Иситма қачон дўст, қачон душман?

Тана ҳароратининг кўтарилиши – кўпчилик учун ҳолсизлик, касаллик белгиси. Ўлчагичда 37дан юқори рақамларни кўрганда, албатта хавотирга тушамиз. Аслида ана шу ёқимсиз иситма – табиатнинг бизга берган ажойиб инъомидир.

Айнан ҳарорат кўтарилиши ёрдамида танамиз ёт вирус ва бактериялар билан курашаолади. Хўш, тана ҳарорати кўтарилганда қандай йўл тутиш керак?

Иситма вақтидаги ўзгаришлар

Тана ҳарорати ўз-ўзидан кўтарилмайди. Организмга ўғринча кириб олган вирус, бактерия, микроблар сонияларда кўпая бошлайди. Бунга жавобан иммун ҳужайралар жонланиб, ёт душманлар билан кураша бошлайди. Иситма кўтарилганда организм интерферон номли табиий модда ишлаб чиқаради. У айниқса касалликнинг 2-3 кунига келиб кўп миқдорда ишлаб чиқилади. Шунинг учун, шамоллашнинг учинчи кунидан бошлаб, ўзимизни анча енгил сезамиз, иштаҳа очилади, беҳоллик ўрнини фаоллик эгаллайди.

Ҳароратни тушириш тўғрими?

Аввало, тана қизиганини сезган заҳоти уни туширишга уринманг. Албатта, бундай пайтда одам ўзини жуда ёмон сезади – бош оғрийди, мушак ва бўғимлар симиллаб оғрийди, қўли ишга бормайди. Лекин бу ҳолатда озроқ сабр қилишга тўғри келади. Шундагина иммунитет янада кучайиб, касаллик билан самарали курашади.

Иситма чиққанда нима қиламиз?

Бундай пайтда сиздан талаб қилинадиган биргина ҳаракат – барча ишларни тўхтатиб, 3 кун давомида ётиб дам олиш. Бу муҳим! Касаллик пайтида томирлардаги қон микроб, вируслар таъсирида ифлосланади. Ётиш режимига риоя қилсангиз, организм табиий йўллар – терлаш орқали тозаланади. Бундай пайтда кийим ва чойшабларни ҳар 3 соатда алмаштириб туриш керак. Борди-ю ишим кўп дея 1-2 дорини ёппасига ичиб касалликни тик оёқда ўтказмоқчи бўлсангиз, арзимаган шамоллаш сизга турли асоратларни ташлаб кетади. Мисол учун, бўғимларга асорат келади – бод, артрит, бўғимларнинг увишиб оғришини қарши оласиз. Ётган жойингизда китоб ёки телефонда кино, янгиликлар томоша қиляпсизми, асорат кўзга уради.

ҳолатда ягона тўғри қарор – ўраниб ётиш. Хона қанча салқин бўлса шунча яхши. Лекин бу кондиционерни ёқиб муздек хонада ётиш керак, дегани эмас.

Нима қилиш керак?

  • Тана ҳарорати кўтарилганда қонни токсинлардан тозалаш мақсадида кўпроқ суюқлик ичиш керак. Бу оддий қайнатилган сув бўлиши мумкин.
  • Қуритилган мевалардан тайёрланган қанатма ва дамламалар ҳам кор қилади. Айниқса ўрик, майиз, олча, смородина (қорағат) дан тайёрланган чой ёки компотлар яхши ёрдам беради.
  • Ичимликларка лимон бўлаги ёки бир чой қошиқ асал қўшиб ичиш фойдали.

Малинали чой фойда қиладими?

Одатда, шамолаш ва иситмада барча малинали мураббо қўшилган чой ичишга одатланган. Аслида бу мева терлатувчи таъсири сабабли иситма пайтида буйракларни анча зўриқтириб қўяди. Негаки таркибида аспирин моддаси бор. Бундай пайтда малина таъсирида иситма тушади, аммо токсинларнинг айримлари организмда қолиб кетади. Оқибатда касаллик чекингандек бўлади, лекин кейинчалик вирусли касалликларга мойиллик янада ошади.

Дори ёрдамида туширсачи?

Энг ёмони, иситмани дорилар билан туширмоқчи бўлсангиз, организмнинг ўзини-ўзи даволаш хусусиятини кучсизлантириб йўққа чиқазасиз.

Ҳеч ҳарорати кўтарилмаган одамларни ҳаётда учратганмисиз? Бу касалликнинг илк белгиларини сезган заҳоти хилма-хил дориларни ичволиб, “ички шифокор” фаолиятига қаршилик кўрсатган одамлардир. Уларнинг иммунитети борган сайин кучсизланиб бораверади.

Ҳарорат кўтарилиши қачон хавфли?

Тана ҳароратининг 37 даражагача кўтирилиши иммун тизим учун фақат фойдали. Организм касаллик билан курашиб, уни табиий йўл билан енгади. Натижада организмнинг иммун тизими янада кучайиб, кейинчалик турли касаликларга одам чидамли бўлади, шамоллашни енгил ўтказади ёки умуман хасталанмайди. Аммо тана ҳарорати 39 даражадан юқори бўлса, зудлик билан “тез ёрдам” чақириш керак. Негаки, баланд ҳарорат юрак уришини тезлаштиради. Мисол учун, 39-даражали иситмада томир уриши 100-110 гача ошади. Бу кўрсаткич 120-130 га етиши соғлиқ учун хавфли.

Шунингдек, касалликнинг 3 кунида тана ҳароратингиз тушиб, 5-6 кунларида 38 даражадан юқори бўлса, тезроқ шифокор чақириш керак.

Фақат шамоллашда бўладими?

Тана ҳароратнинг кўтарилиши нафақат нафас йўллари инфекциялари, балки овқатдан заҳарланиш, ичак гриппи касаллигида ҳам кузатилади. Айниқса ёш болаларда бундай пайтда тана ҳарорати 38 даражадан юқори бўлади. Бола овқатдан бош тортади, кўнгли беҳузур бўлади, боши оғрийди, айланади. Иситма эндокрин касалликлари – буқоқда ҳам кузатилиши мумкин. Айниқса ҳарорат эрталабдан кўтарилса. Одам жиззаки ва асабий бўлиб қолса, кескин озиб кетса, эндокринологга учрашиш керак.

Борди-ю, ҳарорат 38 даражадан юқори бўлса-ю, одамнинг ҳеч қаери оғримаса, ўпкани рентген қилдириш керак. Бу ҳолат ўпка силидан далолат бериши мумкин.

Баъзан ҳарорат кўтирилиш аёлларда ҳайз олдидан, климакс даврида бўлади. Бу ҳолатда барча шикоятларни шифокор гинекологга йўлланг.

Ўсмир ёшдаги болаларда ҳарорат кўтарилиши гипоталамусдаги ўзгаришлар билан боғлиқ. Бунда болаларда уйқусизлик, чарчаш, қомат бузилиши кабилар ҳам кузатилади.

Бу муҳим!

Ҳароратни туширувчи дориларни фақат шифокор тавсияси билан қабул қилиш керак. Иситма туширувчи дори тез ва зарарсиз таъсир қилиши учун уларни газсиз минерал сув ёки сут билан ичилади.

Уй шароитида нималар ёрдам беради?

Тавсия

Иситма кўтарилганда пешана  соҳасига совуқ сувда намлаб олинган дока ёки сочиқча қўйиш тана ароратини туширади. Баданни илиқ сувда намланган бинт бўлаги ёки докада, спиртли сувда артиш мумкин.

Қачон «Тез ёрдам» чақириш керак?

  • Агар тана ҳароратингиз уч кундан узоқ сақланаётган бўлса;
  • ёшингиз 60 дан ошган бўлса, бошқа ёндош касалликларингиз бўлса;
  • ҳарорат кўтарилиши билан кучли оғриқ, қорин оғриши, кучли қуруқ йўтал кузатилса;
  • Иситма билан талваса тутиши, томир уришининг тезлашуви, қусиш, кўриш қобилиятининг бузилиши, ҳаракат чекланиши, бўйиннинг қаттиқ оғриб қолиши (бу ҳолатда бемор иягини кўкрак соҳасига теккизолмайди) содир бўлса;
  • Агар ёш боланинг тана ҳарорати 38 даражадан кўтарилиб, текширганда томоғи қизарганини сезсангиз, тезроқ шифокорга мурожаат қилиш керак. Ёш болаларда грипп вируслари тезлик билан ўпкага ўтиши ва кичкинтойда зотилжам ривожланиши мумкин. Хавф юқори бўлгани учун даволаниш шифохона шароитида олиб борилади.
  • Агар уч ёшдан кичик бўлган боланинг ҳарорати 38 даражадан юқори бўлиб, қўл-оёқлар тортишиши кузатилса, уйга участка шифокорини чақиринг. Невролог кўригидан ҳам ўтиш тавсия этилади.

Диққат! Агар сиз сайтда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб Ctrl+Enterтугмасини босинг.

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: