«Нуқсонли болалар кўпайишини хоҳламаймиз»

Бугунги кунда атрофимизда шундай инсонлар борки, уларга алоҳида эътибор, ғамхўрлик ва шароит талаб қилинади. Рости, барча ота-оналар ҳам туғма нуқсонлар билан дунёга келган фарзандига уй шароитида қарай олмайди. Шунинг учун ҳам давлат томонидан бундай алоҳида эътиборга муҳтож инсонлар учун тегишли шарт-шароитлар яратилади. Бугунги кунда мамлакатимизда болалар ва катталар учун мўлжалланган 28 та Мурувват уйи бўлиб, уларда беморларни парваришлаб, соғлом ҳаётга қайтариш чоралари кўрилаяпти. Бунинг учун махсус муассасаларнинг моддий-техник базаси такомиллаштириб, тизимда меҳнат қилаётган жонкуяр мутахассисларнинг ижтимоий ҳимояси кучайтирилмоқда, ойлик-маошлари оширилмоқда.

Хўш, Мурувват уйларида иш қандай ташкил этилган? Бу муассасаларга келган беморлар бутунлай тузалиб, соғлом ҳаётга қайтадими? Шифокор-невропатолог Савринисо Ҳакимова билан суҳбатимиз ана шулар хусусида бўлди.

–Мурувват уйларига болалар тўрт  ёшдан келади, ўн саккиз ёшга тўлган шахслар эса катталар учун мўлжалланган Мурувват уйларига ақли заифликнинг енгил, ўта оғир ва чуқур даражалари билан қабул қилинади, — дейди шифокор суҳбатимиз аввалида. — Бу муассасаларга болаларнинг келишига қатор сабаблар мавжуд. Авваламбор, такрорланса ҳам шуни алоҳида қайд этиш керакки, яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳ кўпинча ногиронликка олиб келиши мумкин. Шу билан бирга, ҳомиладорликнинг оғир ўтиши, ҳомиладор онанинг 16 ёшгача ҳамда 35 ёшдан катта бўлиши ҳам    салбий оқибатларнинг эҳтимолини оширади. Ҳомиладорликнинг шундай даврлари борки, ўша пайт ҳомиладор аёл енгил шамолласа ҳам, болага ёмон таъсир қилиши мумкин. Бола энди шаклланаётган ҳомиладорликнинг биринчи уч ойлигида  ҳамда беш-олти ойликка ўтаётганида онанинг бетоб бўлиши боланинг ақлий ривожланишига салбий таъсир қилади, чунки бу пайт мия айни шаклланаётган даврдир. Ҳомила ичи инфекциясини ўтказганларда ҳам ана шундай асоратлар бўлиши мумкин. Масалан, герпес, қизамиқ, қизилча каби инфекциялар ҳомилага салбий таъсир кўрсатади.

–Мурувват уйига келган бундай беморлар бутунлай соғайиб кетадими?

–Руҳий нуқсон билан туғилган болаларда фақат касаллик енгил даражага ўтиб, аҳвол бироз ўнгланиши мумкин. Баъзилар юра олади, айрим беморлар ётоғон бўлиб қолади. Ақли заифликнинг енгил даражасида, яъни гапира оладиган, фикрлай оладиган бўлса, ўқитувчилар мактабдан келиб, махсус таълим беришади. Негаки бундай болалар соғлом болалар каби умумий ўрта таълим мактаб дастурини қабул қила олишмайди. Катталарга эса ижтимоий ҳаётга мослаштириш мақсадида ўзига-ўзи хизмат қилиш ўргатилади.

Мурувват уйларида беморларнинг яшаши учун зарур бўлган барча муолажалар амалга оширилади. Шамоллаш, яъни соматик касалликлари бўлса, даволанади. Юра олмайдиганларни жарроҳлик амалиёти ёрдамида оёққа қўйишга ҳаракат қиламиз. Бундай жарроҳлик амалиётидан сўнг юриб кетганлар ҳам бор. Йилига икки маротаба чуқурлаштирилган тиббий кўрик ўтказилади. Ташхис тасдиқланганидан сўнг диспансер даво муолажалари амалга оширилади. Мурувват уйларида барча турдаги дори-дармонлар етарли. Беморлар жисмоний тарбия, уқалаш  муолажаларидан ташқари парафин, электрофорез, УВЧ каби физиотерапевтик аппаратлар ёрдамида ҳам даволанади.

– Муолажада ижобий натижага эришиш учун нималарга эътибор бериш керак?

– Тиббий муолажалар қанча эрта бошланса, самараси шунча яққол, вақтли кўринади. Амалиётимизда 15-16 ёшдаги беморда ўтказилган жарроҳлик аралашувининг натижаси яхши бўлмади. Шундай операция вақтлироқ, 7-8 ёшлигида қилинганида, бола юриб кетиши мумкин эди. Беморларнинг мустақил юра олгани яхши – ҳаёти давомида ўзига-ўзи хизмат кўрсата олади. Юра олмайдиган, ўзини эплай олмайдиган 1-2 гуруҳ ногиронлиги бўлган инсонларни уй шароитида парваришлаш жуда қийин. Мурувват уйларида беморларга овқатланиш меъёрларига кўра тузилган беш маҳал сифатли парҳез таомлар берилади. Саховатли инсонлар ҳам мунтазам хабар олиб туришади, керакли ёрдамларни аяшмайди.

–Дардини айта олмайдиган, ўзини эплай олмайдиган беморлар билан ишлаш ниҳоятда қийин бўлса керак…

– Биласизми, бу ердаги беморлар меҳрга, эътиборга жуда муҳтож. Улар ниҳоятда самимий. Масалан, болалар уларни парваришлаётган энага, ҳамшира, шифокорларни “Ойи” деб чақиришади. Энагалар чинакамига уларнинг ойиси-да. Овқатини едиради, чўмилтиради, доимий диққат-марказида туради. Беморлар билиб-билмай бирон ноўрин иш қилишса ҳам,  энагаю ҳамширалар бир оғиз сўз билан койимай, меҳр кўрсатишади.

Бир ярим йил олдин умуман гапира олмайдиган бемор қиз келган эди. Ҳозир бир-икки бўғинли сўзларни айтишни ўрганди. Бир йилу уч ой олдин операция қилинган бемор бола ҳозир аравачани етаклаб юра оляпти. Бундай натижа, албатта, биз, шифокорларни жуда қувонтиради. Тўғри, бу ердаги  беморларни бутунлай даволай олмаймиз, аммо соғломлаштира оламиз. Мақсад – маълум бир даражада уларнинг аҳволини яхшилаш, кундалик ҳаётини енгиллаштириш, қўлдан келганча бундай кишиларга яқин ёрдам беришдир.

…Тиббиёт олийгоҳларида генетика фани ўқитилганда, талабалар Мурувват уйларида амалиёт ўташади. Ўн беш йил бурун талаба бўлганимда, мен ҳам амалиётга шу муассасага келган эдим. Ёшлигимда кўрганларимдан таъсирланиб, бу ерга бошқа келмасам керак”, – дея хаёлдан ўтказгандим. Аммо йиллар давомида мутахассисликни эгаллаб, менда хаста болаларга хайрихоҳлик, уларнинг дардига малҳам бўлиш истаги устун кела бошлади. Биласизми, ҳозир мен бу ердаги болаларнинг “Ойи”симан. Уларнинг меҳр ва миннатдорчилик тўла кўзлари менга ўзгача бир куч бағишлайди.

Биз  шифокорлар бу болаларнинг дардига дармон бўлишга тайёрмиз, аммо келгусида нуқсонли болалар кўпайишини ва бир умр қийналиб яшашини хоҳламаймиз. Бундай ҳолатларнинг олдини олиш учун қариндош-уруғлар ўртасида қуда-андачиликка йўл қўймаслигимиз лозим.  Аёллар, айниқса ҳомиладор келинлардан ўз саломатлигига эътиборли бўлишларини, соғлом овқатланиб, ўзи ва фарзандини турли касалликлардан асрашларини илтимос қиламиз.

Юлдуз ОРТИҚОВА суҳбатлашди.

Диққат! Агар сиз сайтда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб Ctrl+Enterтугмасини босинг.

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: