Тиш оғриганда нима қилиш керак?
Оғриқни енгиллаштириш учун шундай қилиш керак: бир бўлак музни бош ва кўрсаткич бармоқларингиз орасига кафтингизнинг ташқи томонидан суртинг. Тиш оғриғи босилади. Бу шундай изоҳланади: кафтнинг ушбу қисмидаги асаб толаларини тинчлантириш мияга оғриқ сигналлари жўнатилишини тўхтатади.
Бармоқ куйиб қолганда нима қилиш керак?
Пуфакча пайдо бўлмаслиги учун куйган жойга бу қўлингиз бармоғининг ёстиқчаси билан босиб туринг. Бу усулни доктор Лиза ДеСтефано тавсия этади. Оғриқни пасайтириш учун эса совуқ сувдан фойдаланинг. Ўта ҳаяжонланган пайтда нима қилиш керак Врач Бэн Эбо бу ҳолда бош бармоққа пуфлашни тавсия қилади. Қизиқ факт: бош бармоқнинг ўз пульси бўлиб, уни тинчлантириш орқали юрак уришини ҳам тинчлантириш мумкин экан. Бармоғингизга пуфлаганингизда у совийди ва бу юракни тинчлантиради.
Бурундан қон келганда нима қилиш керак?
Бир парча мато олиб, танглайнинг бурун остидаги қисмига қўйинг, сўнгра бармоғингиз билан маҳкам босинг – бу доктор Питер Десморенинг маслаҳати. Қон оқиши артерия босилгани учун тўхтайди. Лекин қон оқиши 5-10 дақиқа давомида тўхтамаса, албатта, шифокорга мурожаат қилинг!
Бурун битиб қолса нима қилиш керак?
Лиза ДеСтефанодан маслаҳат: тилингиз билан юқори танглайдаги нуқтани бир неча марта босинг. Тахминан 20 сонияда сўнг бурун битиши йўқолади.
Томоқ қичишса нима қилиш керак?
Қулоғингизни қашинг — шу йўл билан сиз қичишишни келтириб чиқарадиган асаб толаларини тинчлантирасиз ва бу сизни нохушликдан қутқаради. Қулоқ-томоқ-бурун шифокори Скотт Шафер шундай маслаҳат беради.
Кимнидир яхшироқ эшитиш учун нима қилиш керак?
Жавоб жуда оддий ва ғалати: диққат билан қулоқ солинг, фақат ўнг қулоғингиз билан. Гап шундаки, ўнг қулоқ сўзларни яхшироқ англайди, чап қулоқ эса мусиқа ва ноталарни. Бу мия яримшарларининг ўзига хослиги билан боғлиқ.
Эмлашдан қўрққанда нима қилиш керак?
Эмлаш пайтида нохуш ҳисдан қутулишнинг ҳам сири бор экан: бунинг учун йўталинг. Тадқиқотлардан маълум бўлишича, инсон эмлаш пайтида йўталса оғриқни сезмас экан. Йўтал кўкракдаги босимни кутилмаганда вақтинчалик оширади ва бош миянинг оғриқни сезиш қобилиятини вақтинча сўндиради.
Ётишдан олдин кўп овқат еб юборганда нима қилиш керак?
Бу усул жиғилдон қайнашининг олдини олади. Чап ёнбошингиз билан ётинг, дейди гастроэнтеролог Энтони А. Старполи. Шунда ошқозонингиз пастроқда бўлади ва кислота томоғингизга ўтмайди. Шунингдек, овқатланиб бўлган заҳоти ухлаш мутлақо тавсия этилмайди, 2-3 соатдан кейин ухлашга ётиш лозим.
Музқаймоқ еганда мия зирқираб кетса нима қилиш керак?
Бу ҳолат кўпчиликка таниш бўлса керак. Танглайдаги асаб толалари музлагани учун мия бутун тана музлаб қолди, деган қарорга келгани учун ушбу ҳолат юз беради. Бунга жавобан танани иситиш жараёни бошланади ва бош оғриғи вужудга келади. Оғриқни қолдириш учун тилингиз юзасини танглайингизга тегизинг.
Қўл увишиб қолса нима қилиш керак?
Бошни чапга-ўнгга силкитиш керак, дейди Лиза Де Стефано. Увишиш асаб толаларининг қисилиши сабабли юзага келади. Қўлдан мияга сигнал узатувчи асаб тугунчалари бўйин орқали ўтади. Увишишдан фориғ бўлиш учун бу тугунчани бўшатиш лозим.
Тезда ухлаш учун нима қилиш керак?
Эрталаб уйғонганингизда дарҳол ўрнингиздан туринг ва фақат кечқурун ухлаш вақти бўлганидагина ётоғингизга қайитинг. Бу организмингизга каравот уйқу билан боғлиқ эканлигини англашига ёрдам беради ва бошингиз ёстиққа тегиши билан ухлаб қоладиган бўласиз.
Бирор нарсани ёд олиш учун нима қилиш керак?
Профессор Кэнди Геймгратнер ухлашдан олдин ёдлаш лозим бўлган матнни бир неча марта ўқишни тавсия қилади. Уйқу пайтида мия барча маълумотларни тартибга солиб чиқади ва улар узоқ вақт сақланадиган хотира қисмига ўтади. Уйғонганингиздан сўнг кечқурун ўқиган матнингизни бемалол эслай оласиз.
Югураётганда биқин санчиб қолса нима қилиш керак?
Бу ҳолатдан қутулиш учун ўнг оёқ ерга тушаётган пайтда нафас чиқариш керак. Гап шундаки, биқин санчиши жигарга босим тушиши туфайли юзага келади, унга босим тушишининг олдини олиш учун эса юқоридаги тавсияга амал қилиш лозим.
Сувга чуқурроқ шўнғиш учун нима қилиш керак?
Сув остида узоқроқ туриш учун доктор Жонатан Армбрустернинг тавсияси ёрдам беради. Сувга шўнғишдан олдин бир неча марта қисқа-қисқа нафас олинг. Шу тарзда сиз қўшимча 10 сонияга эга бўласиз. Ўпкада енгил гипервентиляция юз беради ва мия кислород етарли миқдорда олинди, деб ҳисоблайди.
Интернет манбалари асосида Шаҳризода тайёрлади.