Туркиянинг шарқида қиймати 1,2 миллиард долларга баҳоланаётган йирик олтин кони аниқланди, деб баёнот берди мамлакат саноат ва технологиялар вазири Мустафа Варанк.
«Биз Мўллақора қишлоғи атрофида жойлашган Koza Altin компанияси шахтасида қиймати 1,2 миллиард долларга тенг олтин захирасини топдик. У ерда 20 тоннагача олтин бор. Шунингдек, мазкур кондан қиймати 2,8 миллион долларлик 3,5 тонна кумуш ҳам олиш мумкин», — деди вазир шахтанинг очилиш маросимида сўзга чиқиб. Мазкур қишлоқ Туркиянинг шарқида Агра вилоятида жойлашган.
Варанкнинг таъкидлашича, сўнгги 10 йилда мамлакатда олтин қазиб олишга жалб қилинган инвестиция даражаси 25 фоизга ошган. 2020 йилда мамлакат бўйича 18 та кондан жами 42 тонна олтин қазиб олинган.
Вазирнинг айтишича, бу йил Туркияда олтин қазиб олиш ҳажми 45 тоннага етказилади. Яқин беш йилда эса ушбу кўрсаткични 100 тоннага ошириш мақсад қилинган.