Халқаро рейтингларнинг Ўзбекистон учун аҳамияти қандай?

Иқтисодий ва сиёсий-ҳуқуқий халқаро рейтинг ва индексларда Ўзбекистоннинг ўрнини яхшилаш халқаро майдонда мамлакатимиз мавқеини янада юксалтиришга хизмат қилади.

Даватимиз раҳбарининг 2019 йил 7 мартдаги “Халқаро рейтинг ва индексларда Ўзбекистон Республикасининг ўрнини яхшилашга оид чора-тадбирларни тизимлаштириш тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ Ўзбекистоннинг жаҳон ҳамжамиятида рейтинг ва индекс кўрсаткичларини кўтаришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Негаки мамлакат иқтисодиётининг ривожи, хорижий бизнес вакиллари билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва хорижий инвесторлар эътиборини жалб этишда солиштирма рейтингларнинг юқори бўлиши муҳим аҳамиятга эга. Иқтисодий ва сиёсий-ҳуқуқий халқаро рейтинг ва индексларда Ўзбекистоннинг ўрнини яхшилаш халқаро майдонда мамлакатимиз мавқеини янада юксалтиришга хизмат қилади. Рейтинг тушунчаси, халқаро рейтингларнинг мамлакат тараққиётидаги ўрни ҳақидаги саволларимизга АТ Халқ банки департамент директори ўринбосари Ориф НИҒМАТОВ жавоб берди.

–Ўзбекистон банк тизими ҳозирда халқаро рейтинг агентликлари хулосасига кўра қандай баҳоланмоқда?

–Ўзбекистон банк тизими “Fitch Ratings”, “Standard & Poors” ва “Moodyʼs”каби дунёнинг энг нуфузли халқаро рейтинг агентликлари томонидан мунтазам равишда баҳоланиб келинади.

Ўзбекистон банк секторини рейтинглаш жараёнида ўрта муддатли истиқболда банк секторининг ўсиши, давлат сиёсати, иқтисодиётга давлат инвестициялари, активларнинг сифати, муаммоли кредитларнинг захиралар билан қопланганлиги, йирик инвестиция кредитларининг давлат томонидан кафолатланганлиги, 1-даражадаги капитал етарлилиги ҳамда ликвидли активларнинг жами умумий активларидаги улушининг минимал талабдан қанчалик юқорилиги энг муҳим омиллар ҳисобланади.

Бундан ташқари халқаро рейтинг агентликлари учун энг асосий омил сифатида давлатнинг халқаро суверен рейтинг баҳоси муҳим ҳисобланади.

–Умуман банкларнинг рейтинг кўрсаткичлари иқтисодий, ижтимоий ва ташқи алоқаларда, инвестицион муҳитда қандай аҳамиятга эга?

–Банкларнинг халқаро рейтинг кўрсаткичлари орқали ташқи инвесторлар ва молия институтлари муҳим маълумотларга эга бўладилар. Рейтинг даражасига қараб банкларга хорижий кредит линиялари жалб қилиш, чет эл банклари билан ҳамкорликни йўлга қўйиш ҳамда ўз акцияларини хорижий сармоядорларга сотиш имкониятлари очилади.

Бир сўз билан айтганда халқаро рейтинг кўрсаткичи мазкур банкнинг ўз мажбуриятлари бўйича тўлов қобилиятини акс эттиради ва банкка сармоялар киритиш учун қарор қабул қилишда катта аҳамият касб этади.Банклар хориждан янада паст фоизли маблағлар жалб этиш имконига эга бўлади. Шунингдек, банк хизматлари турлари ва сифати ортади. Маҳаллий ва халқаро компаниялар учун фонд бозорларида янги  имкониятлар очилади. Бу эса ўз навбатида халқаро капитал бозорида иштирок этиш истиқболини енгиллаштиради.

Банк тизими рейтинг натижалари қандай омилларга қараб белгиланади?

–Банк тизимини рейтинглаш жараёни жудаям кўп омилларни инобатга олган ҳолда ёндошишни талаб этади. Банкнинг нафақат асосий фаолияти балки банкка ҳукумат томонидан берилган қўшимча ваколатлар, банкнинг мақсади ва вазифалари, корпоратив бошқарув тизими, рақобатчилари ҳолати, ташқи омиллар, фаолият юритаётган жойидаги шарт-шароитлар, банкнинг қисқа ва узоқ муддатли ривожланиш стратегияси, ўз олдига қўйган бизнес ва молиявий режаларининг бажарилиши, шунингдек, банкнинг фарқли ҳусусиятлари ҳам алоҳида инобатга олинади. Айниқса халқаро рейтинг компаниялари томонидан ташқи аудит ҳулосаси алоҳида ўрганиб чиқилади.

–Ўзбекистон банк тизимларининг хатарларга чидамли, барқарор ва кафолатли бўлиши, халқаро рейтинг кўрсаткичларини ўстириш учун яна нималар қилиш керак?

–Авваломбор, маҳаллий банк қонунчилигининг халқаро андозага қанчалик мос келишини ўрганиш, халқаро молиявий инструментлар бозорини ривожлантириш, таваккалчиликни камайтириш учун хеджирования ва диверсификация сиёсатларини муқобиллаштириш талаб этилади. Банк тизимида корпоратив бошқаришнинг самарали усулларидан фойдаланиш, халқаро молия ҳисоботи тизимини жорий қилиш ҳамда халқаро банк хизматлари сертификатларига эга бўлиш орқали халқаро рейтинг кўрсаткичларини ошириб бориш мумкин.

Манзура БЕКЖОНОВА суҳбатлашди.

Диққат! Агар сиз сайтда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб Ctrl+Enterтугмасини босинг.

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: