Коронавирус билан юзлашганимизга икки йилдан ошди. Шу вақт ичида шифокорларимиз касалликка қарши курашиш, беморларни даволаш бўйича катта тажриба тўплади. Қолаверса, сўнгги пайтларда хасталик аксарият беморларда енгил даражада кечмоқда. Бироқ шунга қарамай, юртдошларимиз орасида ҳали ҳам ортиқча саросимага берилаётганлар йўқ эмас.
Айниқса, бундай ҳолат ҳомиладор аёллар орасида кўп кузатиляпти. Хусусан, аҳволи қониқарли бўлса-да, уларнинг аксарияти шифохонада даволанишни хоҳламоқда. Бу эса шундоқ ҳам тиғиз шароитда фаолият юритаётган тиббиёт ходимлари ишини янада қийинлаштирмоқда.
ССВ Матбуот хизмати ушбу мавзу юзасидан пойтахтимиздаги 3-сон туғруқ комплекси акушер-гинекологи Динара Матниёзова билан суҳбатлашди.
— Муассасамизда коронавирусга чалинган ҳомиладор аёллар даволанади, — дейди шифокор. — Афсуски, сўнгги кунларда улар орасида касаллик юқтирганлар сони ортиб бормоқда. Бироқ шуниси қувонарлики, аксарият беморларда хасталик сиптомларсиз ва енгил кечмоқда.
Бироқ, бугун касалликка чалинган кўпчилик ҳомиладор аёллар саросимага тушиб, дарров шифохоналарга мурожаат қилмоқда. Ҳар қанча тушунтирмайлик, туғруқхонада ётиб даволанишни исташяпти.
Ваҳоланки, авваллари муассасамизда бу касалликни юқтирган ҳомиладорларнинг 10-15 фоизигина енгил симптомлар билан даволанган бўлса, ҳозирда ётиб муолажа олаётганларнинг 85-90 фоизида шу ҳолат кузатилмоқда.
Бу эса ўз-ўзидан оғир аҳволдаги беморларга ўз вақтида стационар тиббий ёрдам кўрсатиш имконини чеклаши ҳам мумкин.
Қолаверса, баъзида туғруқхонага коронавирус ташхиси билан госпитализация қилинган ҳомиладор аёлларнинг яқинларидан “Нега бемор фақат таблетка қабул қилиб ётибди?», «Нега томчи дори, антибиотик ёки гормон қилмаяпсизлар?” деган эътирозларни эшитмоқдамиз.
Уларга жавобан шуни айтмоқчиманки, аввало, яқинингизнинг шифохонада ётиб даволанишга эҳтиёжи йўқ. Иккинчидан, тиббий кўрсатма бўлмаса, томчи укол, антибиотик ёки гормон юбориш мутлақо мумкин эмас. Қолаверса, амалдаги миллий протоколга кўра, коронавирусга чалинган енгил, ўрта оғир, оғир ва ўта оғир даражадаги беморларни даволаш бўйича алоҳида кўрсатмалар мавжуд.
— Аслида коронавирусга чалинган ҳомиладор аёллар қандай ҳолатларда шифохонада ётиб даволаниши керак?
— Биринчи навбатда нафас олишга қийналаётганлар шифохонада ётиб даволанади. Шунингдек, балғам қийин ажратувчи йўтал, кўкрак қафасда оғриқ кузатилса, сатурация 95 фоиздан пасайса ва тана ҳарорати 38,5 даражадан юқори бўлганда ҳам ҳомиладор аёл стационар шароитда муолажа олса мақсадга мувофиқ бўлади.
Шу сабабли амалиётчи шифокор сифатида халқимизга, хусусан, ҳомиладор аёлларимизга, уларнинг яқинларига илтимос қилиб айтмоқчиманки, ортиқча ваҳимага берилманг.
Сабаби мамлакатимизда коронавирусга чалинган барча беморларнинг даволаниши учун шароит ва дори-дармонлар захираси яратилган.
Шундай экан Сиз ҳам касалликни енгишда биз тиббиёт ходимларига ёрдам беришингизни, шифокорларнинг тавсияларига амал қилишингизни сўраб қоламан.