Барчанинг ҳаётида стрессли воқеалар учрайди. Кетма-кет келган оғир ҳаёт зарбалари барчани бирдек тушкунликга етаклаб кетмайди. Аммо айрим инсонлар бу ҳолатлардан чиқиб кетолмай депрессияга кирадилар. Булар кимлар? Булар ожиз инсонлар, руҳияти ҳаёт зарбаларини кўтаришга кучсизлик қилган одамлар депрессияга тушадилар. Бунда уларнинг мияси стресс ҳолатидан ўзини ҳимоя қилиш организмда қўрқув, касаллик кабилардан ҳимоя қилиш механизмларини ишга туширади.
Яъни депрессия сизнинг ривожланишингизни талаб қилаётган бир ҳолат. Чарчаган, очқаган одам овқатланади, уйқусиз юрган одам, албатта, ухлаб дам олади. Депрессия ҳам стрессдан чарчаган организмнинг бироз ухлаб дам олишидир. Аммо, бу дам олиш узоқ чўзилиб кетса, мияда ўзгаришлар пайдо бўла бошлайди. Мия ўзгаришлари орқага қайтувчи жараён бўлиб, депрессиядан чиқиш учун инсон ўзи онгли равишда ҳаракат қилса мия янгилана олади.
Депрессия – меҳнат қобилиятининг йўқолиши
Саратон, қандли диабет, ошқозон-ичак яраси касали бор инсонлар ҳам ишлаш қобилиятини сақлаб қолишлари мумкин. Аммо, депрессияга тушган одамларда ҳаётга қизиқиш, ишлаш ва завқ олишга эҳтиёж ҳам йўқолиб боради.
Умуман олганда, бизнинг асримиз депрессия асри деб аталади. Инсонларда интилмаслик, ғамли кайфият билан яшаш кўпайиб бормоқда. Ҳозирда депрессиядан чиқиш учун “антидепрессант” дориларни қабул қилувчилар, уларсиз яшай олмайдиганлар ҳам кўпаймоқда. Лекин антидепрессант дорилар сизга ирода, завқ, мақсад, қизиқиш, умид каби қалб сирларини туҳфа эта олмайди.
Нима қилмоқ керак?
Депрессияни енгиш учун мия депрессив фикрлаш режимидан бахтли фикрлаш режимига ўтиб олиш керак.
Икки ҳил психологияли инсонлар бўлади: бировлари “мен касалман” дейишса, бировлари “мен соғломман бироз чарчоқ келибди, ўтиб кетади” деб муносабат билдиришади. Сиз ўзингизни хўрланган, азобланган, қийналган, эзилган ҳолда тасаввур қилишдан тўхтанг. “Мен омадсизман, менинг кучим етмайди, кучлилар мени эзиб қўйишади” деган қўрқувчи ва ўзингизни қўрқитувчи фикрларни улоқтиринг. Сиз ўзингизни хурмат қилишингиз лозим. Бор имкониятларингизга ишонч билдиришингиз лозим.
Ёшармоқчимисиз, соғлом бўлмоқчимисиз, депрессияни енгмоқчимисиз? Унда бугундан бошлаб ҳаракат қилинг. Зудлик билан уй юмушларини бажаришга киришинг. Миянгизни ўйлашга мажбур қиладиган омилларни топинг. Шахмат ўйнаш, короссвордлар, бошқотирмалар ечиш ҳам фойдали. Ўз-ўзингизга хизмат қилинг. Кутманг, сўраманг, қилиб беринглар деманг! Кечгача овқат емасангиз, ҳеч ким қилиб бермаса сизда овқат тайёрлашга куч келади. Умуман олганда тушкунлик сизни қўйиб юбормасликка ҳаракат қилади. Сиз эса унинг исканжасидан қочинг. Бировларга аччиқ қилмасдан, ётиб олиб тарки дунё қилмасдан, кўнгилни кенг қўйиб, ўзингизни ўзингиз даволанг. Бунинг учун спортга қайтинг. Масалан, ҳар куни бир неча километр пиёда юришингиз керак.
Орзуга берилиш ва режалар тузиш ҳам одамни депрессиядан ҳалос қилади. Келинг, икки бет қоғоз олинг. Биттасига амалга оширса бўладиган орзуларингизни, иккинчисига сизни қийнаётган муаммоларни ёзинг. Кейин ечишнинг иложи йўқ муаммоларни қоғоз билан бирга йиртиб ташланг. Ечишга кучингиз етадиган муаммоларни бугундан бошлаб ечиш режасини тузинг.
Ҳаётингизда кучли инсонлар билан кўпроқ суҳбатлашинг. Улар ҳақиқий психологлардир. Ёки холисона сизни тинглай оладиган психолог қабулига мурожат қилинг. Умуман олганда “депрессия” клиник ҳолатдир, яни уни шифокорлар хусусан психотерапевт ечади.
Агар йиғлагингиз келса, ғамгин мусиқани жонингизга теккунича эштиб, тўйиб йиғланг ва эртадан бошлаб қувноқ куйларни тингланг. Тўйиб ухланг, овқат истеъмолига ружу қўйманг. Кун давомида оч қолиш ҳам фойдали. Яна бир фойдали тавсия гавжум бозорларга тез-тез боринг ва ташвишларингизни унутинг. Ҳатто ҳеч нарса олмасангиз ҳам дўконларга бораверинг. Бу гавжум бозордаги яхши кўрган яқинларингизга совғалар олинг.
Ёмон кўрганларингизни эса кечириб юборинг. Умумий тарзда “оптомчасига” кечиринг. Кейин ўзингизга янги кийим сотиб олинг, бу ёрқин рангли уйқу пижамаси ёки тунги кўйлак бўлса янада яхши. Шуни кийиб ухланг ва қалбингиз ҳам шу оппоқ либос каби ёришсин. Гина-кудурат одамни эзади, орзулар ва қувноқ суҳбатдошлар ҳаётингизни оптимистик кайфият билан тўлдиради. Депрессия сиздан узоқлашгунча мана шу тавсиялар қулоғингизда бўлсин. Ҳаёт бир марта берилади, уни ёмон ҳиссиётларга беҳуда сарфлашдан йироқ бўлинг.
Шаҳризода тайёрлади.