Бу мамлакат бугунги кунда жаҳонга экспорт маҳсулотлардан ташқари сифатли инсон ресурсларини ҳам етказиб бермоқда. Улар ақлий меҳнатга лаёқатли инсон ресурсларидир. Хитойлик мутахассислар дунёдаги кўплаб мамлакатларнинг технологик ривожига катта ҳисса қўшишяпти.
Хитойлик дўстларимизнинг халқимиз каби меҳнаткашлигини гуруҳимиз билан Чанлэ туманидаги текстиль корхонасига ташрифимиз чоғида мазкур иншоот ташкил қилинишига доир ҳужжатли фильмни кўрганда дилдан ҳис қилдик. Одамлар қурилишга яроқсиз, сувли ҳудудни тупроқ билан кўмиб, кўп машаққатлар эвазига битта шаҳар катталигидаги майдонда корхонани бунёд этишган экан. Биз иншоот нега айнан шу ҳудудда бунёд этилгани сабаби билан қизиқдик. Маълум бўлишича, корхона раҳбари шу туманда туғилиб, вояга етган ва уни ободонлаштириш, иқтисодини кўтаришни ўз олдига мақсад қилиб қўйган экан. Шунингдек, корхона маҳсулоти учун зарур хомашё манбаси шу ҳудудга яқин жойлашган ва ушбу сувли ноқулай ерда ишлаб-чиқариш ташкил қилгани учун тадбиркорга солиқдан имтиёз берилган экан.
Шундай қилиб, бу узоқни кўра оладиган ишбилармон инсон 1 миллиард АҚШ доллар сармояни шу ҳудудни ўзлаштиришга, унда кўп қаватли автоматлаштирилган юксак салоҳиятли корхона ташкил этишга сарфлабди. Бу корхона ташкил қилинганига бор-йўғи уч йил бўлган бўлса-да фаолиятда жуда катта ютуқларга эришибди.
Корхона қурилишига оид лавҳаларни кўрар эканмиз, кўз олдимизда ўзбек халқининг катта Фарғона канали қурилишидаги ғайрат-шижоати, фидокорона тер тўккан лавҳалари бир-бир ўтди. Афсус, қанча меҳнат ўтган мустамлакачилик сиёсати қурбони бўлди…
Аммо бизда айни кунларда олиб борилаётган реформалар, давлат раҳбарининг куюнчаклик билан ҳаммани яратувчанлик, бунёдкорлик, тадбиркорликка руҳлантириши, турли соҳаларда қўлга киритаётган ютуқларимиз келгусида юртимизнинг ҳам юқори тараққиёт пиллапояларига чиқишига ишонч ва умид беради. Бу мақсадларга эришишда юрт оғасига хайриҳоҳ бўлиб, жамиятдаги коррупция, ўзибўларчилик, дабдаба ва маишатбозликка қарши якдил курашишимиз керак.
Бу йўл ёлғизоёқ йўл эмас, уни босиб ўтган, кечмиши, руҳияти, орзу ва интилишлари бизга яқин бўлган халқлар тажрибасини ўрганиш, уларнинг ютуқларидан намуна олиб, хатоларидан тўғри хулоса чиқариш фойдадан ҳоли бўлмайди.
Манзура БЕКЧАНОВА