Профессионал бокснинг иккинчи ярим енгил (-55,34 кг) вазн тоифасида Муроджон Аҳмадалиев (8-0, 6 КО) икки йўналишда жаҳон чемпионлик камарини қўлга киритди, дея хабар берди gosport.uz.
Январь ойининг сўнгги кунида бўлиб ўтган жангда Муроджон Аҳмадалиев икки йўналиш чемпионлиги учун америкалик Даниель Романга қарши жанг қилди.
Майамида бўлиб ўтган бокс оқшомида Муроджон Аҳмадалиев чемпион Даниэл Роман (27-3-1, 10 КО) устидан ғалабага эришди. 12 раунд натижаларига кўра, икки ҳакам Муроджон Аҳмадалиевнинг 115-113 ҳисобидаги ғалабасини тақдим этган бўлса, битта ҳакам 115-113 ҳисобида Даниэл Роман ғалабасини эътироф этди.
Шу тариқа Муроджон Аҳмадалиев Ўзбекистон тарихида илк марта бир йўла иккита чемпионлик камарини қўлга киритди.
Маълумот учун: юртдошимиз шу кунгача профессионал боксда 7 та жанг ўтказиб, уларнинг барчасида ғалаба қозонган (6 таси нокаут билан). Даниель Роман эса айни пайтда иккинчи енгил вазн тоифасининг WBA ва IBF йўналишлари чемпиони ҳисобланади. Шу кунгача 30 та жанг ўтказган ва уларнинг 27 тасида ғалаба қозонган (10 та нокаут). 2 маротаба мағлуб бўлган. 1 та жангда эса дурангга эришган.