Ҳуқуқшунос ва блоггер Хушнудбек Худойбердиев ўзининг навбатдаги постини Ўзбекистондаги давлат ташкилотлари ходимларининг ҳаддан ортиқ ишлашига бағишлади.
Ўзининг “Яхши дам — меҳнатга ҳамдам” деб номланган мақоласини у “Икки ўтинчи ҳақидаги ҳикоядан бошлади.
“Икки ўтинчи ҳақидаги ҳикояни эшитганмисиз?
Бир куни икки ўтинчи ўрмонга ўтин кесгани борибди ва ким кўп ўтин чопишга ўзаро мусобақалашишибди. Биринчи ўтинчи кўпроқ ўтин чопиш мақсадида танаффуссиз, дам олмасдан ишлабди. Иккинчи ўтинчи эса, маълум вақт ишлагач, бироз дам олар, кейин яна ишини давом эттирарди.
Биринчи ўтинчи рақиби томондан аҳён-аҳёнда болтанинг тақ-туқ овози жимиб қолаётганини эшитиб, қувончи ичига сиғмасди. Кун охирида иккаласи натижани ҳисоблашса, иккинчи ўтинчининг ўтинлари анча кўп эмиш.
Биринчи ўтинчи ҳайрон бўлиб сўрабди:
— Қанақасига сенинг ўтинларинг кўп бўлиши мумкин, ахир сен дам олиб, мен эса танаффуссиз кўпроқ ишладим. Мантиқан олганда, менинг ўтинларим кўп бўлиши керак эди-ку!
Шунда иккинчи ўтинчи жавоб берибди:
— Барчаси оддий, дам олган пайтларим болтамни чархлаб, ўткирладим, шу сабабли натижам самарали бўлди. Сен эса тинимсиз ишлаганинг учун болтанг ўтмаслашиб қолди, кун охирига бориб, деярли ўтин чополмай қолдинг.
Ушбу ривоятдан кўриш мумкинки, дам олишсиз ишлаш ҳар доим ҳам самара беравермайди. Аксинча бу ходимларнинг тинкайи мадорини қуритади, иш сифатига салбий таъсир кўрсатади.
Афсуски Ўзбекистонда ходимлар, айниқса давлат ташкилотларининг ишчилари меҳнат қонунчилигида кўрсатилган иш вақтидан ҳаддан ташқари ортиқча ишлайди.
• Ҳар куни соат кечки 11-12 гача ишлаш одатий иш режимига айланиб қолган.
• Агар ишдан ўз вақтида, яъни соат 18:00 да кетсанг, бошинг балога қолади, камида ҳайфсан оласан ёки ишдан ҳайдаласан.
• Тунгача олиб ўтиришганда қонунларни унутишадию, лекин эрталаб ишга озгина кеч қолсанг, дарров тартиб ва қоидалар эсига тушиб қолади.
• 5 кунлик иш ҳафтасини деярли унутишган, шанба — сўзсиз иш куни. Шанбани қўя турайлик, ҳатто якшанба ҳам ишга чиқилади.
• Ортиқча иш учун меҳнат қонунчилигида қўшимча ҳақ тўланиши кўрсатилган, аммо бу фақат қоғозда.
Ахир ходимлар робот эмас, одамку! Ҳатто техника ҳам узлуксиз ишлатилса, қизиб кетади ва тез бузилади.
Яқинда Reuters нашрида чиққан мақолани (https://kun.uz/33884282) ўқиган бўлсангиз керак. Мақолада Ўзбекистонда давлат хизматчилари кунига 15 соатдан ва дам олиш кунисиз узоқ йиллар ишлаётганлиги, натижада уларда кучли чарчоқ ва стресс борлиги, ўзбек амалдорлари учрашувлар пайтида ухлаб қолишлари ҳақида ёзилган.
«33 миллион аҳолига эга собиқ совет республикасида ҳукумат ишчилари орасида узоқ вақт мобайнида шаклланган анъана бор – улар ўз бошлиқлари кетмагунга қадар офисни тарк эта олишмайди», – дейилади хабарда.
Фарзандларимизнинг тарбияси йилдан йилга ёмонлашиб бормоқда, уларнинг ўқиши, маънавияти, савияси пасайиб кетяпти, дея кўп нолиймиз. Бунинг энг катта сабабларидан бири оталар кун бўйи ишда, ярим тунда келади, эрта тонгда кетади, ҳатто дам олиш кунлари ҳам фарзандларининг тарбияси билан шуғуллана олмайди.
Йилдан йилга ажримлар кўпаймоқда, нотинч оилалар сони ортмоқда, хиёнатлар оддий ҳол бўлиб қолди, деб хавотир оламиз. Чунки эрлар кун бўйи ишда, турмуш ўртоқларига тайинли вақт ажрата олмайди, оиласини бирор жойга олиб боролмайди, дам олиш кунларини оиласи даврасида ўтказа олмайди, керак бўлса бозор-ўчарни ҳам хотин кишининг гарданига ташлаб қўйишган. Сабаби эр давлат хизматчиси, унинг оиласи учун бир дақиқа вақти йўқ. Ярим тунда чарчаб, силласи қуриб келади, эрта тонгда уйқусираб, нонушта ҳам қилмасдан кетади.
Бунақа шароитда қанақа тарбия, қанақа тинч-тотув оила ҳақида орзу қилиш мумкин?
Ҳаддан ташқари кўп ишлаш кадрлар сифатига жиддий путур етказишини, бундан барибир самара бўлмаслигини, аксинча иш вақтидан ташқари ортиқча сарфланаётган ресурслар давлатга фақат зарарлигини қачон тушуниб етамиз-а?
Меҳнат ҳуқуқлари етарлича таъминланмаган жамиятнинг ривожланиши қийин. Чунки давлатнинг асосий бойлиги, ривожланишнинг энг муҳим пойдевори – инсонлар! Уйқусираган ва силласи қуриган аскарлар билан жангда ғалаба қозонишнинг имкони йўқ.
Яхши кунлардан, ижобий ўзгаришлардан умидвормиз.” — дея фикрларига хотима ясаган