2021 йил 8 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Кино санъати ва саноатини янги босқичга олиб чиқиш, соҳани давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги фармони ҳамда Кинематография соҳасида давлат бошқаруви тизимини такомиллаштириш ҳамда соҳа вакилларининг ижодий фаолияти учун муносиб шароит яратиш тўғрисида”ги қарори эълон қилинди. Мазкур ҳужжатлар ўзбек кинематографиясини ривожлантиришда яна бир муҳим қадам бўлди.
Фармонга асосан, кино санъатини жамиятнинг маънавий, маданий-маърифий ҳаётидаги ролини ошириш, кино саноатини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини бозор тамойиллари асосида такомиллаштириш, хорижий кинокомпанияларни мамлакатга жалб қилиш ва ҳамкорликда фильмлар ишлаб чиқаришни ривожлантириш, замонавий ва юқори технологик моддий-техник базага эга инфратузилмани яратиш, кинематография соҳасида кадрлар тайёрлаш, миллий сериаллар ишлаб чиқаришни давлат томонидан рағбатлантириш сингари масалалар миллий кинематографияни ривожлантиришнинг устувор йўналишлари этиб белгиланди.
Президент фармонига кўра, жорий йилдан бошлаб, “Ипак йўли дурдонаси” Тошкент халқаро кинофестивали мунтазам ўтказиб бориладиган бўлди. Кино санъати ва саноати вакилларининг муаллифлик ҳуқуқларини жамоавий асосда бошқарадиган Ўзбекистон кино саноати вакиллари уюшмасини очиш, кинематография йўналишида таълим олаётган талабалар учун Худойберган Девонов номидаги давлат стипендиясини таъсис этиш, “Олтин Хумо” миллий кино мукофоти тақдимотини ҳар йили ўтказиб бориш, “Кинематография фидокори” кўкрак нишонини таъсис этиш, Миллий кинематографияни ривожлантириш марказини очиш сингари вазифалар ҳам белгиланган.
Киноижодкорлар ва киностудиялар учун бир қатор солиқ ва божхона имтиёзларининг жорий қилиниши, кино прокатидан тушган маблағнинг тўртдан бир қисми фильмни суратга олган киностудия ва киноижокорларни рағбатлантиришга йўналтирилиши, ҳар йили давлат бюджетида миллий сериаллар учун 12 миллиард сўм миқдорида субсидия ажратилиши ҳам миллий кинематографияни ривожлантиришда, янги қадам бўлди.
“Ўзбеккино” миллий агентлиги номи бундан буён Ўзбекистон кинематография агентлиги деб қайта номланди.
Мазкур фармон асосида қабул қилинган Президент қарорида ҳам кинематаография соҳасида давлат бошқарувини такомиллаштириш юзасидан бир қатор янги тартиблар жорий қилинди.
Хусусан, Ўзбекистон Кинематография академияси, “Республика кинофонди” ДУК негизида бюджет маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган “Ўзбекистон миллий кинофонди” давлат муассасаси, “Ўзбекфильм” ДУК негизида хусусий кинокомпанияларга фильм, мультфильм ва сериаллар яратиш бўйича хизмат кўрсатувчи “Ўзбекфильм” киноконцерни” давлат унитар корхонасини ташкил қилиш белгиланди. 2021-2022 йилларда миллий кинематография соҳасини ривожлантириш “йўл харитаси” тасдиқланди.
Молиялаштириш манбаидан қатъи назар, маҳаллий кинокомпаниялар томонидан ишлаб чиқарилган фильмлар ва уларнинг бошланғич материаллари, шунингдек, республикада амалга оширилаётган йирик лойиҳалар бўйича тайёрланган видео ва фото материаллар сақлаш учун бир нусхада Ўзбекистон миллий кинофондига топшириш белгилаб қўйилди.
Мазкур икки муҳим ҳужжат ўзбек миллий киносининг шуҳратини тиклаш ва янада юксалтириш, миллий кинобозорни шакллантириш ва киномаҳсулотларимизни халқаро бозорга олиб чиқиш, тизимдаги муаммоларни бартараф этиш, миллий руҳда ва замон талаблари даражасида киномамаҳсулотлар яратиш ва ўзбек киноси дурдоналарини келгуси авлодларга бекаму кўст етказишда катта ўрин тутади.