Эри қулоқ-бурнини кесиб ташлаган қиз тақдири

«Эрим бурнимни кесиб ташлаганида ҳушимни йўқотдим, кўзимни очганимда ярим тун эди»- дея эслайди Ойша. – Юзим қонга беланган, ҳеч нарсани кўролмасдим»

Эри томонидан аёвсиз калтакланган Афғонистонлик Биби Ойша (Ойша Муҳаммадзаи) ҳақида илк бор 2009 йилда «Daily Beast» нашри хабар берган эди. Ғазабдан кўзи қонга тўлган эри Ойшанинг бурнини кесиб ташлаган. 2010 йилда бурни кесиб ташланган қиз сурати «Time» журнали муқовасида чоп этилди ва энг машҳур сурат бўлди. Дунё ҳамжамияти учун Ойша хўрликда кун кечираётган, оилавий зўравонликка чидаб яшаётган афғон аёллари тимсоли бўлиб қолди.

Хўрлик

2009 йилда Ойша Муҳаммадзаи Урузғон вилоятининг Таринкот шаҳарчасидаги Америка ҳарбийлари госпиталига келтирилди. Нашрда ёзилишича, уни отаси госпиталга олиб келган. Отанинг айтишича, қизи узоқ йиллар давомида эрининг калтаклари остида яшаган ва охири бу хўрликларга чидай олмай уйдан қочган. Қандаҳорда бир муддат қамоқда ўтирганидан сўнг уни эриникига олиб бориб қўйишади. Қутуриб кетган эр эса Ойшанинг қулоғи ва буринини кесиб ташлайди, ёлғиз ўзи қийноқда жон берсин дея тоғу тошларга ташлаб кетади.

Ўшанда Ойша 17- 18 ёшда бўлган: у қачон туғилганини аниқ билмайди. Ойшанинг ҳуши ўзида бўлсада, аммо шок ҳолатида эди. Узоқ йиллар давомида Ироқда ишлаган доктор Жефф Льюиснинг айтишича, бу каби ваҳшийликни ҳеч қачон кўрмаган.

Шифокорлар Ойшанинг жароҳатларини боғлаб, уни ўзига келтиришди. Бироз ўзига келган қиз онаси икки йил олдин вафот этгани, ўн икки ёшида уни толибон ҳаракат аъзосига турмушга беришганини, аслида эса уни қул каби сотиб юборишганини сўзлаб берди. Ойшанинг тоғаси бўлажак куёвнинг қариндошини ўлдириб қўйгани сабабли қизни унинг қариндошига шунчаки бериб юборишади. Никоҳдан сўнг Ойшани омборхонада ухлашга мажбур қилишар, эри тинмай калтакларди. «Баад» удумига сабаб келин бўлган қизлар тақдири одатда жуда аянчли кечади.

Азобларга чидай олмаган Ойша эриникидан қочиб кетди. Уни тутиб олиб, қамашди. Отаси қизини қамоқдан чиқариб олди, уни яна эриникига олиб бориб қўйди. Куёв бўлмиш энди Ойшага яхши муносабатда бўлишга ваъда берди. Аммо кўп ўтмай у Ойшани қочиб кетгани учун жазолади. «Эрим бурнимни кесиб ташлаганида ҳушимни йўқотдим, кўзимни очганимда ярим тун эди»- дея эслайди Ойша. – Юзим қонга беланган, ҳеч нарсани кўролмасдим». Аёвсиз даражада хўрланган Ойша мўъжиза сабаб яна қочди, отаси уни Америка ҳарбий госпиталига олиб борди.

Бу воқеадан сўнг ОАВ Ойшанинг эри толибонлар ҳаракатига мансубми ёки йўқлигини аниқлашга ҳаракат қилишди. Ойша тўрт марта эриникидан қочганини ҳам айнан журналистлар аниқлашди. Ойшанинг қайнотаси Сулаймон ўғли билан бирга зулм ўтказганликда айбланиб қамоққа олинди, кейинчалик қўйиб юборилди. Сулаймоннинг сўзларига қараганда, Ойшанинг отаси қизи оиласини иснодга қўйгани учун калтаклаш кераклигини айтган экан. Нима бўлган тақдирда ҳам қиз ўн олти ёшга тўлмай уни эрга беришди, шафқатсизларча калтаклаб, юзини таниб бўлмас даражага келтиришди.

Соғайиш

Ойша реабилитация марказида узоқ даволанди. Аста-секин инглиз тилини тушуна бошлади, ҳарбийлар базасидаги ходимларга кундалик юмушларида ёрдам берарди. Отаси Ойшани кўриш учун ҳар куни келар, шифокорлардан қизини уйга олиб кетиш учун рухсат сўрарди, аммо шифокорлар Ойша тўлиқ соғайиши учун мутахассислар назоратида бўлиши кераклигини айтишди.

2009 йилда Ойша Қобулдаги оилавий зўравонлик ва шафқатсизларча муносабатларга учраганлар қурбонлари қўним топган қароргоҳга юборилади. Бу ерда у ўн ой яшади, дастлабки таълимни ўрганади. Сўнг Гроссман Бёрн фонди Ойшанинг бурни ва қулоғини тиклаш учун кетадиган операциялар учун харажатларни ўз зиммасига олди, Ойша 2010 йилда АҚШга учиб кетди.

Калифорнияга келгач, Ойшага вақтинчалик протез бурун қўйилди. Табиийки, ҳайвонларча шафқатсизликка учраган қиз тақдири журналистларни қизиқтириб қўйди, Ойша омма эътиборига тушди. У бир қатор юксак даражадаги маросимларда иштирок этди, АҚШнинг ўша пайтдаги биринчи хоними Лора Буш билан учрашди ва Калифорния хоними Мария Шрайвер қўлидан «Жасоратли юрак» мукофотини олди. Аммо бахтли якун учун ҳали анча бор эди. Узоқ йиллар давом этган хўрликлар, қийноқлар оқибатида Ойшанинг асаблари чарчаган эди: у кутилмаганда ҳушидан кетиб қолар, атрофдагиларга қўпол муомалада бўлар, юзини тимдалаб, сочларини юларди. Ойшани қабул қилган оилалар ундан воз кечишига тўғри келди, охир-оқибат уни яна шифохонага юборишди. Шифокорлар Ойша ҳали пластик операцияларга тайёр эмас деган хулосага келишди.

2010 йилда қизни васийликка олган WfAW ташкилоти ёрдамида сураткаш Жоди Бибер Ойшанинг машҳур суратини олди. Фотопортрет “World Press Photo Award” танлови ғолиби бўлди ва “Time” журналида «Афғонистонни тарк этсак, нима бўлади?» деган шов-шувли сарлавҳа остида чоп этилди. Сураткаш Ойшанинг машҳур сурати билан афғон қизлари турмушга чиқса уларни нима кутаётганига ишора қилаётгандек эди гўё.

Мақола қизғин баҳс-мунозараларга сабаб бўлди. WfAW ташкилоти толибонлар назорати остида бўлган ҳудудларда афғон аёлларининг ҳуқуқлари қўпол тарзда бузилаётганига эътибор қаратиш учун Ойшанинг тақдиридан фойдаланганини тан олди. Аммо шундан кейин ташкилот журналистларнинг Ойша билан мулоқотига мораторий эълон қилди, буни ўта кетган машҳурлик қизнинг руҳиятига салбий таъсир этиши мумкинлиги, Ойша бегона юрт ҳаётига мослашиши кераклиги билан изоҳлади.

Ойша Куинсдаги ташкилотга тегишли бошпанага жойлаштирилди. Ойшага инглиз тили, дари, математикадан дарс берган Жессика Уитнининг хотирлашича, қиз билан шуғулланиш оғир кечди. Машҳур бўлиб кетганини тушунган қиз фонд ундан даромадларини яширяпти деб ўйлади, унинг фикрича, барча «юлдузлар» эртакдагидек бой яшаши керак эди. Ваҳоланки, фонд томонидан қиз учун йиғилган маблағ унинг яшаши, овқатланиши учун базўр етарди. Ойша ўзининг шарафига уюштирилган зиёфатларда меҳмонларни қувиб солар, хизматчиларга бақирар, янги ҳаётга мослашиши қийин эди. Аммо орадан бир неча ой ўтгач барча ходимлар Ойшанинг қанчалар завқу шавққа тўла қиз эканини англашди. Ойша барча хизматчилардан қилган ишлари учун узр сўради.

2011 йилда Ойшанинг руҳиятида яна ўзгариш содир бўлди, уни яна шифохонага ётқизишга тўғри келди. Нью Йоркда форсийда сўзлашувчи психотерапевт топиш қийин бўлди. Ойшага шахсиятнинг бузилиши ва жароҳатдан кейинги руҳий бузилиш ташхиси қўйилди. Шифокорнинг айтишича,Ойша ўта зеҳнли, болалиги ва ўсмирлиги қанчалар оғир ўтганлигини айтиб, атрофдагиларни таъсирига тушириб олишни билади. У тез-тез жазавага тушиб, атрофидаги одамлар билан келишолмай қоларди.

Кейинчалик Ойша ташкилот ходими Ялдо Атиф билан дўстлашиб қолди, у Қобулда вояга етганди. Ялдо Ойшага Қандаҳор қамоқхонасида ўрганган ҳунари – тақинчоқ ясаш билан шуғулланишни таклиф этди. Улар телефон орқали суҳбатлашар, биргаликда музейлар ва кечаларга ташриф буюришарди. Ойша амакисининг қизидан ҳам хавотирда эди ва у бир кунма сбир кун у ҳам Нью Йоркка келишига умид боғларди. Қолаверса, узоқ йиллик қамоқдан сўнг қайнотаси келиб қасд олишидан қўрқарди.

Ойша тақинчоқлар ясаб сотди, аммо моддий қийинчиликлар ҳамон бор эди, қизга сиёсий бошпана бериш ҳамон ортга сурилаётганди. 2011 йили ҳамхонаси билан жанжаллашиб қолган Ойша икки кун хонадан чиқмай қамалиб олди. Икки кундан сўнг унга «Ал қоида» раҳбари Усома бин Ладеннинг ҳалок бўлгани ҳақидаги хабарни етказишди. «Энди келажагим борлигига ишонсам бўлади» – деди Ойша бу хабарни эшитиб.

Оила

Кутилмаганда Ойша ҳеч кимга ҳеч нарса демай Виржиния штатига жўнаб кетди. Кейинчалик маълум бўлишича, у афғон аёллари фонди раҳбари Фотима Воргеттс билан учрашгани маълум бўлди. Бу ерда у Арсал оиласи, уларнинг қариндошлари билан учрашди, улар Ойшани илиқ кутиб олишди. Ойша бу оилада қолишга қарор қилди.

Ойшанинг тақдирида муҳим роль ўйнаган фонд ходимлари Ойшанинг бу ишидан ҳайратга тушишди. Ойшага навбатдаги пластик операция ўтказиш мўлжалланган, тез кунларда шоу дастурда иштирок этиши режалаштирилганди. Ойшанинг ҳаётини кузатиб юрган журналист Жессика Равиц бир йилдан сўнг Арсаллар хонадонига ташриф буюрди. Ойша янги оиласидан мамнун эди, ўзини бахтли ҳис қиларди. Аста-секин у дориларсиз яшай бошлади, компьютердан фойдаланишни ўрганди, тақинчоқ ясашни давом эттирди, инглиз тилини ўрганишда давом этди. «Бу ерда ҳаёт қадрини англадим» – деганди у интервьюсида.

Ойшанинг янги юзи

Ойшанинг янги ота-онаси – Мати ва Жамила қизга меҳр бериб, у ҳақда қайғуришарди. Ойшанинг аҳволи муътадиллашгач, улар пластик жарроҳлар билан янги операция ўтказиш ҳақида келишишди. Ойшанинг юзи ўн икки марта операция қилинди. Бу жараёнлар фото ва видеолавҳаларда муҳрланди. Юзига тери кўчириш учун Ойшанинг чап қўлидаги терисидан фойдаланилди. Аста-секин Ойшанинг юзи аввалги ҳолатига қайтди.

Бора-бора жазава ва даҳшатли тушлар Ойшани тарк эта бошлади. У ёлғиз эмаслигини, ўзи каби ваҳшийлик қурбони бўлганлардан кўра бахтли эканини англади. Ойша полицияга ишга киришни, зўравонликка дуч келган аёлларни ҳимоя қилишни истайди. «Мен билан содир бўлган воқеалар ҳаётимнинг бир қисми. Бир умр хотирамда қолади, – дейди Ойша. – Аммо энди мен яшаш ва севиш кераклигини биламан».

Дилфуза Зарипова

Диққат! Агар сиз сайтда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб Ctrl+Enterтугмасини босинг.

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: