Шавкат Мирзиёев Қашқадарёда Абдулла Орипов номи билан боғлиқ танлов уюштириш кераклигини айтди. Бу ҳақда Шавкат Мирзиёев Қарши шаҳрида бўлиб ўтаётган халқ депутатлари вилоят кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида таъкидлади, деб хабар бермоқда «Дарё» мухбири.
«Шу билан бирга, алоҳида топшириғим ҳам бор. Киночиларимиз Абдулла Орипов ҳаёти ва ижодига оид алоҳида бир фильм ишласин. Абдулла Орипов ҳақида кино ишласак арзийди, албатта! Мен у инсонни яхши танирдим, кўп ҳамсуҳбат бўлганман. Битта шеър ёзиш учун ўнта китоб ўқирдилар», — дейди президент.
Давлат раҳбари Абдулла Ориповнинг «Колумбда бор аламим маним, Ўзбекистон — Ватаним маним!» деган сатрини эслаб ўтди.
«Фильм самимий бўлсин. Абдулла аканинг Тошкентга боргани, қийинчиликлар кўргани, шунга қарамай, ижодидан чекинмагани кўрсатиб берилиши керак», — деди президент.
Шавкат Мирзиёев мутасаддиларга бир йилгача муддатда шу фильмни ишлаб, тақдим қилиш зарурлигини айтди.