“Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази томонидан “оғир турмуш шароитидаги шахсларга мўлжалланган ижтимоий мослашув марказлари ва “Ишонч телефонлари” тажрибасини ўрганиш ва фаолиятини такомиллаштириш” борасида олиб борилди.
“Энг аввало, бу борада хориж тажрибаси ҳам ўрганилди. Россия Федерациясида, федерал статистик ҳисоботи маълумотларига кўра, 2016 йилда Россия Федерацияси субъектларида давлат оила ва болаларга ижтимоий хизмат кўрсатиш ташкилотлари сони 2 минг 906 тани ташкил қилган.
Миллий хайрия статистикаси маркази (NCCS) маълумотларига кўра, Америка Қўшма Штатларида 1,5 миллиондан ортиқ нотижорат ташкилотлар, давлат ҳайрия ташкилотлари, хусусий жамғармалар ва бошқа нотижорат ташкилотлар қайд этилган. Улардан 1,09 млн. та ташкилот барча қайд этилган нотижорат ташкилотларнинг учдан икки қисмини ташкил қилган жамоат ҳайрия ташкилотлари сифатида таснифланган эди. 2005-2015 йиллар даврида жамоат ҳайрия ташкилотлари сони барча қайд этилган нотижорат ташкилотларига (10,4 %) қараганда 28,4% га ортган.
Объектлар ва манбалар сарҳисоби
— Ўзбекистонда 1996 йилдан бошлаб 2018 йилга қадар, 100га яқин МНТ ҳисобга олинган, улардан 20 та ташкилот аҳолига ёрдам кўрсатиш ва социал қўллаб-қувватлаш марказлари ҳисобланади, — дейди лойиҳа раҳбари Шаҳноза Қурбонова. — Аҳолига ёрдам кўрсатиш ва социал қўллаб-қувватлаш бўйича ташкилотлар фаолиятининг асосий турлари қуйидагилар: фуқаролик жамиятини ривожлантириш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, салоҳиятни ўстириш, заиф аҳоли гуруҳларини ҳимоя қилиш. Йиллик бюджет деярли 6 млн. дан 680 млн сўмни ташкил қилган. Мақсадли гуруҳлар қуйидагилар ҳисобланади: жисмоний ва ақли заиф одамлар, заиф уй бекалари/аёллар, ёшлар ва ўсмирлар, болалар, қариялар, социал институтлар, тиббий муассасалар, таълим муассасалари, мигрантлар, ҳибсдаги одамлар, бошпанасиз одамлар. Молиялаштириш манбалари: институционал донорлар, шахсий ҳайр-эҳсонлар (жамиятдан), краудфандинг (ихтиёрий ҳайр-эҳсонлар йиғими), хусусий сектор ҳайр-эҳсонлари, ҳукумат (республика, вилоят, маҳаллий), социал тадбиркорлик, аъзолик бадаллари. Фаолият турига кўра ходимлар сони 1-41 нафарни ташкил қилган.
Юқоридаги кўрсатилган муаммоларни бартараф этиш учун Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 27 июн 2018 йилда “Ўзбекистон Республикасида оила институтини мустаҳкамлаш концепсиясини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарор қабул қилинди. Унинг № 30 банди – “оғир турмуш шароитида қолган шахсларга мўлжалланган ижтимоий мослашув марказлари ва “Ишонч телефонлари” тажрибасини ўрганиш, фаолиятини такомиллаштириш” бўйича иш олиб борилди.
Тадқиқотимиз объектлари бўлиб 3 та мақсадли гуруҳлар ўрганилди: 1. Мослашув маркази ходимлари; 2. Мазкур марказларга ёрдам сўраб мурожаат қилган шахслар; 3. Яширин психосоциал ёрдамга муҳтож шахслар (илова 1, 2). Тадқиқот Тошкент шаҳри, Самарқанд ва Жиззах вилоятларида ўтказилган эди. Ўрганилувчилар сони 206 кишини ташкил қилди, улардан эркаклар – 23 нафар, аёллар – 183 нафар.
Психолог ва ҳуқуқшунослар етишмайди
“Аёллар социал адаптацияси маркази” 8 нафар ходимидан олинган сўровнома натижаларига кўра мазкур марказ Аёллар қўмитаси МНТ доирасида ўз фаолиятини амалга оширади. Тадқиқот жараёнида аниқландики, мазкур муассасаларда психолог, ҳуқуқшунос, социал ходим ва кўнгиллилар ишлайди. Ёрдам кеча-кундуз, аноним, бепул кўрсатилади. Бир ой ичида марказга мурожаат қиладиган шахслар сони ўртача 10-12 кишини, суицидал ҳулқ-атворли 2-3 киши, зўрланган шахслар 2-4 кишини ташкил қилади. Психолог ва ҳуқуқшунос каби мутахассисларнинг етишмаслиги анча сезиларли. Кўп сонли сўров ўтказилган психологлар (75%) таъкидлашдики, реабилитация методикаси ҳамда ишлаб чиқилган антисуицидал профилактик дастурларни эгалламаган. Шунингдек марказ тузилмасида кеча-кундуз ишонч телефони доирасида фаолият мавжуд эмас.
Барча ўрганилувчи ходимлар қандайдир доимий молиявий манбага эга эмаслиги, зарурий моддий-техник база билан таъминланмаганлигини таъкидлашди. Барча марказ ходимлари мазкур йўналишда хорижий мамлакатларнинг илғор тажрибасига муҳтожлиги, социал-психологик ёрдам билан шуғулланувчи бошқа ташкилотлар билан чамбарчас ҳамкорликнинг мавжуд эмаслигини белгилаб ўтишган.