Ғузор туман Тиббиёт бирлашмасига қарашли шошилинч тез тиббий ёрдам бўлими ва жонлантириш бўлимининг бир гуруҳ тиббиёт ходимлари муассасага коронавирусга чалинган беморни олиб келишгани, у вафот этгандан сўнг ҳам мурдасини ҳеч ким олиб кетмаганини айтиб мурожаат қилди. Уларнинг мурожаатини «Nasafnews» сайти интернетда эълон қилди.
Видеомурожаат йўллаган тиббиёт ходимлари карантинда сақланаётганларга яратилган шароитлар қониқарсиз эканини айтмоқда. Шифокорларнинг сўзларига кўра, айни пайтда 20 нафарга яқин тиббиёт ходимлари вирус ўчоғида қолишган.
– 28 июнь куни 64 ёшли С.Ҳ.ни тез тиббий ёрдам бўлимига оғир аҳволда олиб келишди. Коронавирус аломатлари бор беморни нега юқумли касалликлар шифохонаси эмас, айнан бизнинг бўлимга олиб келишганига ҳайронмиз. Шундан сўнг, бемор вафот этди. Вафот этгандан сўнг ҳам унинг мурдасини ҳеч ким бўлимдан олиб чиқмади. Ҳамма тиббиёт ходимлари ҳаттоки маъмурият ўзини олиб қочди. Мурда 15 соат шифохонанинг ичида турди. Ҳамширалар билан бир аммаллаб ўзимиз беморни олиб чиқдик,- дейди реанематолог шифокор. (шифокор ўз исмини сир қолишини айтди)
– Бизнинг аҳволимиз билан ҳеч кимнинг иши йўқ. Ҳаммани карантин деб тиқиб ташлашди. Энг ёмони қўл ювишга ҳам шароит йўқ. Ҳовуздан сув олишга ҳам қўрқиб қолганмиз. Тиббий ниқоб, қўлқоп, бирламчи дори воситалари етишмайди. Ўзимиз вирус ўчоғида турибмиз. Аммо шароит бўлмаса қандай вирусдан ҳимояланамиз, – дейди шифокорлардан бири.
Шифокорларнинг маълум қилишича, марҳумнинг акаси ва турмуш ўртоғига ҳам коронавирус юққанининг эҳтимоли юқори. Ҳозирда улар бўлимдан вилоят юқумли касалликлар шифохонасига юборилган.
«Биз мазкур ҳолат бўйича ҳамма нарсани яшираётган ва ҳолат бўйича аниқ ахборот бермай турган Қашқадарё вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасидан эмас, Соғлиқни сақлаш вазирлигидан аниқ изоҳ кутамиз, дейилади мурожаатда.