Шу куни эрталаб соғлом турмуш тарзини саломатлик асоси деб билган ҳамюртларимиз Тошкентнинг «Миллий» стадионида жам бўлишди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати хабарига кўра, марафонда вазирлик марказий аппарати ходимлари, тизимдаги муассасалар раҳбарлари, тиббиёт олий ўқув юртлари ректорлари ҳам фаол иштирок этган.
–Ҳозирги даврда асосан катта шаҳарлар аҳолиси камҳаракатлик оқибатида келиб чиқадиган муаммолардан азият чекмоқда. Ҳолсизлик, уйқучанлик, уйқунинг бузилиши, диққат-эътиборни жамлашнинг секинлашиши, хотиранинг пасайиши, сабабсиз чарчаш, семизлик каби белгилар айни пайтда аксарият аҳоли вакилларида учрайди, лекин камдан-кам одамлар бу ҳолатда жисмоний фаолликни ошириш билан ўзидаги муаммоларга шифо излайди, – дейди Соғлиқни сақлаш вазирлиги қошидаги Аҳолининг соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва жисмоний фаоллигини ошириш маркази директори Барно Одилова.
Пиёда юриш барча спорт турлари ва машқлар орасида энг осони ва қулайидир. Бунинг учун жуда кўп энергия ҳамда маблағ сарфлашнинг ҳожати йўқ. Юришнинг саломатликка ижобий таъсири эса жуда юқори. Кўпчилик юртдошларимиз эса бир-икки бекат узоқликдаги ишхонасига ҳам шахсий автомобилларда бориб-келишади. Баъзан вақтимизни қизғанибми, юришга эринибми ёки борадиган жойимизга шошилибми фалон пулга такси ёллаймиз. Кечқурун ишдан қайтгандан кейин ҳам овқатни еб бўлгандан сўнг кўчага чиқиб, бир неча дақиқа пиёдалаб сайр қилиш ўрнига юмшоқ диванларга ёнбошлаймиз. Шу тариқа ортиқча ёғлар йиғилиб, танамизни, томирларимиз ва аъзоларимизни зарарлайди.
Пиёда ҳаракатланиш эса организмнинг умумий ҳолатига жуда фойдали таъсир кўрсатади, мушакларни бақувват қилади, суяк тўқимасини мустаҳкамлайди, ҳаракатларни мувофиқлаштиради. Жисмоний фаолиятнинг бундай тури билан ҳар бир киши – кекса одамлардан тортиб, ўрта яшарлар, ёшлар ва ёш болаларгача бемалол шуғулланиши мумкин. Қайд этилишича, ҳафтасига атиги 150 дақиқа жисмоний фаол бўлган инсонлар кам ҳаракатланадиганларга қараганда соғломроқ бўлар экан. Бундан ташқари, жисмоний фаоллик натижасида организмда биосинтез жараёни фаоллашади, қон айланиш жараёни 4-5 марта кучаяди, юрак қисқаришлари сони ортади, бу эса организмда модда алмашинуви яхшиланишига, янги энергия ҳосил бўлишига ва тўқималарнинг қувват ва озуқа билан таъминланиши меъёрлашишига олиб келади.
Эндиликда анъанавий юриш марафони тадбирлари республика миқёсида мунтазам равишда ўтказиб турилади. Соғлом турмуш тарзининг муҳим шартларидан бири бўлган юриш тарғиботига ҳисса қўшиш, бу борада аҳоли қизиқиши ва фаоллигини оширишда барча ОАВ, тиббиёт, таълим, маҳалла ва бошқа тузилмалар вакиллари жалб этилади.