“Биз ватанимизни севамиз!” деб ёзилган пешлавҳалар йўқ, аммо…

Бор экан-да йўқ экан, оч экан-да тўқ экан, уч томони cувлар билан ўралган ярим оролда Чин мамлакати бор экан…Унинг кексалари ҳикматли, ёшлари ҳимматли, қозилари адолатли экан…

Дарҳақиқат, Чин ўлкаси ҳақида қадимий эртак ва ривоятлар орқали болалигимиздан бизда афсонавий тасаввурлар шаклланган. Уларда ўз бахтини излаб узоқ сафарга чиққан ёшлар, уларнинг доно кексалар билан учрашиб, ҳаёт фалсафасини ўргангани, саёҳатдан топган ҳикмати – фақат меҳнат ва ақл-идрок ёрдамида бахтга эришиш мумкинлигини англаганликлари ҳақида ҳикоя қилинади.

Кейинчалик биз тарих китобларидан Марказий Осиё ва Хитойни бирлаштирган Буюк Ипак йўли, бу карвон йўли орқали ота-боболаримизнинг Хитойга пахта, адрас ва кимхоб олиб боришгани у ёқлардан чой, чинни ва ипак кабиларни олиб келишгани, мазкур йўл воситасида чин ва туркий халқлар ўртасида дўстона алоқалар ривожланганини билиб олганмиз.

Ўрта асрларда пайдо бўлган “Барча йўллар Римга олиб боради” деган мақолнинг маъносини биласизми? Рим қадимдан архитектура ва маданият маркази бўлган. Бу муҳташам шаҳарнинг донғини эшитган инсонлар дийдорини кўриш учун ошиқишган.

Хитой ҳам қадимда савдо йўлларини бирлаштирган тамаддун бешикларидан бири эди. Бугун у кўпгина машаққатли синовларни ортда қолдириб, том маънода яна ўзининг қадимий мақомига эришди – энг етакчи савдо марказларидан бирига айланди. Ҳозирда дунёнинг асосий савдо йўллари Хитойда туташмоқда!

Бизнинг Хитой халқи билан тилимиз, динимиз, урф-одатларимиз турлича бўлса ҳам тарихий илдизларимиз бир-бирига туташиб кетган, минтақаларимиз бир, ирқимиз бир, бизни ўзига хос шарқона хайрихоҳлик ва самимият ришталари боғлаб туради.

Бунга бир гуруҳ журналистлар қатори Хитойга борган сафаримиз чоғида яна бир бор амин бўлдик. Ташрифимиз Хитой Халқ Республикасининг Ўзбекистондаги элчихонаси, Хитой халқ ҳамдўстлик жамияти ҳамда Ўзбекистон журналистларни қайта тайёрлаш халқаро маркази томонидан ташкил этилган бўлиб, хитойлик ва ўзбекистонлик журналистларнинг ўзаро тажриба алмашишларига қаратилди. Барча сафар ҳамда саёҳат харажатлари Хитой ҳукумати томонидан таъминланди.

Пекин шаҳрига қадам қўйишимиз билан бу мамлакатнинг мўъжизавий тараққиётига, тинчлиги ва даҳлсизлигига пойдевор бўлган нарса нима эканлигини билишга, сўраб, кузатиб, таҳлил қилишга ҳаракат қилдик.

Балки бу барча масъулият билан амал қилувчи қатъий интизомдир, балки барча соҳаларни автоматлаштиришга эришган онгли бошқарувдир, балки аввало Хитой сиёсатчиси Дэн Сяопиннинг ўз вақтида мамлакатни ривожлантириш борасида олиб борган оқилона реформаларидир…деган кўплаб фаразлар бор эди.

Ҳа, Чин мамлакатининг доно раҳбарларидан бири Дэн Сяопин жорий этган реформаларнинг аҳамияти шунда эдики, у тамоман икки қутбда бўлган коммунизм ғоялари ҳамда бозор иқтисодиёти тушунчаларини бирлаштириб, социалистик жамиятда хусусий мулкчилик ривожига кенг йўл очиб берди. Бу буюк инсоннинг менга маъқул бўлган ҳикматларидан мисол келтираман:

“Жим бўлиб, кўп ишлаш керак”!“Ҳеч қандай муҳокаманинг кераги йўқ! – Бу мен кашф этган энг яхши хулосалардан бири”“Дунёга деразангни каттароқ очсанг, у ердан, албатта, чивинлар учиб киради”

Совуққон кузатинг, ҳар қандай ҳолатга тайёр бўлинг, қатъий туринг, ўз имконият ва режаларингизни ошкор этманг ва мақбул фурсатни кутинг, ҳеч қачон олдинга чиқиб олишга ҳаракат қилманг, ҳар бир ишни якунига етказишга қодир бўлинг”.

Дарҳақиқат, табиатан камтар, эътирофга арзирли ютуқларидан мағрурланиб кетмаган хитойликлар бу ҳикматларга қатъий амал қилишмоқда. Шу билан бирга, тараққиёт пиллапояларидан кўтарилиб боришда йўлбошчиларга халқнинг ишончи ва хайриҳоҳлиги ҳам муҳим роль ўйнайди. Ҳар бир ишда тартиб-интизом, ўз вазифасига виждонан ёндашув аксарият халқ вакилларининг қон-қонига сингиб кетган. Уларнинг кўчаларида “Биз ватанимизни севамиз!” деб ёзилган пешлавҳалар йўқ, аммо бу ҳақиқатни одамларнинг юз-кўзи, қилаётган ҳалол меҳнатидан билиб олиш мумкин. Уларнинг шиори “Керакми, демак уддалайман!”.

Умуман Хитойда ҳар бир ташкилотнинг ходимлар руҳиятига шижоат бағишловчи шиори бор. Масалан, ёшгина аммо кенг қамровли маҳсулотининг 70 фоизи чет элга экспорт қилинаётган “H&C” хусусий корхонасининг шиори: “Мен гўзаллик яратаман!” Мазкур корхонада кўпгина текстиль маҳсулотларининг таркибига қўшилувчи спандекс (сунъий ипак) тола ишлаб чиқарилади. Қадимда Чин мамлакати табиий ипак тола етиштиришни биринчи бўлиб йўлга қўйган эди, эндиликда жаҳон текстиль саноатига табиий толали матолар мустаҳкамлигини оширувчи мўъжизавий сунъий ипак етказиб бермоқда. Шу биргина корхонада ўнлаб рационализаторлик таклифларини бериб борадиган олимлар гуруҳи фаолият олиб боради. Уларга ижодий яратувчанликка йўналтирувчи шарт-шароитлар яратиб берилган.

Хитойликлар бизнинг халқимиздек бардошли, меҳнаткаш, кўзлаган мақсадига, албатта, эришадиган халқ экан. Сабрли демаган бўлардим. Биласизми, сабр деганда баъзан осмондан тушадиган, ғойибона бахт ва омадни кутиш тушунилади. Агар сабрли сусткаш бўлганда улар шунча тез фурсатда жадал тараққиётга эришмаган бўларди. Бизга тарихдан маълум бундан бор-йўғи 30-40 йиллар аввал Хитой иқтисодий инқирозни бошдан кечирган. Хитойлик дўстимиз Чаннинг айтишича унинг болалиги ўтган 70-йилларда ҳатто ейишга гуруч бўлмаган экан, очликдан қийналган аҳоли чигирткаларни еб кун кўришган. Шунинг учун бу халқ боқимандалик кайфиятидан йироқ, “Қийинчиликда фақат ўзингни ўзинг қутқаришинг мумкин” деган шиорга амал қилишади. Улар борни еб йўқ қилишмайди, тиришиб-тармашиб, йўқдан бор қилишнинг уддасидан чиқишади.

Хуллас, узоқ йиллар давомида асосий эътиборини кўп сонли аҳолисини боқиш, очликни енгишга қаратган Хитой ҳозирга келиб, жаҳондаги иқтисодий куч-қудратга эга Япония, Буюк Британия, Франция, Германиядек ривожланган давлатларни ортда қолдириб, АҚШ дан кейинги иккинчи ўринга чиқиб олди. Иқтисодиёт файласуфларининг башорат қилишларича биринчилик тантанасига ҳам узоқ вақт қолмади. Ким қилич билан, ким сиёсат билан, ким бошқа нарса билан забт этишга уринган дунёни Хитой экспорт маҳсулотлари билан эгаллаб олди. Савдо бозорлари истеъмолчилари эътиборини ўз мафтункорлиги ва салоҳияти жиҳатидан ихтиёрий асосда жалб эта олди.

Диққат! Агар сиз сайтда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб Ctrl+Enterтугмасини босинг.

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: