Афсуски қиш келиб, об-ҳаво совиши билан ис гази (угарный газ)дан заҳарланиш ҳолатлари ҳақида аянчли хабарларни эшита бошлаймиз. Хўш, бу фожеаларнинг асосий сабаби нима? Тўғри, муайян ижтимоий ва иқтисодий сабаблар ҳам бор. Аммо асосий сабаб одамларнинг эҳтиётсизлиги, хавфсизлик қоидаларини билмаслиги ҳисобланади. Негаки ҳаво минус даражага тушиб кетганда айримлар иссиқликни тежаш мақсадида хонадон деразаларига клеёнка тутишади, қиш олдидан уйдаги печларнинг мўриларини тозалашга эътибор қилишмайди. Бунинг устига хавфсизлиги кафолатланмаган қўлбола иситиш печларидан фойдаланишади. Баъзилар эса ҳатто қийма кабоб пиширилган мангални чала ёнган кўмири билан уйга олиб киради. Тўғри, ҳаммамиз совуқ тушганда турли усулда уйни иситишга ҳаракат қиламиз. Аммо амал қилиш керак бўлган қоидаларни унутмаслигимиз керак.
Ис гази нима?
Ис гази (СО) рангсиз, ҳидсиз заҳарли бирикма бўлиб, табиий газ, ёқилғи, кўмир, ўтин чўғлари тўлиқ ёнмаслиги оқибатида ҳосил бўлади. Тутун таркибида 3%, ишланган газда 13%, портловчи газлар таркибида эса 50-60% гача ис гази бўлади.
Ис гази организмга нафас аъзолари орқали таъсир этади. Оқибатда гемоглобиннинг тўқималарга кислород ташиш хусусияти кескин пасайиб, гипоксияга олиб келиши, оғир ҳолатларда эса инсон ҳаётдан кўз юмиши мумкин. Заҳарланиш ҳолатлари шамоллатиш тизими яхши ишламайдиган корхоналарда, табиий газ билан иситиладиган хонадонларда, кўмир печка билан истиладиган уйлар, ҳаммомларда ёнувчи модданинг тўлиқ ёнмаслиги натижасида заҳарланиш мумкин.
Ис газидан заҳарланиш сабаблари
- ностандарт иситиш печлариларидан фойдаланиш;
- ҳаво алмашадиган туйнукларни беркитиб (тўсиб) қўйиш.
- газ ва муқобил ёқилғи (кўмир, ўтин ва бошқа) турларидан фойдаланишда хавфсизлик қоидаларига риоя этмаслик;
- печларнинг зарарли тутунни ҳайдашга мослашган дудбуронларини нотўғри ўрнатиш;
- газ ёки бошқа муқобил ёқилғига мослаштирилган печлар ҳамда суюлтирилган углеводород газ балонларини ухлаш хонасига олиб кириш;
- ҳаво алмашмайдиган хоналарни иситишда очиқ олов (кўмир ва ўтин чўғлари)дан фойдаланиш;
Айрим фуқаролар газ плитасидан бинони иситиш ва кийимларни қуритиш мақсадида фойдаланади. Ҳатто баъзилар табиий газ босимини кўпайтириш учун плитанинг ёнувчи кўзидан темир фиьтрни олиб қўйишади. Шу ҳолда плитани эрталабгача ёқилган ҳолатда қолдиришади. Аммо дераза дарчасини очиб, уйни шамоллатиб туришни унутишади.
Буларнинг барчаси хавфсизлик қоидаларини билмасликдан далолат беради.
Ис газидан заҳарланиш белгилари
Бош мия тизимида: уйқуга тортиш, бош айланиши, бош оғриғи, ҳушини йўқотиш;
Кўриш тизимида: кўз олди қоронғилашиши;
Эшитиш тизимида: эшитиш қобилияти пасайиши;
Тери қисмида: терлаш кучайиши;
Нафас олиш тизимида: нафас олишнинг оғирлашиши, йўтал;
Юрак қисмида: Пульс ва артериал босим ортиши;
Мушаклар тизимида: Тремор (қалтираш).
Ҳозирда савдо дўконларида сотилаётган, газда ишлайдиган ҳар хил турдаги ускуналар, жумладан, «камин» газ ускунаси чиройли, ихчам кўринишда бўлса-да бошқа давлатда ишлаб чиқилгани сабаб, уни ўрнатиш ва фойдаланишга доир техник паспорт ўзбек ё рус тилларига таржима қилинмаган. Демак хавфсизлик қоидалари билан танишиш имкони йўқ. Улар ўзбошимчалик билан, мутахассиснинг кўрсатмасисиз қурилиш меъёрлари ва талабларини бузган ҳолда ўрнатилмоқда. Натижа эса ўзингизга маълум…
Уйни иситишда қуйидагилар тақиқланади
- Ўзбошимчалик билан уйни газлаштириш, газ асбоби ўрнини алмаштириш, уни янгилаш ва тузатиш;
- Газ ва кўмир ёқиш печлари ўрнатилган хоналар режасини ўзгартириш;
- Дудбурон ва шамоллатиш тизимларини ўзгартириш;
- Мактабгача ёшдаги болалар, шунингдек ўз ҳаракатларини назорат қила олмайдиган шахсларнинг газ асбобларидан фойдаланиши;
- Газ ва газ асбобларидан бошқа мақсадларда фойдаланиш;
- Газ асбоблари ўрнатилган хонада ухлаш ва дам олиш.
Суюлтирилган газдан фойдаланишда нималар тақиқланади?
- Бўш ва суюлтирилган газли баллонларини хона ҳамда ертўлаларда сақлаш;
- Газлаштирилган хонага 50/55 литр сиғимли баллондан биттадан ортиқ ёки 27 литрли баллондан иккитадан ортиқ қўйиш;
- Баллонларни қизишдан сақлайдиган тўсиқ ўрнатилган бўлса, баллон билан иситиш асбобининг оралиғи 0,5 метргача қисқартирилиши мумкин, баллон билан тўсиқнинг ораси эса 10 сантиметрдан кам бўлмаслиги керак;
- Баллонлар билан ўт ёқиш эшигининг оралиғи 2 метрдан оз бўлмаслиги лозим;
- Баллонларни алмаштириш ишлари билан боғлиқ бўлмаган шахслар борлигида баллонларни алмаштириш.
Ис газидан заҳарланганда биринчи ёрдам кўрсатиш усуллари
Барча ҳолатдаги оғир заҳарланишларда зудлик билан тез тиббий ёрдам чақириш зарур. Шифокор етиб келгунга қадар қуйидагиларни амалга ошириш керак:
- Жабрланувчини зудлик билан тоза ҳавога олиб чиқиш;
- Жабрланувчининг қўл ва оёқларини кўтарган ҳолатда ётқизиш;
- Нафас олишига халақит берувчи тўсиқларни йўқотиш (тугмаларни ечиш, ёқани очиш, камарни бўшатиш);
- Жабрланувчи ухлаб қолишига йўл қўймаслик (юргизиш тақиқланади);
- Жабрланувчи нафас олмаса, унга сунъий нафас олдириш;
- Нашатир спирти ҳидлатиш;
- Ҳушига келган вақтда йиқилиб, жароҳатланмаслиги учун чора кўриш;
- Кислород ёстиғи ёрдамида нафас олдириш;
- Жабрланувчига ҳолати яхши бўлса, иссиқ чой ёки қаҳва ичириш.
Эксперт: Олий тоифали шифокор Нилуфар Муродова
Манзура БЕКЖОНОВА тайёрлади.