли озод қилиш ҳамда жазони енгилроғи билан алмаштириш тизими ва шартларини қайта кўриб чиқиш вақти келди.
Одилжон Тожиев
Ўхшаш хабарлар
-
Тўсиқсиз ёки инклюзив муҳит – ногиронларнинг фуқаролик фаоллиги кафолати
-
Америкалик муҳандис Темурийлар даврини виртуал реалликда яратмоқчи
-
КИБЕР ЖИНОЯТЧИЛИК ҲУЖУМИДАН ЭҲТИЁТ БЎЛИНГ
-
МАДАНИЙ МЕРОС ҲАФТАЛИГИ ДОИРАСИДА ҚУРЪОН КУНИ БЎЛИБ ЎТДИ
-
Гендер тенгликни таъминлашда фуқаролик жамияти ролини кучайтириш лойиҳаси амалга оширилмоқда