2018-йил 24-ноябрда Ўзбекистон Республикаси Туризмини ривожлантириш давлат қўмитаси ҳамда Хитой Халқ Республикаси Шэнси провинцияси Сиан шаҳри вакиллари ўртасида ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйишга қаратилган учрашув ўтказилган эди. Учрашувда Хитойдан Хан Шуи Тиан Яо компанияси раҳбари жаноб Гао Лонг, Хиан Жой Интернационал компаниясининг раҳбари жаноб Ҳан Жун Фенг ва Сиан авиакомпаниялари билетлар сотиш бирлашмаси бошлиғи Тао Жиан хоним иштирок этди. Тадбир давомида Сиан шаҳрида жойлашган идора қўмита вакилларига 3 йил давомида бепул фойдаланишга берилиши тўғрисида меморандум имзоланди. Шунингдек, делегация вакилларининг келишувига мувофиқ Хитойдан Ўзбекистонга сайёҳлар оқимини ошириш мақсадида Тошкент-Сиан-Тошкент йўналиши бўйича бир нечта рейслар амалга оширилиши кўзда тутилган. Айни пайтда вакилларимиз Ўзбекистоннинг туризм салоҳияти ва миллий маҳсулотлари тарғиботини фаол йўлга қўйиш бўйича амалий ишларни бошлаб юборишди.
Хитойлик ҳамкорларимиз ҳам юртимиз туристик имкониятлари тарғиботига муносиб ҳисса қўшишмоқда. Мисол учун, Хитойнинг 400 000 дан ортиқ аъзога эга сайтида (WЭ ЧАТ), Ўзбекистонда туризм соҳасида амалга оширилаётган ўзгаришларга бағишланган мақола чоп этилди. Бу мақола “Ўзбекистонга визалар яна соддалаштирилди! Э-визанинг бир нечта турлари жорий этилди!” деб номланади.
Мақолада Ўзбекистонда жорий қилинган соддалаштирилган виза олиш тартиби, электрон визага сўровнома юбориш ва аризани қандай тўлдириш бўйича кўрсатмалар берилаган, шунингдек, қайси мамлакат фуқаролари юртимизга визасиз кириши мумкинлиги ҳақида батафсил маълумот берилади. Бу хабарда Ўзбекистон хавфсиз мамлакат сифатида эътироф этилгани сайёҳлар оқимининг ошишига сабаб бўлаётгани таъкидлаб ўтилган.
Ҳамдўстлигимиз равнақ топмоқда
Халқларимиз ўртасидаги дўстона алоқалар қадимий Ипак йўли тарихи билан чамбарчас боғлиқдир. Буюк Ипак йўли орқали бизнинг аждодларимиз Хитойдан ипак, чинни, чой ва бошқа маҳсулотларни олиб келишган. У ёққа эса атлас, адрас, жун, мисгарлик ҳамда кулолчилик буюмларини олиб бориб сотишган. Шу тариқа халқларимиз ва маданиятларимиз ўртасида алоқалар ўзаро мустаҳкамланиб борган.
Хитой – бугунги кунда Жаҳонда тараққий топган қудратли давлатлардан бири. Бугун Ўзбекистон ҳамда Хитой ўртасида кўпгина соҳаларда ҳамкорлик ришталари ўрнатилмоқда. Юртимизда “NARIMTEKS” МЧЖ (Фарғона), UzXCMG (Урганч), «Бухоро бриллиант силк» каби кўплаб ўзбек-хитой қўшма корхоналари ташкил этилган, улар бир неча йиллардан буён самарали фаолият олиб бормоқда. Икки томонлама сайёҳлик алоқаларини ривожлантириш: ўзбекистонликларнинг Хитойга, хитойлик саёҳатчиларнинг Ўзбекистонга ташрифи учун кенг имкониятлар яратиш борасида ҳам кўпгина ишлар амалга оширилаётир.
Шэнси вилояти ҳудудига қарашли Сиан шаҳрида иш олиб бораётган қўмита вакиллари Хитойда туризм соҳасида йўлга қўйилган янгиликлар, қулайликлар, самарали лойиҳаларни ўрганиш, сайёҳлар эътиборини жалб этувчи маданий тадбирларни ташкиллаштиришга муносиб ҳисса қўшмоқдалар.
Ипак йўли Сиан шаҳридан бошланган
Биласизми, қадимда Марказий Осиё ва Хитойни бирлаштирган Буюк Ипак йўли айнан Сиан шаҳридан бошланган.
Шаҳарнинг диққатга сазовор масканларидан бири Шэнси вилояти тарих музейидир. Бу замонавий ускуналар билан жиҳозланган музей 50 минг кв метр ҳудудни эгаллайди. Музей залларида неолит давридан Цин сулоласи давригача мансуб 300 дан зиёд экспонатлар сақланади.
Шаҳарнинг муҳим объектларидан бири – Мин даврида бунёд этилган қадимий девор. У бундан 600 йиллар олдин тупроқ, гуруч елими ҳамда сўндирилган оҳакдан барпо этилган. Шаҳар девори тўғри тўртбурчак шаклида, у 11,9 км га чўзилиб кетган. Бўйи – 12 метр, тепа қисмининг кенглиги –12-14 метр, пойдеворининг кенглиги – 15-18 метр. Деворнинг 4 та қоровул минораси ва 4 та дарвозаси мавжуд.
Сиан шаҳридаги энг аҳамиятли жой – Сиан масжиди. У Хитойдаги 4 та йирик масжидлардан бири саналади. Бу масжид XVIII асрда қурилган бўлиб, Хитой архитектураси услубида барпо этилган. Ушбу масжиднинг ҳовлисига барча сайёҳлар кириб айланиши мумкин. Аммо намоз ўқиладиган залга фақат мусулмонларнинг киришига руҳсат берилади. Қадимда Буюк ипак йўли орқали Хитойга келган савдогарлар шу масжидда тўхтаб намоз ўқишган.
Маълумот учун: Сиан – Шэнси провинциясининг маркази бўлиб, “ғарб дунёси” маъносини англатади. Шаҳар Хитойнинг шарқий қисмида Вей дарёсининг Ханхе ирмоғи бўйидаги Гуанчжун текислигида жойлашган. У Хитойдаги энг қадимий тўрт шаҳарнинг бири. 3 минг йиллик тарихга эга ушбу шаҳар 1100 йил давомида 11 та сулола императорларининг ҳукмронлик маркази бўлган.
1992 йилда Хитой ҳукумати қарорига биноан Сиан шаҳрига очиқ шаҳар мақоми берилган. Айни вақтда мазкур шаҳарда 4 млн. Аҳоли истиқомат қилади. Аҳолининг зичлиги 1 кв км га 2037 нафар кишидан тўғри келади. Фуқароларнинг 99 фоизи этник хитойликлардир.
Манзура БЕКЖОНОВА.