“35 йиллик оиламиз бор. Болалар катта бўлиб, ўз оиласини қурди. Эр ҳам хотин нафақага чиқдик, барча масъулиятлардан қутулдик, энди ўзимизга вақт ажратиб, бир-биримизга меҳр бериб яшаймиз, деганда… Эрим ҳамма нарсага бақираверади, қилдан қийиқ ахрадиган бўлиб қолган. Уйдаги ишларга бурун суқаверади. Натижада уришиб, тортишиб қоламиз. Бундай қилавергач, унинг ҳар бири ҳаракати жиғимга тега бошлайди, асабимни ўйнатади. Кўп уришиб қоламиз. Бизнинг муносабатимизни кўрган фарзандларимиз ҳам баъзан: нима бўлди сизларга, олдин туппа тузук яшар эдингиз-ку, дейди. Мен эса ўзимдаги асабийлашишни ҳеч енга олмаяпман. Билмадим, бунинг сабаби нима? Бу ҳолатда мен нима қилай?”
Меҳринисо, Ангрен
Эксперт: Зебинисо АҲМЕДОВА, психолог, психотерапевт
Кўп йиллар давомида ҳар бирингизнинг ўз ишингиз, ўз қизиқишингиз бўлган, яъни ҳар ким ўз иши билан шуғулланган. Шу билан бирга сизни бирлаштириб турувчи: оила, уй, болалар бўлган. Энди эса ҳар иккалангиз уйдасиз ва вақтингиз бемалол ва масъулиятлар камайган. Болалар индан “учирма” бўлишган ва асосий вақтингизни бирга ўтказасиз. Шу сабабли, турли хил кўнгилсизликлар ёки нохушликларда бутун салбийлик энергиянгизни турмуш ўртоғингизга йўналтирасиз.
Бунинг сабаблари бир қанча: йиллар давомида йиғилиб қолган хафагарчиликлар, ҳар иккингизда содир бўлаётган жисмоний ва гормонал ўзгаришлар.
ТАНҚИД ВА КЎНГИЛ ҚОЛИШ
Бахтли оила бу дўстлик устига барпо қилинган оиладир. Гўзалликка лол қолиш, ақлига ошиқ бўлиш, ёшлик ва навқиронлик ортда қолган. Энди эса турмуш ўртоғингиз ҳақида ҳамма нарсани биласиз ва энди у сизни ҳеч нарса билан ҳайрон қолдира олмайди. Навқирон ва алпқомат йигит ўрнига қорин қўйган, сочларига оқ оралаган эркакни кўрасиз. Аммо шу билан бирга аксар ҳолларда ўзингиз ҳам аввалгидек навниҳоллигингиз ортда қолганини унутасиз.
Бундай ҳолатнинг тескариси бўлиши ҳам мумкин. Эркаклар ўзларининг аллақачон қорин қўйиб, сочларига оқ оралаган амаки бўлиб қолишганини унутиб, аёлидаги жисмоний ўзгаришлар (соч оқариши, ажин тушиши, вазн ортиши)ни танқид қилишга тушишади.
Ҳар иккингиз ҳам вақт сизни ўзгартирганини тан олишингиз керак. Аммо бир-бирингизга қарши қўйган талабларингиз ҳали ҳамон ўша эскилигича қолган. Буни кўпинча ўзимиз фарқига бормасдан қиламиз.
Аввал ишларини чаққон-чаққон қилган аёл ёки уйда бирор бир бузуқ нарсани қолдирмай тузатган эркак, аввалгидай бу ишларни қила олмаслиги мумкин. Буни эса қарши томон дангасалик, ҳеч нарса қилишни истамаслик дея қабул қилади. Аммо аслида эса… эрингиз ёки аёлингизнинг сизнинг ёрдамингизга эҳтиёжи бор. У эса буни тан олиб, сиздан ёрдам сўрашни истамайди. Чунки, бу ёшда киши ўзидаги ўзгаришларни тан олиши қийин. Худдики, бу ўзининг бечораҳол ва ожиз бўлиб қолганини кўрсатгандек, бундан қўрқади ва ўзи истамаган ҳолда бундан қочади.
Ёки аксинча, ўзининг заифлашиб бораётганини тан олмаслик учун баъзи эркаклар бақириб чақиришга, айбдор излашга ҳам тушиши мумкин. Доим бирга эканлигингизни эътиборга олсак, табиийки бутун “заҳрини” сизга тўкиб солади.
МАСАЛАНИНГ МОДДИЙ ТОМОНИ
Шунингдек, турмуш ўртоғингиз аввал пулни ўзи топган ва истаганича ишлатган. Аммо энди нафақага қараб қолган. У кўп нарсада тежамкорлик қилади, аввалги одатларидан воз кеча бошлайди. Бу эса эркак учун оғир: унинг ўзига бўлган ишончи тушиб кетишига сабаб бўлади ва ўзини кераксиз ҳис қила бошлайди.
ЯШИРИН ДЕПРЕССИЯ
Турмуш ўртоғингизнинг кайфияти бўлмаса, бу депрессия аломати бўлиши ҳам мумкин. Нафақага чиққанлар орасида бу ҳолат учраб туради. Пенсияга чиқиш, жисмоний ўзгаришлар, буларнинг барчаси кишининг янги − қарилик даврига ўтганини кўрсатади. Аммо доим ҳам бу даврни осонликча қабул қила олмаймиз. Бунинг учун эса мутахассис – психологнинг ёрдамига эҳтиёжимиз бор.
Эрингизни ёки аёлингизни ўзгартиришга ҳаракат қилманг. Бу ёшда кишининг ўзгариши амримаҳол. Ва бундай ўзгаришларга одамнинг ўзи тайёр бўлиши керак. Шу сабабли, бу ҳолатда, атрофни ўзгартирмоқчи бўлсанг, ўзгаришни ўзингдан бошла, қоидасига амал қилинг. Эрингизнинг (хотинингизнинг) ҳаракатларига муносабатингизни ўзгартиринг. Унинг ҳаракатларидан асабийлашиш ўрнига уни тушунишга ҳаракат қилинг. Бу қоида ҳар икки томон: эр учун ҳам, аёл учун ҳам фойдали.
Мадина ЗАРИФ тайёрлади