Самарқандда чоп этиладиган “Самаркандский вестник” газетасининг маълум қилишича, вилоятда туризмни ривожлантиришга қаратилган бир қатор аҳамиятли лойиҳаларни ҳаётга жорий этиш режалаштирилмоқда. Хусусан, Жомбой, Булунғур, Тойлоқ, Пайариқ ва Оқдарё туманлари тадбиркорлари томонидан вилоят раҳбариятига тақдим этилган ҳужжатларда умумий қиймати 45,34 миллион АҚШ долларига тенг бўлган 26 та лойиҳа жамланган. Улар орасида экотуризмни ривожлантиришга қаратилган қизиқарли лойиҳа ҳам бор. Бу режа Тойлоқ туманида ботаника боғи, логистика маркази, Шарқ бозори, меҳмонхона ва оранжереялар қурилишини кўзда тутади.
Bro Beans МЧЖ раҳбари Даврон Равшановнинг айтишича, Бирлашган Араб Амирликларидан сармоядор ҳамкорлар билан икки томонлама фойдали келишувларга эришилди. Улар умумий қиймати 7 миллион долларлик лойиҳага 6,2 миллион доллар инвестиция киритишга қарор қилишган.
–Мазкур йирик лойиҳа доирасида Самарқанд вилоятида экотуризмни ривожлантириш назарда тутилади, – дейди Даврон Равшанов. – Масалан, 4 гектарлик майдонга гуллар, мевали дарахтар, цитрус мевалар экилади. Шу ҳудуддаги ресторанда сайёҳлар ўзи терган мевалардан татиб кўришлари мумкин бўлади. Бундан ташқари, тропик ўсимликлар ўсувчи ботаника боғи яратишни ҳам режалаштирмоқдамиз. Шу ернинг ўзида sky-ресторан, яъни осма ресторан очилади. Унда сайёҳлар боғ бўйлаб сайр қилишлари мумкин.
Ушбу туристик мажмуа бир гектар катталикдаги майдонни эгалловчи Шарқ бозорини ҳам ўз ичига олади.