Туркия Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Олган Бекар ўзбек халқини Ийд Рамазон ҳайити билан табриклади.
«Ўзбекистондаги қадрли биродарларим, Барокат ва мағфират ойи бўлган муборак Рамазон-и шарифнинг руҳимизни ва вужудимизни покловчи маънавий кучидан тўлиқ баҳраманд бўлган ҳолда, яна бир Рамазон байрамига етишиш бахтига муяссар бўлиб турибмиз.
Муштарак тамаддунимиз сув ичган илму ирфон уммони бўлган қадим Мовароуннаҳр диёрида Туркия Республикасининг элчиси сифатида сиз азиз биродарларим билан ўтказган бу илк Рамазон байрамим мен учун алоҳида аҳамиятга эга.
Бутун дунёни ўз забтига олган COVID-19 пандемияси сабабли кейинги икки йил давомида Рамазон ойини ва байрамларимизни аввалгидек катта тантана билан нишонламаётган бўлсак-да, бу байрам ҳамиша бўлганидек хонадонларимизга бахт, бирлик-ҳамжиҳатлик туйғуси берган қувонч ва барака олиб кирмоқда; қалбларда бутун қийинчиликларни унуттирадиган бир илиқлик, юзларда байрам шукуҳи ва табассумини акс эттирмоқда.
Биз Отаюртимиз бўлган шу қадим замин Ўзбекистонда хотиржамлик ва бахт туйғулари ичра байрамимизни нишонлаётган бир пайтда, дунёнинг турли бурчакларида жумладан, Фаластинда маъсум болалар ва бегуноҳ тинч аҳоли зўравонлик қурбони бўлмоқда. Куни кеча Фаластинда юз берган фожеа байрамни кўнглимизда оғриқ билан ўтказишимизга сабаб бўлмоқда. Рамазон байрамининг инсонларни бирлаштирувчи ва покловчи кучи бутун Ислом оламининг ва инсониятнинг бошига тушаётган зулмларга ва талофатларга барҳам беришини тилаб қоламан.
Шунингдек, дунё башариятининг яқин келажакда COVID-19 пандемиясига қарши биргаликда зафар қозониб, бундан кейинги байрамларнинг барчамизга соғлик-саломатлıк, бахт-саодат ва тинчлик-хотиржамлик бахш этишини тилайман.
Мана шу файзли май кунларида заминидан барака уфуриб турган Отаюртимиз Ўзбекистондаги бутун қардошларимга байрамни шукуҳ билан ўтказишларини тилаган ҳолда, барчангизни Рамазон байрами билан табриклайман.
Ийд-и Рамазон муборак бўлсин !..», — дейди Олган Бекар ўз табригида.