“Ўзбекистон темир йўллари” АЖ Хива шаҳрида қадимий услубда лойиҳалаштирилган учта замонавий меҳмонхона қурилишини якунига етказмоқда, деб хабар берди Podrobno.uz.
Ушбу иншоотлардан иккитаси қадимий шаҳарга деярли “икки қадам” бўлган ҳудудда қад ростламоқда. Биттаси яқин кунларда фойдаланишга топширилади. Ушбу меҳмонхона 74 ўриндан иборат бўлиб, турли тоифадаги 41 номердан ташкил топган.
“Меҳмонхона биноси икки қаватли, шарқона ва миллий анъаналарга мувофиқ қурилган ва ҳудуднинг барча ранг-баранглигини ўзида акс эттиради. Сайёҳларга қулай бўлиши учун мазкур меҳмонхона темир йўл вокзалининг шундоқ ёнгинасида барпо этилди. Бугунги кунда бу ерда якуний пардозлаш ишлари амалга оширилмоқда”, – деб маълумот берди АЖ ахборот хизмати.
Қолган 56 ва 84 ўринга мўлжалланган икки меҳмонхона Ичон-Қалъа ва Дешон-Қалъа тарихий ёдгорликлари марказида жойлашган. Лойиҳа муаллифларининг ғоясига кўра уларда сайёҳлар учун жаҳон стандартларига жавоб берадиган барча шарт-шароитлар муҳайё этилади. Шу жумладан, усти ёпиқ чўмилиш ҳавзаси, сауна ҳамда ресторанлар ҳам қурилиб фойдаланишга топширилади.
“Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, меҳмонхоналар Ичон-Қалъа қўриқхонасига яқин бўлгани учун уларга жойлашган сайёҳлар бемалол ажойиб ёдгорликлар жойлашган қўриқхонага пиёда келиб, уни айланиб кетишлари мумкин. Бунда умуман транспортга эҳтиёж бўлмайди. Қурилиш ишлари ниҳоясига етгач, бу меҳмонхоналарда 85 нафар ишчи-ходимлар учун иш ўринлари яратилади”, – дейди “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ мутахассислари.
Темирйўлчиларнинг саъй-ҳаракатлари билан бир вақтда “Хива-Локомотив” паркининг бунёдкорлик ишлари ҳам жадал олиб борилмоқда. Мазкур паркнинг умумий майдони 10 гектар бўлиб, бу ерда 22 турдаги замонавий аттракционлар ўрнатилади. Ҳудуд кўкаламзорлаштирилиб, меҳмонларга хуш кайфият бахш этувчи 2500 дан ортиқ маданий дарахтлар, буталар, шунингдек 15 турдаги гул кўчатлари экилади.
Булардан ташқари, ушбу ҳудудда иллюминаторли чироқлари бўлган учта мусиқий фаввора, 500 ўринлик амфитеатр ва 0,5 гектар майдонни эгаллаган сунъий кўл бунёд этилиши кўзда тутилмоқда.