Ота-онанинг хато қилишга ҳаққи йўқ

Шифокорларнинг, ҳайдовчиларнинг хато қилишга ҳаққи йўқ. Бу хато инсон ҳаётига нуқта қўйиши мумкин. Ота-она ҳам хато қилишга ҳаққи йўқ. Негаки, улар хатога йўл қўйса инсон тақдири хавф остида қолади.

Халқимизда “бир фарзандга етти маҳалла ота-она” деган мақол бор. Бу гап бежиз айтилмаган, албатта. Ота-боболаримизнинг кузатишлари, ҳаётий тажрибалари натижасида ўз исботини топиб, бугунги кунгача етиб келган. Афсуски, баъзилар бола тарбиясига ўзгаларнинг аралашувини хоҳламайди. Эркатойининг хатосини айтиб келган қўни-қўшни балодек кўринади, кўзига.  Фарзандни қилган хатоси учун койиш керакми, ёки ҳимоя қилиш? Бу унинг келажаги учун қанчалик муҳим? Вақтида берилмаган тарбия эса…

Суд материаллари асосида тайёрланган ушбу мақолада барча исм фамилиялар ўзгартириб берилмоқда. Қанийди, исмларни ўзгартиргандек тақдирларни ҳам ўзгартириб бўлса…

Биринчи қадам…

Дарс тугаб, танаффусга қўнғироқ чалингач, 8-синфнинг ўйинқароқ ўқувчилари ташқарига ошиқди. Лола Нуриддинова эса ҳеч қаёққа шошилмасди. Синфдоши Сабина Тўраеванинг чизмачилик фанида ишлатадиган ҳеч кимда йўқ ўқув қуроллари жамланмасини ўзиники қилиш истаги хаёлини банд этган. Мана, у кутган қулай имконият, синфда ўзидан бошқа ҳеч ким йўқ.

Синфдошининг сумкасини кавлаб, ўқув қуролларини излар экан, юраги тез-тез уриб, қўллари титрай бошлади. Кимдир уни кузатиб тургандек туюлди. Қўрқа-писа эшик томонга ўгирилар экан, ҳеч ким йўқлигини кўриб, ҳаракатни жадаллаштирди. Излаган нарсасини топиб, сумкасига солди. Кўзлари олазарак қиз ишни бажариб бўлгач, чуқур нафас оларкан қўллари ҳамон титраётганини сезди. Аммо ғишт қолипдан кўчиб бўлган, воқеанинг давоми уни хавотирга солаётганди.

Мактаб ҳовлиси шовқин-сурон, барча синфдошлари болаликнинг беғубор осмонида кезиб ўйнашмоқда, синфхонада ёлғиз қолган Лола эса жуфтакни ростлаш пайида. Кириш қўнғироғи чалинди. 4-соат чизмачилик фани. Кетмаса, ўғирлиги фош бўлиши мумкин…

Уйига етиб келганида ҳам кимдир кузатиб тургандек туюлди. Ҳозир синфдоши онаси билан келиб ёқасидан оладигандек бўлаверди. Тушгача содир бўлиши кутилган жанжалга тайёр турди. Ўқув қуроллари жамланмасини ҳам яшириб қўйди. Хаёлан ўзини оқлаш учун турли баҳоналар излади. Аммо у кутган ходиса содир бўлмади. Ҳеч ким билмади, дея  қувонди. Буюмларни яшириб қўйган жойидан олиб, томоша қилди. Барча қўрқув ўтди, энди хавотирга ўрин йўқ. Бироқ у билмасдики, синфдошлари ўғирлик содир бўлганини сезишган ва ҳамманинг гумони дарс тугамай кетиб қолган Лоладан эди.

Сабина уйига йиғлаб келди. Бўлган воқеани ва гумонини айтди. Онаси ўша қизнинг уйига бормоқчи бўлди, бироқ бувиси “қўйинг, талашиб юрасизми, ундан кўра бошқасини олиб бера қолинг”, дея келинини шаштидан қайтарди. Эртаси куни Сабина ҳеч нима демаса-да, унинг нигоҳида “ана, ўғри келяпти, нарсаларингга эҳтиёт бўлинглар”, деган маъно мужассам эди. Синфдошларига эътибор ҳам бермайдиган қиз негадир барчага бир-бир қараб чиқди. Ёнидан ўтиб кетаётган синфдошлари худди “сен ўғрисан, олган нарсангни қайтар”, деяётгандек туюларди.

Аммо айнан ўғирлик устида қўлга туширмагани учун ҳам ҳеч ким унинг айбини юзига айта олмади. Жазоланмай қолган кичик ўғирлик янада каттароқларига йўл очди.

Иккинчи қадам…

Лола мактабдан қайтар экан, кўзи бошланғич синфда ўқийдиган Ҳакимага тушди. Ҳе йўқ, бе йўқ ёқасидан ушлаганча ўзига тортди.

— Агар онангнинг пардоз буюмларини олиб чиқиб бермасанг, ўлдим деявер. Калтагимни емайман десанг, айтганимни қил, зумраша! Тушундингми?

Қаттиқ қўрқувга тушган қизалоқ айтилган нарсаларни сумкасига солиб қўйди. Эрталаб қизининг сумкасига тушлик соларкан, она ўзининг пардоз буюмларини кўриб ҳайрон бўлди. Ҳоли-жонига қўймагач, қизи йиғламсираб бўлган воқеани сўзлаб берди. Юрак олдириб қўйган Ҳакимани мактабга олиб борар экан, директор қабулига киришни кўнглига тугди. Аксига олиб мактаб раҳбари ҳам, ўриндошлари ҳам йўқ экан. Ўйлаб ўтирмай, Лоланинг уйи томон йўл олди. Катталар билан гаплашиб, қизини тергаб қўйишни, тартибга чақиришни сўрамоқчи бўлди.

Узоқ тақиллатилгандан сўнг ниҳоят, дарвоза очилди. Уй эгаси хушламайгина саломлашди. Келгувчининг сўзларни эшитгани сари қошлари чимирилиб, паст-баланд бўла бошлади. Шу пайт мактабдан қайтган қиз уларни кўриб, ранги оқарди. Секингина онасига разм солди – авзои бузуқ, аҳвол чатоқ. “Қўлга тушдим” дея ўйлаб улгурмасидан онаси аёлга бақириб, қизини ҳимоя қила бошлади. Аввалига ўзини йўқотиб қўйган меҳмон бироз каловланиб қолди-да, ҳафсаласи пир бўлиб изига қайтди.

Учинчи қадам…

Айни туш вақти, қуёш забтига олган. 6-синфда таҳсил оладиган Алижон сигирлари учун аравада пичан олиб кетарди. Кўча бошидаги дўкон олдига етганда болакай Лолага тўқнаш келиб қолди. Юқори синф ўқувчиси бўлган қиз уни судраб, тор кўчага олиб кирди. Қўли билан унинг бўйнидан қисиб ушлаган ҳолда юзига шапалоқ туширди. Тиззаси билан ураётган бир вақтда қўшниси кўриб қолди. Отнинг қашқасидай таниқли бўлиб қолган безори қизнинг ҳаракати уни асабийлаштирди. “Нима учун ураяпсан”, дея улар томон югурди. Қўшнисининг шаштидан қўрқдими, болани қўйиб юбориб, уйи томон кетди.

Ўн минг сўм ундириш учун “Ўлдириб, тоғу тошлар ортига обориб ташлайман, ҳеч ким тополмайди!”, деган қиздан қўрқса қўрққулик…

Тарбиянинг ҳосили…

Одатда қиз болага лобар, чевар, назокатли каби таърифлар берилади. Лола Нуриддинова эса ўз “ҳунари” ортидан “Жоду” деган лақаб орттирди. Жабрланувчилар охири мактаб маъмуриятига мурожаат қилишди. Аммо бир неча бор тартибга чақирилса-да, Лолага ҳеч гап сўз кор қилмади.

Маҳалла, мактаб, оила тарбиялай олмаган Лола Нуриддинова суд ҳукми билан махсус калонияга юборилди.

Инсон онадан жиноятчи ёки фирибгар бўлиб туғилмайди. Тўғрилик, одамийлик фазилатлари ота-она ибрати билан оилада шаклланади. Аммо болага хатосини англатиши керак бўлганларнинг ўзи хато йўлда бўлса-чи?..

Шифокорларнинг, ҳайдовчиларнинг хато қилишга ҳаққи йўқ. Бу хато инсон ҳаётига нуқта қўйиши мумкин. Ота-она ҳам хато қилишга ҳаққи йўқ. Негаки улар хатога йўл қўйса инсон тақдири хавф остида қолади. Агар онаси қизидаги қўли эгрилик белгиларини сезгандаёқ, бу йўлдан қайтарганида, унга яхши-ёмонни фарқлашни ўргатганида, ўғриликнинг оқибатларини тушунтирганида Лола бугун тенгдошлари қаторида юрмасмиди? У ўзидаги шижоатни билим олишга, жамиятга ва ўзига фойда келтирадиган бошқа машғулотга сарфлаши мумкин эди. Балки уни спорт секциясига йўналтиришганда бирон спорт туридан жаҳон чемпиони бўларди… Афсуслар кўп, аммо… кимлар учун энди кеч, кимлар ўз вақтида хулоса чиқариб олишар балки…

Чарос ЁҚУБОВА

Диққат! Агар сиз сайтда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб Ctrl+Enterтугмасини босинг.

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: